Diqqat, BBC: Россия ва мигрантлар - улар бир-бирига қанчалик муҳтож?

Россияда мигрантларга қарши рейдлар одатий тусга кирган

Сурат манбаси, Samara politsiyasi

Сурат тагсўзи, Россияда мигрантларга қарши рейдлар одатий тусга кирган

Роcсия аҳолиси ўлмоқда, Украина билан уруш ишга яроқли қатламни янада қисқартирган. Бу омиллар мамлакатдаги мигрантларнинг қадрини орттирдими?

Мутахассислар шундай вазиятда Россия мигрантларга янада кўпроқ эҳтиёж сезиб, уларни қадрлаши кутилишини айтишади. Аммо "Крокус Сити Холл"даги ҳужумлардан сўнг олдин ҳам ҳавас қилиб бўлмайдиган мигрантларнинг ҳаёти янада қийинлашди.

Бошқа томондан коронавирус пандемияси, рубл қадрининг қулаши, Украинага урушга боришга мажбурлашлар каби қийинчиликлар бу юртга бориш истагида бўлган мигрантларнинг сонини камайтириб юборгани айтилади.

Diqqat, BBC дастурининг навбатдаги сонида Россиядаги марказий осиёлик меҳнат мигрантлари аҳволини муҳокама қилинди.

Улар чиндан Россияда ишлашга мажбурми ё аксинча - Россия уларга муҳтожми деган саволга жавоблар изладик.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Мигрантлар сони бўйича дунёда тўртинчи ўринда бўлган Россия иқтисодиётига меҳнат муҳожирлари қўшаётган ҳисса салмоқли экани айтилади.

Баъзи тахминларга кўра, хориждан, асосан, Марказий Осиёд ва Кавказдан келган меҳнат мигрантлари Россиядаги ишчи кучининг қарийб чорак қисмини ташкил этади.

Аммо шундай аҳамият ва таъсирга эга меҳнат мигрантлари тақдирига оид Россиядан келаётган хавотирли хабарлар ҳеч қачон тинмаган.

iqtibos

Март ойида юз берган Крокус Сити Ҳолл теракти ортидан эса мигрантларнинг ҳаёти янада қийинлашгани ҳақидаги гаплар кўп такрорланмоқда.

Нега меҳнат мигранти шу вақтгача қадр топа олмаяпти ёки Россия нега унинг қадрига етмаяпти?

Россияда кўп йиллар Би-би-си журналисти сифатида муҳожирлар ҳаётини ёритиб келган ва бугунги кунда ҳам улар билан алоқани узмаган Соҳиба Ҳаёт оммавий кайфиятсизлик ҳақида гапиради.

"Мигрантларнинг ҳозир энг кўп гапираётган гапи кайфиятсизлик. Ўша Россиядаги умумий вазиятнинг яхши эмаслиги, ҳар доимгидан кўра, мажбуран ишлашаётгани, ҳозирги ишлаш жараёнлари ҳақиқий мажбурлик бўлиб турибди. Маҳаллий аҳолида ҳам кайфиятсизлик юқорилиги ва агрессиянинг кучайгани мигрантларга бевосита таъсир қиляпти", дейди Соҳиба Ҳаёт.

Шу йил март ойида юз берган Крокус теракти эса меҳнат мигрантларини янада қийин вазиятга солиб қўйган. Migrant.uz портали асосчиси, йиллар давомида Россиядаги муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган ҳуқуқбон Ботиржон Шермуҳаммад терактдан кейинги вазият Крокус воқеасидан кейин ҳозирга келиб, вазият бироз тинчиганини айтади.

"Аммо рейдлар давом этяпти. Ўтган йил давомида бўлган рейдлар бу йил ҳам давом этяпти. Ўзи улар ҳар чорак бир "мигрант" деган рейдлар ўтказиб туради полиция томонидан", дейди у.

Урушдан олдин мигрантларга яхши эдими?

Шунга қарамай Россиядаги муҳожирлар ҳаёти қийинчиликдан ҳоли бўлган йиллар саноқли. Бироқ кузатувчилар вазият турли йилларда турлича бўлганини айтади.

Тахминий сони 6-12 миллион ўртасида экани айтиладиган меҳнат муҳожирлари ҳаёти Украинада уруш бошланиши ортидан сезиларли ўзгаришга юз тутган: Россия иқтисодиёти ҳарбий рельсга қўйилиб, иш имкониятлари ошган бўлса, бошқа томондан мигрантларни таъқиб қилиш, таҳқирлаш ҳолатлари ҳам кўпайган.

Россия тобора полиция давлатига айланиб бораётгани уларнинг эркинлигига кучлироқ соя сола бошлаган. Шу сабабдан кузатувчилар Россиядаги мигрантлар билан боғлиқ вазиятни Украинадаги урушгача ва урушдан кейин бўлган даврга бўлади.

"Муҳожир бўлиб юрган вақтим сохта ҳужжат авж олганди. Полиция ва мигрант ўртасида муаммо деярли йўқ эди. Сиз бемалол бориб сохта ҳужжатни истаган жойингиздан сотиб олардингиз. Ўша сохта ҳужжат билан юраверардингиз. Полиция тўхтатса пул оларди. Оммавий депорт қилишлар, махсус сақлаш жойлари каби нарсалар умуман йўқ эди. Ўзбеклар учун жуда қулай эди", дейди Соҳиба Ҳаёт.

Ботиржон Шермуҳаммад эса мигрантлар ҳаёти аслида кўп эврилишларга учраганини тилга олади.

"Масалан, 2008 йилгача бўлган давр. Ундан кейин 2014 йилгча бўлган давр. Ёки 2018 йилда молиявий инқироз бўлгач, Россияда долларнинг курси жуда ошиб кетгани таъсир қилган. 2014 йилда Украина билан бевосита уруш бошлангандан кейин, Донбасс, Қримни босиб олиш. Ана ўшанда ҳам шундай ўсиш бўлган ва таъсири бўлган. 2014 йилгача Россияда яхши даромад қилишган. Ҳатто пандемия давригача бемалол ишлаб юришган. Пандемияда бутун дунёда муаммо бўлди", дейди Ботиржан Шермуҳаммад.

Ҳуқуқшунос ўтган йил давомида мигрантларга қарши мунтазам рейдлар олиб борилгани ҳақида гапирар экан, Россиядан мутлақо бошқача мазмундаги хабарлар олинган.

Ўтган ноябрда Россия Марказий банки мамлакатда ишчи кучининг ўткир тақчиллиги юзага келгани, айрим ҳудудлар иқтисодиётида ишлайдиган одам деярли қолмагани, Россияга зудликда меҳнат маҳсулдорлигини ошириш зарурлиги борасида бонг уриб чиққан.

Кейинроқ эса 2023 йил давомида Россияда ишчи кучи тақчиллиги оз эмас, кўп эмас - деярли 5 миллионни ташкил этгани маълум этилган, ўткир тақчиллик 2024 йилда ҳам давом этиши прогноз қилинган.

migranltlar

Сурат манбаси, Getty Images

Рус экспертларининг ўзи ишчилар етишмаслиги мамлакат иқтисодиёти ўсишини секинлаштираётган асосий омиллардан бирига айлангани, компаниялар вақтинчалик ишчи ёллашга кўпроқ маблағ сарфлашга мажбур бўлаётгани, бозор талаб қилаётган товар ва хизматларни ўз вақтида етказиб бериш жиддий муаммога айлангани ҳақида ёзган.

Билдирилишича, ўтган йил давомида дастурчилар, муҳандислар, технологлар каби юқори малакали касб эгалари билан бир қаторда қора ишчиларга ҳам йирик эҳтиёж пайдо бўлган.

Прогноз қилинишича, 2024-йилда вазият у қадар ўзгармайди, шу билан бирга Россиянинг олис ҳудудларидаги қишлоқ хўжалиги, қурилиш, саноат каби соҳаларда ҳам ишчи кучи билан жиддий муаммо юзага келади. Қандайдир парадокс ҳолат. Нега шунчалик кучли эҳтиёж мавжуд бўлсада, меҳнат мигранти Россияда қадр топа олмаяпти?

"Мигрантларнинг ҳеч қачон қадри бўлмаган. Россияда мигрантларга ҳар доим фақат арзон ишчи кучи қаралган. Уларга Россия учун керак одамлар, Россия учун меҳнат қилаётган, биз ишламаган соҳаларда ишлаётган одамлар ёки меҳнаткаш сифатида қарашмаган. Мигрантларга қараш умумий маънода яхши бўлмаган", дейди Соҳиба Ҳаёт.

Ботиржон Шермуҳаммад мигрантнинг қадр топмаётгани сабаблари маҳаллий ҳукумат ва журналистларга боғлиқлигини таъкидлайди.

"Чунки 10 йиллар давомида Россияда мигрантфоблик кайфиятининг кўтарилишида асосан ОАВ ва россиялик сиёсатчилар сабаб бўлган. Улар кўплаб муаммоларнинг сабабчиси қилиб муҳожирларни кўрсатиши, ҳар жойда улар қандайдир айб қилса бўрттириб кўрсатиши ҳар доим бўладиган нарса", дейди у.

Экспертлар Россия учун мигрантлар нафақат ишчи кучи, балки том маънода мамлакат келажагини давом эттириш учун ҳам керак, дейди.

2022 йилда россияликларнинг ўртача ёши 40 га етган. Россия ҳукуматининг ўзи берган энг ўртача прогнозда агар демографик вазият ўзгармаса, 2045-йилга бориб, ўлимлар сони туғилишлар сонидан ортиб кетиши ҳақида гап боради.

Ҳаттоки, иммигрантлар оқими ҳам демографик вазиятни кўп йилларга қадар ижобий ўзанга бора олмаслигидан хавотирлар мавжуд. Шундай жиддий вазиятда нега Россия ҳукумати мигрантларни жалб қилиш ўрнига уларни қўрқитмоқда?

Россиянинг мигрантларга эҳтиёжи кўпроқми?

Ботиржон Шермуҳаммадга кўра, Россия ҳукумати ижтимоий иқтисодий муаммоланинг сабабчиси сифатида мигрантларни айбдор қилади.

"Чунки давлатдаги кўп амалдорлар популизм билан шуғулланади. Жамиятдаги миллатчилик, мигрантафоблик кайфиятидан фойдаланиб, ўзининг рейтингини оширишга ҳаракат қилишади. Ҳаттоки президентнинг ўзи ҳам аҳоли билан телемулоқот чоғида мигрантларга берилган квотарларни 50 %гача камайтирганди. Иккинчидан, биз муҳожирларнинг аҳволини яхшиласак ҳам яхшиламасак ҳам улар кўп келяпти ва бизга муҳтож деган қараш бор. Бунинг чеки йўқ ва доимий равишда бизга келаверади, деб ўйлайди. Уларнинг хаёлида муҳожирлар Россиядан кетиб қолади, деган тушунча йўқ".

Ҳуқуқбон Россиянинг мигрантларга эҳтиёжи кўпроқ эканлигини таъкидлайди.

"Чунки Россиянинг иқтисоди ривожланиши керак. Муҳожирлар кетиб қолган жойларда қандай аҳволга тушиб қолганини ўз кўзимиз билан кўрдик, йўл тозалаш билан боғлиқ ҳолатлар ва бошқа. Ўша ҳудудларда хизмат соҳасида бирдан нарх-наво ошиб кетганлиги кузатилди", дейди Ботиржон Шермуҳаммад.

Россияда 11 йилдан ортиқ ишлаб, ватанига қайтган Бахтиёр Турсунов ҳам Россия меҳнат муҳожирларига муҳтож эканлигини қўлга тушгач англаб етганини ҳикоя қилади.

"Москва яқинида мактаб қураётгандик. Ҳар текширув келганда ҳужжатимиз йўқлиги сабаб ўрмонга қараб қочардик. Кетгунча ёмғир бўладими, шамолми ўша ерда ўтирардик. Бир кун ҳамма томонимизни ўраб, ушлаб олишди. 500 ишчидан 400 нафарининг ҳужжати йўқ экан. Полиция идорасига олиб кетишди. Энди депорт бўламиз, деб турсак катталардан кимдир аралашиб, "булар кетса мактабни ким қуриб топширади, қайтар ҳаммасини" деган буйруқ бўлибди. Ҳеч биримизга жарима ҳам солмасдан ортга қайтаришди. Ўшанда мигрантларга уларга кўпроқ кераклигини англаб етганман", дейди у.

Бироқ Ботиржон Шермуҳаммад айни дамда марказий осиёликлар, айниқса, ўзбекистонликлар ҳам Россия меҳнат бозорига қаттиқ боғланганини тилга олади.

Дарҳақиқат, ўтган икки йилдан бери Ўзбекистон ўз фуқаролари учун ривожланган, инсон ҳақлари ҳимояланган давлатларда иш топиб бериш ҳаракатларини кучайтирган.

Дамбадам ҳукумат қайсидир давлат билан иш ўринлари очиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабарлар чиқиб туради. Бугун ўзбек мигранти бора оладиган манзиллар кўпаяётгани вазиятни қанчалик ўзгартиради, Россияга меҳнат бозорига эҳтиёжни камайтирадими?

Ботиржон Шермуҳаммад ҳам ўхшаш қарашни илгари суради, фақат унинг келажакдан умидлари некбин.

Соҳиба Ҳаётга кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўз давлати ҳимоясини у қадар ҳис қилмайди.

Ҳозирда халқаро сиёсий майдонда қарийб яккалаб қўйилган Путин Россияси давлатлар билан муносабатларда том маънода тўнини тескари кийиб олгани билан маълум.

Шундай мураккаб бир вазиятда ўзи Россиянинг таъсири остида бўлган Ўзбекистон ҳукуматининг норозилик нотаси нимадир ўзгартирадими?

"Яқинда Имомали Раҳмон 9 майда байрам муносабати билан борди, аммо мигрантлар мавзусини кўтарди. Ундан олдинги ҳар бир ташрифда ёки телефон қўнғироқларида Қирғизистон ва Тожикистон томонидан ҳар доим мигрантларнинг ҳуқуқлари мигрантларга енгиллик ҳақида ҳеч бўлмаганда гап бўлади. Ўшанинг учун Қирғизистон ёки Тожикистон фуқаролари Ўзбекистончалик қийин аҳволда эмас. Ўзбекистонликларнинг ҳатто миграция агентлиги орқали боргани ҳам қийналиб ётибди", дейди Соҳиба Ҳаёт.

Россияда аҳоли сони камайиб ва қариб бораётган бўлса, Ўзбекистонда бунинг акси. Ўтган Ўзбекистон Сенати ички хавфлар асосан аҳоли сонининг юқори суръатда ўсишидан келиб чиқишини таъкидлаган эди.

Май ойи сўнггида Ўзбекистонга келган президент Владимир Путин Шавкат Мирзиёев билан миграция масаласини тартибга солиш масаласини муҳокама қилгани хабар қилинган. Ўз навбатида рус матбуоти Мирзиёев бу масала бўйича баъзи таклифларни илгари сурганини ёзган.

Аммо Ўзбекистон президенти ўзининг юз минглаб фуқаролари ҳаётига дахл қилувчи айнан қандай таклифларни илгари сургани номаълум, бунга Ўзбекистон томони бирор ойдинлик киритмаган.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002