Британия: Ғалаёнлар ортида нима турибди? - янгиликлар (видео)
Биринчи сабаблардан бири - бу дезинформация.
Ҳали 18 ёшга тўлмагани сабаб полиция Соутпорт шаҳрида пичоқ билан болаларга ҳужум қилган ўсмирнинг шахсини ошкор эта олмаган.
Бу эса ҳужумчи қайиқда Британияга келган мусулмон бошпана сўровчи экан, деган миш-мишлар тарқалишига сабаб бўлган.
Бундай мавҳумликдан ижтимоий тармоқдаги ўта-ўнгчи инфлюнсерлар усталик билан фойдаланган.
Улардан бири "Инглиз мудофаа лигаси" номли ультраўнгчи гуруҳ асосчиси Стивен Якслей-Леннон. У Томми Робинсон лақаби билан ҳам машҳур.
BBC Verify'нинг аниқлик киритишича, Робинсон каби ультраўнгчи миллатчилар тарқатган ёлғон даъволар ижтимоий тармоқ орқали катта аудитория кайфиятига таъсир қилган - шу жумладан ўта-ўнгчи гуруҳларга алоқаси бўлмаган оддий одамларга ҳам.
Навбатдаги сабаб - бу ўсиб келаётган ирқчилик ва аксил-миграция кайфияти.
Буюк Британияда июль ойида ўтган умумий сайлов мамлакатга кичик қайиқларда кириб келаётган ноқонуний мигрантлар масаласи каби мавзуларни яна кун тартибига чиқарган.
Оқибатда, Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиб кетиши ҳаракатидаги етакчи шахслардан бири бўлмиш Найжел Фараж каби сиёсатчилар яна саҳнага қайта бошлаган.
Фараж "муҳим бўлмаган" миграцияни чеклашни тарғиб этиб келади.
"Аҳолимизнинг катта қисми назоратдан чиқиб кетган иммиграция натижасида жамиятимизга дарз кетаётганини кўриб турибди", деган Фараж ғалаёнларга муносабат билдирган ҳолда.
Рақамлар, ҳақиқатан, Британия аҳолисининг катта қисми ҳозирги иммиграция даражасидан ташвишда эканини кўрсатади.
Шу йил февралида ўтказилган сўровнома иштирокчиларининг 52 фоизи иммиграция даражаси жуда юқори, деб ҳисоблашини билдирган.
Икки йил аввал бу рақам 42 фоизни ташкил этган эди.
Шундай бўлсада, февралдаги сўровномада қатнашган кўплаб британияликлар иммиграциянинг ижобий таъсирини ҳам эътироф этган.
Аммо бундай қарашдагилар сони 2022 йилдан буён қисқаргани ҳам кузатилган.
Ўта-ўнг кайфиятдаги экстремист гуруҳларнинг аксарияти ғалаёнлар чоғида мигрантларни оммавий депортация қилишга чақирган.
Улар масжидлар, бошпана учун аризаси натижаларини кутиб турган инсонлар жойлашган меҳмонхоналарга ҳужумлар уюштирган.
Шунингдек, Сандерланд, Блекпул, Ҳалл каби шаҳарларда дўконларни талаш, айримларига ўт қўйиб юбориш ҳолатлари қайд этилган.
Иқтисодий-ижтимоий қийинчиликлар аҳолининг заиф қатламларини жунбишга келтирган омиллардан бири.
Британиядаги ғалаёнлар ҳукумат йиллардан буён харажатлар, айниқса, ижтимоий ҳимоя маблағларини қисқартириб келаётган бир даврга тўғри келмоқда.
Ҳукумат 2010 йилдан 2019 йилга қадар давр мобайнида нафақалар, уй-жой учун субсидиялар ва ижтимоий хизматларга ажратилган маблағни $38 миллиарддан кўпроққа қисқартирган.
Бунинг ортидан экспертлар ижтимоий-молиявий қийинчилик ёшларнинг ультраўнгчи ғоялар билан радикаллашувига олиб келиши эҳтимолидан бир неча бор огоҳлантириб чиққан.
Коронавирус пандемияси оқибатлари ижтимоий-иқтисодий тарангликка ҳисса қўшган сўнгги омиллардан бўлган.
Қозоғистон огоҳлантириш билан чиқди
Қозоғистоннинг Лондондаги элчихонаси ўз фуқароларини мигрантлар ва мусулмонларга қарши зўравонликлар кечаётган ҳудудларга имкон қадар бормасликка чақирган.
Бу, ҳозирча, Марказий Осиёдан келган илк огоҳлантириш бўлиб қолмоқда.
Элчихона ўзининг Инстаграм саҳифасида эълон қилган огоҳлантиришда боришдан тийилиш маслаҳат берилган аҳоли манзиллари номларини ҳам санаб ўтган: Ротерҳем, Болтон, Блекпул, Ҳалл, Бристол, Сток-он-Трент, Белфаст, шунингдек, Манчестер ва Ливерпул атрофидаги манзиллар.
"Айни вақтда тилга олинган ҳудудларда бўлиб турган Қозоғистон фуқароларидан кучайтирилган хавфсизлик чораларига амал қилиш, одамлар кўп йиғиладиган жойларга боришдан тийилиш, янгиликларни кузатиб бориш ҳамда элчихона билан алоқада бўлиб туришни сўраймиз", дейилади расмий мурожаатда.
Элчихона Британиядаги Қозоғистон фуқаролари учун қўшимча ва фавқулодда маълумот берувчи тезкор алоқа линиялари ишга туширилганини ҳам билдирган.
Буюк Британиядаги мавсумий ишчиларнинг асосий манбалари қаторига кирувчи Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз фуқароларига шундай огоҳлантириш билан чиққани, ҳозирча, кўзга ташланмаган.Шунга қарамай, ўзбек матбуоти дохил қозоқ ва қирғиз мустақил нашрлари ҳам Британияда бўлаётган воқеаларни мунтазам ёритиб бораётгани кўринган.
Британия 2022 йилда бу икки давлатдан келган 6000 нафардан зиёд мавсумий ишчига виза берган.
Ўшанда, Ўзбекистон меҳнат муҳожирлари сони бўйича Украинадан кейин иккинчи ўринни эгаллаган эди. Қирғизистон эса тўртинчи.
Меҳнат муҳожирлиги йўналишларини диверсификация қилишни кучайтирар экан, Британия ўзбек мигрантлари учун муҳим манзиллардан бирига айланган.
Апрель ойида Ўзбекистон 2024 йилда 2000 нафар ёш фуқароларини мавсумий ишлар учун Британияга жўнатгани маълум этилган.
Тинмаётган ғалаёнлар
6 август аввалги кунларга қараганда нисбатан тинч ўтган.
Шунга қарамай, Британия полициясидаги манбалар 7 август куни кечки томон камида 30 аҳоли манзилида ультраўнгчи кайфиятдаги намойишлар режалаштирилганини хабар қилган.
Шундай манзарада олти минг нафар полиция ходими юзага чиқиши мумкин бўлган ҳар қандай тартибсизликни бартараф қилиш йўлида сафарбар этилаётгани айтилмоқда.
6 август тунига қадар тартибсизликларда ҳибс этилганлар сони 400 нафардан ортган, ҳукумат қамоқхоналарда 500 дан ортиқ қўшимча ўрин тайёрланаётганини билдирган.
Полициядаги манбалар вазият "назорат остида" эканига ишонч билдираётган бир вақтда, Телеграмдаги ультраўнгчилар очган гуруҳда мигрантлар, қочқинларга ёрдам бериш билан шуғулланувчи 39 та ташкилотнинг рўйхати тарқатилган.
Лондон мери Содиқ Хон ультраўнгчилар гуруҳи Лондондаги манзилларни нишонга олишни режалаштирганидан хабардор экани ва полиция билан биноларни ҳимоя қилиш масаласи устида ишлаётганини таъкидлаган.
"Агар қонунни бузсангиз, сизга қарши чора кўрилади", дея огоҳлантирган Лондон мери.
Алоқадор мавзулар:
6 август
Зўравонликда иштирок этганларга қарши "терроризм" айбловини қўйиш масаласи кун тартибида
Британия Мусулмонлари Кенгаши (Muslim Council of Britain (MCB) сўнгги зўравонликлар мамлакатдаги мусулмонларни даҳшатга солгани ҳақида баёнот тарқатди.
"Мусулмон жамоалари даҳшатга тушганлар. Улар реал нишонга олиндилар", деди Британия Мусулмонлари Кенгаши бош котиби Зара Муҳаммад.
Бош котибнинг айтишича, ўзининг телефони уйларидан ташқарига чиқишга қўрқиб қолган ва масжидимиз эшигини очсакми ёки йўқми деган савол қаршисида қолган уламолардан бўлаётган телефон қўнғироқларидан тинмай қолган.
Британия Мусулмонлари Кенгаши тинчланишга чақирди.
Сандерлэнд шаҳридаги жума кунидаги тартибсизликларни тергов қилаётган полиция шаҳардаги масжидга ўт қўйиш фитнасини фош қилгани ҳақида маълум қилди Зара Муҳаммад.
Мусулмонлар кенгаши масжидларни ёпмасликка, лекин огоҳ бўлиб туришга чақирди.
"Полиция билан гаплашинг, хавфсизлик чораларини кўринг, таҳдид ўлчамини баҳоланг", деди мусулмонлар кенгаши бош котиби.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Қамоқхоналарда янги ўринлар
Британия ҳуқуқ-тартибот идоралари зўравонликлар бошланганидан буён 400 тача ҳуқуқбузар қўлга олинганини хабар қилди, қамоқоналарда янги ўринларни тайёрлаш тезлаштирилган.
Англия ва Уэлс жамоат прокурори Стефен Паркинсон айрим исёнчиларга қарши терроризм жиноий моддалари илгари сурилиши мумкинлигини айтди.
6 август куни қўлга олинганларнинг 100 нафарига аллақачон тегишли айбловлар илгари сурилгани хабар қилинди.
Ўтган ҳафта мигрантлар ва мусулмонларга қарши кузатилган намойишлар ҳафта охирида зўравонликка тўла тартибсизликка айланиб кетди. Аввалига сони у қадар кўп бўлмаган ўнгчи кайфиятдаги миллатчилар нисбатан тинч намойишлар ўтказган бўлса, ўтган дам олиш кунларида тўсатдан ғалаёнлар бошланиб, ғазабнок оломон полиция билан тўқнаша бошлади.
Англиядаги Ливерпул, Бристол, Манчестрдан тортиб Шимолий Ирландиядаги Белфаст каби қатор йирик шаҳарларда оломон мигрантлар яшайдиган ётоқхоналарга ҳужум қилдилар, масжидларни ёқишга уринганлар, мусулмонлар ва мигрантларни ҳимоя қилаётган полицияга тош, ғишт, ҳатто, Молотов коктейлларини улоқтирдилар.
4 августдан ҳукумат масжидлар ва исломий мактабларда хавфсизликни фавқулодда кучайтириш чоралари кўрилишини эълон қилди.
Айрим ҳудудларда полиция вазият устидан назоратни маълум вақт қўлдан бой берган. Оқибатда у ерга қўшимча полиция кучларини ташлашга тўғри келди.
Шунингдек, ўта-ўнгчи кайфиятдаги намойишчилар ва уларга қарши намойишга чиққанлар ўртасида ҳам тўқнашувлар кузатилган.
Манчестер яқинидаги Болтон шаҳрида аввалига тинч бошланган намойишлар кейинроқ Британия байроғини кўтарган миллатчилар ва қора ниқоб таққан мусулмонлар ўртасидаги тўқнашувга айланиб кетган.
Якшанба куни ярим мингдан ортиқ миллатчи намойишчилар Ротерҳем шаҳридаги бошпана учун аризаси натижаларини кутаётган 100 дан зиёд мигрант жойлашган меҳмонхона биносини ўраб олган. Намойишчилар мехмонхона ойналарини синдирган, мигрантларни ҳимоя қилаётган полицияга турли нарсалар улоқтириб, ҳужум қилган. Кейинроқ полиция мигрантларни хавфсиз ерга олиб чиқишга муваффақ бўлган.
Қатор ҳудудларда намойишчилар полиция машиналарини ағдариб ташлашга уринган, қовоқхоналар, дўконларга ҳужум қилган, мародерлик ҳолатлари ҳам кузатилган. Деярли барча ғалаён ҳудудларида миллатчи намойишчилар мусулмонлар ва мигрантларга қарши куракда турмас шиорларни қўллаётгани кузатилган.
Ғалаёнлар асосан катта аҳоли манзилларига ёндош шаҳарчаларда кузатилаётган бўлсада, юзага келган вазиятдан айрим лондонликлар ҳам хавотирда эканини айтади.
Исломофоб, ирқчи ва аксил-мигрант кайфиятда кечаётган ғалаёнлар бошланишига ўтган ой охирида болаларнинг пичоқ билан ҳужумга учраши туртки берди. Ливерпул яқинидаги Сауспорт шаҳрида 17 яшар ўсмир болаларга пичоқ билан ҳужум қилиши ортидан 3 қизалоқ ҳалок бўлди, яна саккиз бола ва икки вояга етган шахс жароҳат олди. 6 август куни жароҳатланган болалар шифохонадан уйларига қўйиб юборилгани хабар қилинди.
Ўсмир нега ҳужумни уюштиргани сабаблари ҳали номаълум, аммо аслида 2006 йили Британиянинг ўзида туғилган бу ўсмир шахсига оид ёлғон хабарлар зудликда ижтимоий тармоқларда тарқалган, бу хабарларда ўсмир ўтган йили Британияга қайиқда сузиб келган ноқонуний мигрант ва катта эҳтимол билан мусулмон деб айтилган.
Июл ойида ҳокимиятга келган Британиянинг янги ҳукумати вакиллари ҳам юзага келган вазиятдаги фейк хабарларнинг ролини алоҳида тилга олмоқдалар.
Фақатгина энг фавқулодда ҳолатларда ўтадиган ҳукуматнинг "Кобра" деб номланган мажлисини Бош вазир Кийр Стармер 5 август куни чақирди. У ушбу йиғинда тартибсизликларга қарши онлайн кураш ҳам олиб борилиши қарори олинганини билдирди. Бу, эндиликда, Интернетда қайд этилаётган жиноятларга ҳам кескин чоралар кўрилишини англатади. Стармер тартибсизликлар уюштираётганларни ултра ўнгчи бандитлар деб атади.
Британия Ички ишлар вазири Ивет Купер ижтимоий тармоқларга эгалик қилаётган компаниялар маълум масъулиятни гарданига олиши зарурияти ҳақида гапирди.
Шунингдек, ҳукумат Томми Робинсон каби хориждан туриб мамлакат ичидаги ғалаёнларга таъсир ўтказаётган ўта ўнгчи инфлюнсерларга нисбатан чоралар ишлаб чиқаётганини айтмоқда.
Шундай чоралардан бири бундай инфлюнсерларни улар турган давлатдан экстрадиция қилишдир.
Бу 2011 йилда қора танли эркакнинг полиция томонидан отиб ўлдирилиши ортидан юзага келган оммавий тартибсизликлардан бери Британияда кузатилаётган энг йирик ғалаёндир.
Оролда жойлашгани сабаб Британияда бошқа Европа давлатларига қараганда ноқонуний миграция даражаси юқори эмас.
Ўтган йили Ла-Манш бўғозини кечиб келган ноқонуний мигрантлар сони 29 мингга яқинни ташкил этган бўлса, 1,2 миллион инсон мамлакатга қонуний асосда келган.
Аммо виза муддати тугаб, мамлакатни тарк этганлар сони айириб ташланса, ўтган йили иммиграция 685 минг инсон ташкил этган, холос. Шунга қарамай, бу иммиграция даражаси бўйича рекорд рақам ҳисобланади - авваллари бир йилнинг ўзида бунча инсон Британияга кирмаган эди.
Шу сабаб ўтган ойдаги сайловда ютқазган консерваторлар доимий равишда қонуний миграция сонини қисқартиришга ваъда бериб келаётган эди.
Тинч намойишларда қатнашган инглизлар қонуний йўл билан келаётган инсонларга қарши эмаслигини даъво қилади.
Аммо Британия сиёсий ҳаёти асосан икки анъанавий партия таъсири остида экани сабаб аҳолининг жорий миграция сиёсатидан норозилигининг асл кўламини англаш мушкуллиги айтилади.
5 август. Британия: Йирик тартибсизликлар нега муҳожирларни нишонга оляпти?
Дам олиш кунларида Британиянинг бир нечта шаҳарларида ҳукумат томонидан "ирқчи" дея таърифланаётган ва иммиграцияга қарши намойишлар бўлиб ўтди. Бир нечта шаҳарларда полиция ходимлари жароҳат олиши, ҳамда бинолар таланиши ва ўт қўйилиши ортидан 140дан ошиқ одам ҳибсга олинди.
Намойишлар бир ҳафта аввал - ўтган душанба куни Саутпорт шаҳрида уч қизча ўлдирилиши ортидан бошланиб кетган.
Бу ҳужумда 17 ёшли ҳужумчи Сауспортдаги рақс тўгараги биносига пичоқ билан бостириб кириб, ёш қизлар ва тарбиячиларини пичоқлаган. Бунинг оқибатида 10 ёшга тўлмаган уч қиз ҳалок бўлган, яна саккиз қиз ва икки тарбиячи яраланганди.
Ҳужумдан бир кун ўтиб Саутпорт шаҳрига юзлаб норозилик намойишчилари йиғилган ва полиция билан тўқнашган. 17 ёшли ўсмир қўлга олинган бўлса-да, ҳали балоғатга етмагани учун исми ошкор қилинмаган эди.
Аммо, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар уни арабча исмли мусулмон ва яқинда Британияга келган қочқин дея нотўғри таърифлаши намойишларга сабаб бўлгани ишонилади. Сешанба кунги тартибсизликларда намойишчилар Саутпортдаги масжидга ҳужум қилиб, бинога шикаст етказдилар.
Пайшанба куни 17 ёшли Аксел Муганва Рудакубана исмли ўсмир судга олиб келинди. Суд тартибсизликларни бартараф қилиш учун матбуотга унинг шахсини очиқлашга рухсат берди. Ота-онаси Руандадан Британияга кўчиб келган Рудакубана Британияда туғилиб ўсган. У бу ҳужумни қандай мақсадда амалга оширгани ноаниқ қолмоқда. Унинг Исломга алоқаси йўқ дейилади.
Якшанба куни Жанубий Йоркшир графлиги маркази бўлган Ротерҳам шаҳрида намойишлар яна зўравон тус олди. Миграцияга қарши намойишчилар қочқинлар сақланаётгани ишонилган Holiday Inn Express меҳмонхонасига ўт қўйдилар, ҳамда меҳмонхона деразалари ва полицияга шиша ва ғиштлар отдилар. Ижтимоий тармоқларда қора танли ва осиёлик шахсларни ҳужумга учрагани акс этган видеолар тарқалди.
Британия Бош вазири Кийр Стармер тартибсизликларни "намойиш эмас, уюшган зўравонлик" дея таърифлади ва "ўта ўнг қанот бандалар" ўз қилмишларидан пушаймон қилинишини айтди.
Манчестер яқинидаги Болтон шаҳрида эса британ байроғини кўтариб олган намойишчиларни "Оллоҳу Акбар" дея хитоб қилган қора ниқобли гуруҳ кутиб олган. Полиция тўқнашувни бартараф этишга қисман муваффақ бўлган, аммо у сўнг бошқа кўчаларга ёйилган. Болтон кўп сонли осиёлик мусулмон аҳолига эга.
Намойишчиларнинг полиция билан тўқнашувлари Халл, Ливерпул, Бристол, Манчестер, Сток-он-Трент, Блакпул ва Белфаст шаҳарларида ҳам юз берди. Баъзи жойларда намойишчилар дўконлар эшикларини синдириб, уларни таладилар ва полицияга ҳужум қилдилар. Ливерпулда ноқонуний миграцияга қарши намойиш қилаётган минг нафарча одам уларга юзланган антифа ва бошқа сўл қанот гуруҳ аъзолари билан муштлашдилар.
Масжидларга қилинган ҳужумлар ортидан Британия Ички ишлар вазирлиги ўз хавфсизлигидан хавотирда бўлган ҳар бир масжид "тезкор хавфсизлик хизматлари"дан ёрдам сўраши мумкинлигини билдирди.
Саутпорт шаҳри жойлашган Мерсисайд вилоятининг диний раҳбарларига кўра, "жуда кўп одамлар бир фожиадан тўқнашув ва нафратни қўзғаш учун фойдаландилар".
Би-би-си фактчекерлари Саутпортдаги ҳужум ортидан асосий ижтимоий тармоқлар ва кичик оммавий сайтлардаги фаолиятни текширдилар. Таҳлилга кўра, муайян шахслар одамларни кўчаларга чиқишга ундашяпти, аммо ягона ташкилий тизим йўқ. Аммо, кўп қатнашчиларни иммиграциядан норозилик боғлаб туради.
Мерсисайд полицияси бу тартибсизликларда бир неча йил аввал расман ман этилган "Англия мудофааси лигаси" (English Defence League) энг асосий роллардан бирини ўйнаганини айтмоқда. Ташкилотнинг асли исми Стивен Яксли-Ленно бўлган Томми Робинсон тахаллусли лидери ўз фаолиятини ижтимоий тармоқларга кўчирган ва мафкуравий сафдошлари сонини орттирган.
Британия ҳукумати душанба куни ўтказган фавқулодда мажлисида ижтимоий тармоқлардан фейк хабарларни тезроқ ўчириш ва бартараф этиш бўйича масъулиятларини талаб қилиш муҳокама қилинди.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002