Жо Байден бирданига уйғурлар масаласини кўтарди – АҚШ ва Хитой, Xitoy, uyg'urlar, musulmonlar, dunyo, yangiliklar
Жо Байден Хитой президенти билан илк бор гаплашди - бирданига уйғурлар масаласини кўтарди. Бу уйғурлар ва АҚШ-Хитой муносабатлари учун нимани англатади? Уйғурлар деб, АҚШ янги маъмурияти ҳам Хитой билан қаттиқ кетадими?
Оқ уйнинг расман билдиришича, икки давлат президентлари телеқон орқали мулоқот қилишган.
Ўзаро суҳбат чоғида АҚШ янги президенти ҳам Шинжондаги ҳуқуқбузарликларга эътибор қаратган.
Президент Си Цзиньпинни яна савдо, Гонгконгдаги вазият ва Тайвандаги танглик юзасидан ҳам, таъбир жоиз, бурчакка тақаган.
Хитой давлат телевидениесининг хабар беришича, президент Си Цзиньпин Жо Байденни огоҳлантирган.
Агар, ўзаро муносабатлари яхши бўлмаса, бу ҳар икки давлат учун ҳам ҳалокат бўлишини айтган.
Савдо битими, жосуслик ва коронавирус пандемияси боис, АҚШ ва Хитой ўртасидаги алоқалар шундоқ ҳам танг.
Ўзаро ҳамкорлик ҳар икки давлат қолиб, бутун дунё учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ҳар икковлон ҳам дунёнинг энг йирик иқтисодий ва ҳарбий қудратлари, ядровий державалари ва муҳим геосиёсий ўйинчиларидан саналишади.
Расмий Пекин янги АҚШ маъмурияти билан яқинлашмоқчи, Вашингтонни яхши бўлишга ундамоқда.
Ҳар икки давлат ўртасидаги алоқалар, айниқса, президент Дональд Трамп бошқаруви даврида жиддий ёмонлашган.
Телефон қўнғироғи эса, Хитойда Янги йил арафасига тўғри келган, шу боис ҳам, яхшилик нишонаси сифатида кўрилган.
Президент Си Цзиньпин билан суҳбати ортидан, Жо Байден твит қилган.
Янги АҚШ президентининг ўз твитида ёзишича, "Хитой билан фақат манфаатлари соҳалардагина ҳамкорлик қилишади".
Жо Байденга кўра, у Хитой президентига худди шундай деб айтган.
Оқ уй ўз баёнотида "президент Пекиннинг мажбурий ва адолатсиз иқтисодий амалиётлари, Гонконгдаги тазйиқлар, Шинжондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ аҳвол ва Тайвань илова минтақадаги тажовузкор хатти-ҳаракатлари юзасидан ўзининг жиддий хавотирларини билдирган".
Имконли бўлган ҳисоб-китоблар Хитой лагерларида бир миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа мусулмон озчиликларнинг тутиб турилганига далолат қилади.
Инсон ҳақларини сақлаш гуруҳларининг айтишларича, Хитой ҳукумати уйғурларни бирма-бир диний ва бошқа эркинликларидан мосуво этмоқда.
Оммавий кузатув, ҳибслар, онгларини ювиш ва ҳатто мажбурий бичишгача бормоқда.
Хитой Шинжонда инсон ҳуқуқлари топталаётганига оид айбловларни изчил равишда рад этиб келади.
Сўз Шинжондаги лагерлари ҳақида кетганда эса, уларни ҳибсхоналар эмас, балки "касб-ҳунар таълими ва ўқув марказлари" эканини даъво қилади.
Хитой лагерларидаги "муттасил жинсий зўравонликлар"га оид даъволарни Би-би-си шу кунларда ўрганишга муваффақ бўлган, журналистик суриштируви ортидан, уларни ўз хабарида батафсил келтириб ўтган.
Би-би-си суриштирувида аёлларнинг полиция ва қўриқчилар томонидан муттасил зўрлангани, жинсий зўравонлик ва қийноқлар тўғрисида гувоҳлик берилган.
Бунинг ортидан, АҚШ, Британия муттасил жинсий зўрлашларни қоралаган - АҚШ ҳукумати бу хабарлардан "жиддий ташвишда" эканини баён қилган.
"Бу шафқатсизликлар виждонларни ларзага келтириши ва бунинг оқибатлари ҳам жиддий бўлиши шарт" эканини айтган.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги бу айбловларни рад этиб, Би-би-сини "ёлғон хабар" беришда айблаган.
Январь ойида ўз ваколатини топшираётган Трамп маъмурияти Хитойни "уйғурларга нисбатан геноцид содир қилганлик"да айблаган ва буни АҚШнинг президент Жо Байден бошчилигидаги янги маъмурияти ҳам маъқуллаганди.
Британияда эълон қилинган расмий юридик хулосага кўра, Хитой ҳукуматининг уйғур халқига қарши геноцид жиноятини амалга ошираётганини тасдиқловчи "жуда ишончли далиллар" мавжуд.
Илова ўрнида: Икки давлат раҳбарлари, шунингдек, Ковид-19 пандемиясига қарши курашиш, глобал соғлиқни сақлаш соҳаси қаршисидаги таҳдидлар, иқлим ўзгариши ва қурол-яроғ тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳам фикр алмашишган.
Хитой давлат телевидениесининг хабар беришича, томонлар ўзаро суҳбат чоғида иккитомонлама муносабатлар, муҳим халқаро ва минтақавий масалаларга атрофлича тўхталиб ўтишган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek