Махсус лойиҳа: Каримовдан “аразлаган” “инжиқ” Туркманистон билан Мирзиёев нега яқинлашишга ошиқмоқда? Видео

turkmen

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Шавкат Мирзиёев қудратга келгандан буён узоқ вақт Ўзбекистон биринчи маъмурияти билан алоқалари у қадар илиқ бўлмаган расмий Ашхободга яқинлашишга интилиб келади.

Шавкат Мирзиёев дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан ҳисобланмиш Туркманистон билан тобора яқинлашишга интилмоқда. Яккаҳоким бошқаруви ўта кучли жанубий қўшни нимаси билан Ўзбекистонга бу қадар жозибадор кўринади?

Марказий Осиёдаги қўшничилик алоқалари ривожини ўрганишга қаратилган махсус лойиҳамиз устида ишлар эканмиз, фильм учун қаҳрамонлар топиш жараёни у қадар қийин кечмади.

Икки ойга яқин давом этган тайёргарлик ва тасвирга олиш ишлари мобайнида кўплаб одамларни суҳбатга тортдик.

Улар охирги йилларда эврилган қўшничилик муносабатлари ўз ҳаётларига қандай таъсир этганини мароқ-ла сўзлаб бердилар.

Бироқ лойиҳанинг Туркманистонга оид қисмини ишлаш вақтида бу мамлакат нафақат дунё, балки биродар Ўзбекистон учун ҳам нақадар ёпиқлигига яна бир бор амин бўлдик.

Жанубдаги бу қўшни аҳли ва ўзбекистонликларни Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар каби боғлаб турувчи ришталардан ҳеч бири яққол кўзга ташланмади.

Чегаралар олди деярли жонсиз, қўшнилар ўртасидаги борди-келдида виза тартиби ҳамон сақланиб турибди.

Шунга қарамай, Шавкат Мирзиёев қудратга келгандан буён узоқ вақт Ўзбекистон биринчи маъмурияти билан алоқалари у қадар илиқ бўлмаган расмий Ашхободга яқинлашишга интилиб келади.

Хўш, Туркманистоннинг жозибаси нимада?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Каримовдан "аразлаган" қўшни

Туркманистон СССР парчалангандан бери минтақада Ўзбекистон билан зиддиятлардан ҳоли қўшни сифатида кўриб келинган.

Аммо алоқалар ҳавас қилгулик даражада бўлмаган, ўртада жиддий совуқлик мавжудлиги ташқаридан яққол кўзга ташланган.

Таҳлилчилар Ўзбекистон биринчи маъмурияти ва расмий Ашхобод муносабатлари совуқлашиши даври 2002 йилда бошланган, деб ҳисоблайдилар.

Алоқадор мавзулар:

Ўша йилнинг ноябрь ойида Туркманистон биринчи президенти Сапармурод Ниёзовга суиқасд уюштирилган, Ниёзов ҳукумати мамлакат собиқ ташқи ишлар вазири Борис Шихмуродов томонидан давлат тўнтаришини амалга оширишга уриниш бўлгани даъвоси билан чиққан эди.

Тафсилотлари ҳалигача номаълум бўлган бу воқеа ортидан туркман томони Ўзбекистонни суиқасд ортидан турган, дея кўрилган мухолиф кучларни қўллаб-қувватлашда айблаган.

Каримов ҳукумати бу айбловни қатъиян рад этишига қарамай, икки қўшни муносабатлари, ҳатто, 2006 йилда Ниёзов ўлимидан сўнг бошланган Гурбангули Бердимуҳаммедов даврида ҳам сезиларли илиқлашгани кўзга ташланмаган.

Каримов ва Бердимуҳаммедов бир-бирига тулпор, Captiva арғумон қилишига қарамай, муносабатлар умумий дипломатик манзарада энг қуйи даражадагилигича қолаверган.

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Би-би-си билан суҳбатда Туркманистон 2002 йил воқеалари сабаб Ўзбекистон биринчи ҳукуматига ишончсизлик билдирган давлатлардан бири бўлганини тилга олади.

Аммо Шавкат Мирзиёев қудратга келгач, алоқаларда жиддий жонланиш пайдо бўлган.

Бу жонланиш қардош халқлар ҳаётида ёрқин акс топмаган бўлсада, Ўзбекистон Туркманистонни очилишга ундай бошлагани яққол кўзга ташланган.

Туркманистон Мирзиёевнинг янгича минтақавий дипломатияси марказида турган ўта муҳим давлат даражасига кўтарилган.

Хусусан, Туркманистон Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти ўлароқ борган энг биринчи хорижий мамлакатга айланган.

turkmen

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Алоқалар жонланиши қардош халқлар ҳаётида ёрқин акс топмаган бўлсада, Ўзбекистон Туркманистонни очилишга ундай бошлагани яққол кўзга ташланган.

Пойтахт Тошкентда "Ашхобод" номли катта сайилгоҳ қад ростлаган.

Ўшанда Ўзбекистонда ягона Марказий Осиё давлати пойтахти номига аталган бу сайилгоҳ расмий Тошкентнинг Туркманистонга яқинлашиш йўлидаги ўзига хос дипломатик хушомади ўлароқ кўрилган.

Ўтган йиллар давомида собиқ президент Гурбангули Бердимуҳаммедов ва унинг амалдаги раҳбар ўғли Сердар Бердимуҳаммедов ҳам Ўзбекистонда бир неча бор катта дабдаба билан кутиб олинган.

Кенжа Бердимуҳаммедов ҳам президент сифатида илк хорижий сафарини Ўзбекистонга амалга оширган.

2022 йил октябрида Ашхободда Мирзиёев ва Бердимуҳаммедов стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларацияни имзолаган.

Таҳлилчилар ушбу ҳужжат Туркманистонни Ўзбекистоннинг асосий шерикларидан бирига айлантирганини қайд этган.

Айни вақтда ҳам, Туркманистон Ўзбекистон президенти серқатнов бўлган давлатлардан бири саналади.

Марказий Осиё "Қатари"

turkmen

Кузатувчилар ва таҳлилчилар аҳолиси минтақада энг катта бўлган Ўзбекистон Туркманистонга қучоқ очаётганининг энг муҳим сабабларидан бирини расмий Тошкент бугун қўшимча энергия захираларига ҳар қачонгиданда чанқоқ эканида кўрадилар.

"Туркманистон Марказий Осиёда табиий захираларга энг бой давлат. Бизнинг Қатарда энди у. Туркманистонда Аллоҳ Ўзбекистон учун бериб қўйган катта газ дарёси оқиб турибди", сўзлайди Ўзбекистон собиқ нефть-газ вазири Анвар Ҳусаинов.

Собиқ мулозим йиллардан буён туркман гази бошқа юртлар эҳтиёжини қондириб келганини қайд этади.

"Агар Ашхобод хоҳласа, Туркманистонга жуда катта сармоя киритиш мумкин. Ўша улкан газ дарёси шу вақтгача Хитойга, эндиликда, Афғонистон орқали Покистонга оқиб кетяпти".

Ҳусаинов туркман гази аҳолиси йилдан йилга кўпаётган, саноати шиддат билан кенгайиб бораётган Ўзбекистон келажак ривожи учун сув ва ҳаводек зарур экани ҳақида гапиради.

"Монополиялар, миллат манфаатларига зид бўлган ғояларни ҳали енга олмаяпмизда. Нега ёнгинамиздаги чексиз газни сотиб олиш имкони бўлсаю, биз сотиб олмасак. Ҳудудимиздан ўтган қувурлар орқали туркман гази Хитой, Россияга кетсаю, биз ўша қувур жўмрагини бураб, Муборак газни қайта ишлаш заводи, GTL, Навоийазот ёки бошқа корхоналарга жўната олмасак. Газ захираларимиз эса тугаб боряпти".

Бироқ расмий Тошкентнинг туркман газини олиш бўйича олиб борган дипломатик ҳаракатлари доим ҳам силлиқ кечмаган.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон президент администрация собиқ раҳбари Сардор Умурзоқов қаҳратон бошланиши олдидан Ашхободга бориб, табиий газ импортини 1,5 миллиард куб метрга ошириш бўйича келишувга эришиб келган.

turkmen

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Катта Бердимуҳаммедов Тошкентда қад ростлаган "Ашхобод" сайилгоҳи очилишида шахсан қатнашган. Ўшанда Ўзбекистонда ягона Марказий Осиё давлати пойтахти номига аталган бу сайилгоҳ расмий Тошкентнинг Туркманистонга яқинлашиш йўлидаги ўзига хос дипломатик хушомади ўлароқ кўрилган эди.

Орадан бир ойча ўтиб бошланган аномал совуқ фонида "техник муаммолар" сабаб Ўзбекистонга газ экспорти тўхтатилгани эълон қилинган - экспорт фақат об-ҳаво шароити нормаллашганидан сўнг қайта тикланган.

Шу йилнинг августи охирида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов туркман расмийлари билан учрашувда йилига 2 миллиард куб метр газ етказиб бериш бўйича қисқа муддатли шартнома имзолагани маълум бўлган.

Мирзамаҳмудов Туркманистон матбуотига берган интервьюсида икки томон газ етказиб беришни кўпайтириш билан узоқ муддатли шартнома ишлаб чиқишни муҳокама қилганини тилга олган.

Ёпиқ қўшни

Мустақил сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов президент Мирзиёевнинг минтақавий дипломатиясида Туркманистон муҳим ўрин тутиши ҳақида гапиради.

"Ўзбекистоннинг янги дипломатияси минтақада кимлар биландир яқин бўлиб, қолганларга қарама-қарши туриш эмас. Ўзбекистоннинг мақсади бутун Марказий Осиёни ўз атрофида бирлаштириш экан, Туркманистонни инкор эта олмайди".

2018 йил мартида Гурбангули Бердимуҳаммедов билан кўришган Мирзиёев ҳам икки ўртада ҳал этилмаган бирор масала қолмаганини таъкидлаган.

Бироқ таҳлилчилар бу таъкид баҳсли эканини айтадилар.

turkmen

Сурат манбаси, Buxoro viloyati hokimligi

Сурат тагсўзи, Расмийлар чегара ўтиш пунктларидаги шароит яхшиланаётгани ҳақида қанчалик хабар бермасин, ўзбек-туркман чегараси минтақада ўтиш энг мушкулларидан бирилигича қолмоқда. 

Масалан, Ўзбекистон ва унинг иккинчи энг узун чегарали қўшниси ўртасида ҳамон виза тартиби амал қилади.

Ўзбек-туркман чегарасининг, йилларки, ёпиқ қолаётгани ҳар икки давлат чегараолди аҳолисининг жиддий шикоятларига сабаб бўлган.

Икки давлат чегараолди ҳудудлари аҳолиси учун визасиз уч кунлик ўтиб-қайтиш тартиби мавжуд бўлсада, амалда бу тартиб барқарор ишламаслигига оид кўплаб хабарлар чиққан.

2022 йил охирида Туркманистон махфий хизматлари Ўзбекистонга ўтиш ниятида бўлган фуқароларни сўроққа чақираётгани, ўтиб қайтганлардан эса қўшни мамлакатда қилган ишлари бўйича ҳисобот талаб қилаётгани тўғрисида хабарлар бўй кўрсатган.

Мустақил таҳлилчи Анвар Ҳусаинов икки халқнинг айро яшашга мажбур бўлаётгани ўртадаги савдо-сотиққа ва бошқа алоқаларга жиддий таъсир қилаётганини таъкидлайди.

"Тадбиркорларимиз фаоллик кўрсата олмаяпти, халқ дипломатияси ҳали ишга тушмади. Чунки чегараларнинг девори баланд. Масалан, тадбиркорлар Туркманистон визасини олиш учун ярим йиллаб навбатда туради. Борди-келди йўқ. Айниқса, туркман тадбиркорлари, инвесторларини тортиб олиб келолмаяпмиз".

Бир вақтнинг ўзида Ҳусаинов қўшничилик алоқаларининг ҳали тўлақонли ишга тушиб кета олмаётгани сабаблари Ўзбекистонга боғлиқ эмаслигини тилга олади.

"Мирзиёев Туркманистоннинг иккинчи президенти билан ҳам, мана ҳозир янги президенти билан ҳам яхши дўстона алоқалар ўрнатди. Мирзиёев ўз вазифасини бажаряпти, йўлларни очиб беряпти, дипломатияни қиляпти".

Инжиқ қўшни

turkmen

Ўзбекистон учун Туркманистон фақат газга бой қўшни эмас.

Бу мамлакат Форс кўрфази ва Каспий денгизига чиқишдаги биринчи транзит ҳудуд ҳам ҳисобланади.

Ўтган йилнинг ёзида Туркманистон Ўзбекистон юкларининг Каспийга "етиб олиши"га ёрдам беришни бошлаши ҳақида эълон қилинган эди.

Анвар Ҳусаинов саноат корхоналари тез суръатларда кўпайиб бораётган Ўзбекистон учун Каспий каби транзит йўллар орқали маҳсулотларини халқаро бозорга чиқариш муҳим аҳамият касб этиши ҳақида сўзлайди.

"Агар бугун Каспийга чиқиб олсак, эртага бу йўлдан хитойликлар ҳам фойдаланади, иқтисодий алоқалар кенгаяди".

Бугун Мирзиёев ҳукумати юмшоқ куч сиёсати орқали Туркманистонни очилишга, ҳеч бўлмаса, Марказий Осиё клубига қўшилишга даъват этаётган бўлсада, таҳлилчилар бу жараён силлиқ кечмаслиги мумкинлигидан огоҳлантирадилар.

"Туркманистон, аслида, жуда инжиқ давлат. У ниҳоятда марказлашган, яккашахслашган тизим. Унинг раҳбарияти, ота-болалар билан муносабатлар чигал бўлса, бирор нарсага эришиш қийин. Ҳаттоки, келишувга эришилган тақдирда ҳам, унинг амалга ошиши кафолатланмайди", дейди Камолиддин Раббимов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.