Ўзбекистон: “Ҳалол” Ғаниев, “ғўдаймаган” Бозоров ва Мирзиёев баҳорда Россияга борадими? — янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон: "Ҳалол" Ғаниев, "ғўдаймаган" Бозоров ва Мирзиёев баҳорда Россияга борадими? — Президент Мирзиёев эски ва янги ҳокимга ўз баҳосини берди. Бош вазирни ҳам мақтади. Россияга ташриф режаланмаган. bbcuzbek.com дайжести.

Фарғонада журналистлар борасида айтганлари овоза бўлган президент Шавкат Мирзиёев баъзи юқори мансабдорлар ҳақида ўз фикрини билдирган.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, президент Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровни "халқпарвар, ғўдаймаган" инсон сифатида таърифлаган.

"Мен Хайрулла Бозоровни кўп йиллардан бери биламан. Учта туманда, вилоятда ҳоким бўлиб ишлаган. Жуда тажрибали, ҳозирги замонга муносиб, халқпарвар, камтар инсон.

Тўрт ойдан бери ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида сизларнинг ҳам синовингиздан ўтди. Фарғонага мана шундай билимли, тажрибали одам керак", дея Мирзиёев сўзларини келтирган президент матбуот хизмати.

5 февраль куни ўтган йилнинг сентябрь ойидан бери вилоятни бошқариб келаётган Хайрулло Бозоров Фарғона ҳокими лавозимига тасдиқланган.

Шунингдек, давлат раҳбари Фарғонанинг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳақида яна бир бор ўз фикрини маълум қилган.

"Ғаниевнинг энг катта фазилати — у ҳалол одам, у ҳаловати йўқ одам. У кимгадир ёқади, кимгадир ёқмайди. Лекин садоқати бор одам. Оғир синовли йилларда ўзини кўрсатди", гапирган президент.

Сиздирилган аудиолари ортидан зиддиятларга сабаб бўлган Ғаниев 2020 йил сентябрида Бош вазир ўринбосари лавозимига киришган эди.

Бироқ январь ойида Бухорога сафари чоғида президент Мирзиёев ҳозирда қишлоқ хўжалигига масъул Ғаниевни, агар тизимни тўғри йўлга қўймаса, ишдан бўшатиши билан огоҳлантирган эди.

Давлат раҳбарининг эътиборидан Бош вазир Абдулла Арипов ҳам четда қолмаган.

"Мен нима учун Ариповни ёнимда олиб юраман, бу одам ўзгармайди. Касбига муносабати бошқача, ҳалол одам.

Самарқандда ҳоким бўлганимда битта шу вазир олдимга келиб, муаммоларни сўраган. Бошқа бирорта вазир келмаган", деган у Фарғонада ўтган йиғилишда.

Бироқ барча амалдорлар ҳам президент мақтовига сазовор бўла олмаган.

Мирзиёев иштирокидаги йиғилишда вазифасини етарли даражада бажармагани учун Қува, Ўзбекистон ва Ёзёвон тумани ҳокимлари ҳамда айрим сектор раҳбарлари лавозимидан озод этилган.

Россияга ташриф

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

4 февраль куни ўзбек блогосферасида президент Мирзиёевнинг Россияга ташрифи март-апрель ойларида кутилаётгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалган.

Бу хабарлар шу куни Олмаота шаҳрида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан учрашган Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустиннинг сўзларига асосланган эди.

Россия ҳукумати сайтида эълон қилинган Мишустиннинг билдиргисида президент Мирзиёевнинг мамлакатдаги давлат ташрифига тайёргарлик кетаётгани ҳақида сўз боради.

Вазирлар Маҳкамаси бош мутахассиси Бекзод Хидаятов ўзининг Facebook саҳифасида бу хабарларга аниқлик киритган.

"Учрашувда хабарларда айтилганидек март-апрель ойларида Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Москвага ташрифи эмас, Ҳукумат раҳбарлари даражасида Қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш масаласи муҳокама қилинган", ёзган у.

Мирзиёев Россияга охирги бор ўтган йилнинг июнь ойида борган эди.

Ўшанда, президент Москвада ўтган Ғалаба парадида иштирок этганди.

"Истиқлол" ва дарахтлар

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Тошкент шаҳар ҳокимлиги "Истиқлол" мажмуаси қуриладиган ҳудуддаги барча дарахтлар муҳофазага олинишини маълум қилган.

Ҳокимлик 4 февраль куни Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган "Истиқлол" мажмуаси концепцияси лойиҳасини яратиш учун танлов эълон қилган эди.

Расмий хабарда мажмуани қуриш учун таниқли "ЦУМ" (Марказий универмаг) қаршисидаги ҳудуд танлангани тилга олинади.

Ушбу хабар ортидан ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳудуддаги кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланиши эҳтимолидан хавотирланиб, кескин норозилик билдирганлар.Вазиятга президент қизи Саида Мирзиёева ҳам аралашган.

У аҳолининг фикрини эътиборга олмасдан туриб, "боғ ҳудудларини ўзгартириш мумкин эмаслиги" ҳақида ёзган.

"Шаҳар жамоат жойлари, айниқса, яшил боғ ҳудудлари муҳофаза қилиниши, асралиши ва кенгайтирилиши лозим", билдирган Мирзиёева.

4 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги мажмуа барпо этилиши белгиланган ҳудуддаги барча дарахтлар хатловдан ўтказилиши ва муҳофазага олинишини маълум қилган.

"Аср ҳодисаси"

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Сенат раиси Танзила Норбоева Мозори-Шариф - Кобул - Пешавор темир йўли лойиҳасини "аср ҳодисаси" дея атаган.

2 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳукуматлари вакиллари Мозори Шариф - Кобул — Пешавор темир йўлини қуриш лойиҳасини муҳокама қилган эдилар.

Ўзбек расмийларининг маълум қилишича, ушбу янги лойиҳа халқаро денгиз йўлларига бевосита чиқиш имконидан маҳрум Афғонистон ва Марказий Осиё давлатларига Покистон денгиз портлари томон йўл очади.

Тошкентда ўтган уч томонлама учрашувда Мозори Шариф - Кобул — Пешавор темир йўли ўтувчи ҳудудларни биргаликда ўрганиш, молия ва қурилиш жараёнини бошқариш масалалари борасида фикр алмашилган.

"Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан илгари сурилган ва бутун Марказий Осиё минтақасидаги кўп миллатли халқлар учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Мозори-Шариф - Кобул - Пешавор темир йўли лойиҳаси "аср ҳодисаси" бўлди, десак муболаға эмас», деган Норбоева 5 февраль куни.

Бундан аввал Покистон Бош вазири Имрон Хон трансафғон темир йўли қурилишига халқаро молия институтларидан қарийб 5 миллиард доллар маблағ жалб этилишини маълум қилган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek