Путин Россияси кучайиб, Хитой заифлашса, Ўзбекистон ва Марказий Осиёга нима бўлади ёки Америкада Трамп қудратга қайтишининг минтақа учун оқибати яхшими ё ёмон?

Сурат манбаси, Getty Images/Reuters/Rasmiy

Сурат тагсўзи, Сўнгги Америка президентлиги сайлови дунёда геосиёсий танглик бу яқин ўн йилликларда “мисли кўрилмаган бир даража”га етган, ҳатто, ярим асрдан кўпроқ ўтиб, ядровий уруш хавфи яна кун тартибига қайтган бир пайтга тўғри келди.
  • Author, Феруза Раҳмон
  • Role, bbc.com/uzbek

Америка Қўшма Штатларида қудратга Республикачи Дональд Трампнинг қайтиши минтақада янги хавотирларни пайдо қилмоқда. Энди Марказий Осиёнинг “геосиёсий тузоқ”қа тушиб қолиши эҳтимоли шунчалик кучаядими? Манёвр қилиш имконияти-чи, ортиқ қолмайдими?

Энди нима бўлади?

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, 5 ноябр кунги Америка президент сайловининг эртасигаёқ Марказий Осиё давлатлари лидерларининг барчаси бирдек Дональд Трампни ғалабаси билан расман қутлашгани, айниқса, Украина уруши манзарасида четда ҳам эътибор тортган, турли талқин ва таҳлилларга сабаб воқеъликка айланган.

Бу галги Америка президентлиги сайлови дунёда геосиёсий танглик бу яқин ўн йилликларда “мисли кўрилмаган бир даража”га етган, ҳатто, ярим асрдан кўпроқ ўтиб, ядровий уруш хавфи яна кун тартибига қайтган бир пайтга тўғри келди.

Россиянинг Украинага босқини кучайиб бораётган, худди шу уруш фонида Россия Хитойга, икковлон яна Марказий Осиёга тобора яқинлашаётган, Глобал Жанубни жипслаштириб, кўпқутбли дунё талабидаги даъватларига зўр бераётган, бунинг зиддига минтақага коллектив Ғарбнинг диққат-эътибори ҳам кучайган, уни ҳамкорлигининг марказига қўйган, Ғазо мисолида бўладими, Ливан ёки Эрон – Яқин Шарқдаги вазият янада кескинлашиб, дастлаб Исроил ва Ҳамас ўртасида бошланган қуролли низонинг энди бутун минтақага сачраши, катта урушга айланиши эҳтимоли тобора реаллик касб этиб бораётган бир фазода бўлиб ўтди.

Дунёда геосиёсий танглик ва иқтисодий инқирозни кучайтираётган бу урушлар сўнгги Америка президент сайловида ҳал қилувчи аҳамият касб этган омилларга ҳам айланди.

Америка Қўшма Штатлари бугунги глобал геосиёсий танглик ортида турган йирик қуролли можароларга бефарқ эмас, Россияга қарши уруши ва мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ҳимоясида Украинани ҳар томонлама қўллаб келаётган энг йирик донор давлат, шу уруш билан кечаётган уч йилча вақт ичида Марказий Осиё мамлакатларини ҳам Россия таҳдидидан расман ва ошкора огоҳлантиришга ўтган, вакилларининг ташрифларини фаоллаштирган, минтақада Россия ва Хитойга ўзаро рақобатда бўлган геосиёсий ўйинчи, бошқа томондан, Исроилнинг яқин иттифоқчиси, унинг ўзини муҳофаза қилиш ҳуқуқини ошкора ҳимоя қилиш баробарида Россия ҳам ҳали собиқ Шўролар давридан буён ўзининг манфаатларига эга Яқин Шарқда ўзаро адоватда бўлган томонлар ўртасида воситачилик ролини бажариш ҳаракатида бўлган, ўзининг ўрни ва таъсирига эга глобал қудрат.

5 ноябр куни иккинчи бор президент этиб сайланган Республикачи Дональд Трамп эса ўзининг илк ваколати даврида Американи биринчи ўринга қўйувчи изоляционистик ташқи сиёсати билан танилган ва бу галги бошқаруви худди шуниси билан ҳам минтақадагилари илова дунёнинг қатор мамлакатларида аллақачон хавотирларга ҳам сабаб бўлиб улгурган.

Дунёнинг етакчи нашрларида Трампнинг ғалабаси қай бир давлат учун ва нега муҳим эканига оид хос таҳлилларга ҳам туртки берган.

Бу каби хавотирлар эса, Трампнинг яна бир бор президентлик ваколати ижросига киришиши Американинг бугун бўй кўрсатиб турган ана шу йирик қуролли можаролардаги иштирокига якун ясаши, улардан четга тортиши мумкинлиги эҳтимолига асосланган.

Трамп, дейлик, ўзининг сайловолди кампанияси чоғида Украина урушига бир кунда чек қўйишини айтиб, аммо қандай қилиб эканига ҳали-ҳануз ойдинлик киритмагани бунинг Украина ҳудудий яхлитлиги эвазига бўлиши, бу каби эҳтимол эса, постсовет маконида Россия ва Путин мавқеининг янада кучайишига оид қўрқувларни пайдо қилмай қўймаган.

Бошқа томондан, Америка Қўшма Штатларида яна Трампнинг қудратга келаётгани унинг илк бошқаруви ва расмий Пекин “бўлгинчи”, деб кўрувчи Тайвань атрофидаги воқеаларнинг сўнгги ривожи мисолида Хитой билан камида савдо урушига оид жиддий қўрқувларнинг ҳам кун тартибига қайтишига сабаб бўлган.

Бу ҳам Марказий Осиёда эътиборга молик воқеъликка айланган, воқеаларнинг бу каби ривожи минтақа учун нимани англатажагига оид саволлар Америка президенти сайлови ортидан кечган саноқли кунларнинг ўзидаёқ Ўзбекистон илова аксарият минтақа давлатларида хос таҳлилларга ҳам сабаб бўлиб улгурган.

Америка ва сайлов: Президент ўзгарса, Украина, Яқин Шарқ ва Хитой нима бўлади?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

АҚШ, Хитой ва Марказий Осиё

Сурат манбаси, rasmiy

Сурат тагсўзи, Хитой бугун Марказий Осиёдаги энг йирик сармоячи ва кредиторлардан бири ҳам бўлади. Аксар аҳолиси нисбатан камбағал минтақада муҳим ўрин тутувчи иқтисодий ва геоиқтисодий қудрат.

Хитой Америка Қўшма Штатлари билан бирга дунёнинг энг йирик иккита ҳарбий ва иқтисодий қудратидан биттаси саналади, у ҳам ўзининг ядровий арсеналига эга, аммо, бошқа томондан, энг йирик савдо ҳамкори айнан Америка бўлган давлат.

Бошқа томондан, Хитой бугун Марказий Осиёнинг энг йирик сармоячи ва кредиторларидан бири.

Аксар аҳолиси нисбатан камбағал минтақада муҳим ўрин тутувчи иқтисодий ва геоиқтисодий қудрат.

Хитой ўзининг умумий қиймати миллиардлаб долларлик йирик иқтисодий ва транспорт лойиҳаларини ҳам Марказий Осиёга боғлаган, дунёнинг минтақага бундай ташаббуслар, Украина уруши фонида уларнинг ўз мустақилликлари тарихида кўрилмаган улкан ҳамкорлик режаси ва йирик молиявий кўмак ваъдаси билан чиққан ягона давлати.

Украина уруши фонида эълон қилган худди шу оламшумул режаси энди Россиянинг зиддига минтақада Хитойнинг сиёсий таъсири кучаяди, деган талқинларга ҳам замин яратган.

Худди шу манзарада дунёда бўй кўрсатиб турган мавжуд геосиёсий танглик бир неча йилнинг ўзида Марказий Осиё давлатлари пойтахтларида ҳам аллақачон жиддий хавотирларга молик масалалардан бирига айланиб бўлган.

Ўзбекистон бўладими ёки Қозоғистон, минтақанинг энг йирик давлатлари лидерлари шу қисқа вақтнинг ўзида бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири ўз минтақаларини ҳам четлаб ўтмаётганлиги, “мураккаб синовларни бошларидан кечираётганликлари”ни расман ва ошкора эътироф этишгача боришган.

Жумладан, Ўзбекистон президенти кескин геосиёсий зиддиятлар ва глобал иқтисодий инқирознинг иқлим ўзгариши билан бирга ўз мамлакати иқтисоди ва аҳолиси даромадига таъсирига ўзининг эътиборини қаратган, айниқса, Яқин Шарқ можаросига халқаро қонунчилик доирасида дипломатик йўлда ечим топишга ундаб, каттаю кичик минбарлардан бир эмас, қайта, қайта даъват билан чиққан.

Расмий Тошкентнинг Украина масаласида ҳам нейтрал мавқеъда экани кўрилган, орада "Ўзбекистон Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиши, Луганск ва Донецк мустақиллигини тан олмаслиги"ни ҳам расман баён қилган.

Глобал иқлим ўзгариши ҳам Дональд Трампнинг қудратга қайтаётгани фонида халқаро миқёсда жиддий хавотирларга сабаб бўлаётган яна бир муаммо сифатида кун тартибига қайтган ва аллақачон хос эътибор топган.

Республикачи номзоднинг иккинчи бор президентлик ваколати ижросига киришиши иқлим ўзгаришига қарши олиб борилаётган ва шундоқ ҳам етарлича эмаслиги таъкидлаб, танқидларга тутиб келинаётган чора-тадбирларга зарба экани айтилади.

Ўзбекистон президенти эса, шу кунларда Бокуда бўлиб ўтаётган халқаро саммитда иқлим ўзгаришини геосиёсий тангликнинг кучайишига бевосита таъсир кўрсатаётган бугунги куннинг глобал таҳдидига қиёс берган, Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё унинг оқибатларини ўткир ҳис қилаётганлигини таъкидлаган.

Геосиёсий рақобат остидаги минтақа

Сурат тагсўзи, Марказий Осиё геостратегик жиҳатдан муҳим, Россия, Хитой, Эрон, яқин-яқингача урушлар ичида бўлган, Ўзбеклари илова турли жангари гуруҳлар бошпана топган, жанг қилган, жон сақлаб келаётган ва уч йилдирки, муваққат ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмаётган, аммо Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлаш имкониятига эга Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга чегарадош минтақа бўлади.

Аҳолиси саксон миллиондан ортувчи Марказий Осиё шундоқ ҳам камбағаллик, ишсизлик ва коррупция анчайин долзарб муаммолигича қолаётган, жиддий экологик муаммоларга юз тутган, кузатувчилар наздларида, диний радикализм, ижтимоий портлаш хавфи нисбатан юқори, орада жангарилик муаммосидан ҳам зиён чеккан минтақа бўлади.

Аксарият минтақа давлатларининг иқтисоди аксаран қишлоқ хўжалигига асосланган, миллионлаб фуқароси четда, асосан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд, тирикчилиги асосан шунинг орқасидан ўтади.

Россия уларнинг энг йирик савдо-иқтисодий шерикларидан биттаси, энг йирик ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори ҳам бўлади.

Аммо геостратегик жиҳатдан муҳим, Россия, Хитой, Эрон, яқин-яқингача урушлар ичида бўлган, Ўзбеклари илова турли жангари гуруҳлар бошпана топган, жанг қилган, жон сақлаб келаётган ва уч йилдирки, муваққат ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмаётган, аммо Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлаш имкониятига эга Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга чегарадош.

Аҳолисининг аксариси мусулмон, табиий энергия захиралари, уран бўладими ёки бошқа, стратегик аҳамиятга эга турли ноёб маъданларга бой, айнан Россия, Хитой ва АҚШ мисолида дунёнинг глобал ядровий, геосиёсий, геоиқтисодий ва ҳарбий қудратлари, йилларки, ўзаро рақобатда ва манфаатларини парваришлаш ҳаракатида бўлган, Украина уруши фонида улар ўртасидаги геосиёсий рақобат янада кучайган, худди шу манзарада дунёнинг энг йирик туркий тилли давлати бўлган Туркия ҳам янги ўйинчи сифатида саҳнага кириб келган ҳудуд.

Айнан сўнгги йилларда ўзаро геосиёсий ва геоиқтисодий рақобатда бўлган бу қудратлар барчаси томонидан давлатларининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги расман ҳамда ошкора қўллаб-қувватланаётган, Россия Ғарб таҳдидидан, Ғарб Россия тажовузидан расман ва ошкора огоҳлантираётган минтақа.

Америка президент сайловининг эртасигаёқ Марказий Осиё давлатлари лидерларининг барчаси бирдек Трампни ғалабаси билан расман қутлашгани ҳам, айниқса, Украина уруши манзарасида четда ҳам эътибор тортган, турли талқин ва таҳлилларга сабаб воқеъликка айланган.

Уларнинг ҳаммаси ўз табрикларида “ўзаро ҳурматга асосланган”, “манфаатли”, “тенг”, “дўстона” сифатларида бўладими ёки “кўпқутбли” “янги даражага кўтарилувчи” – Дональд Трамп бошқаруви остидаги Америка Қўшма Штатлари билан ҳамкорликка умид билдириб қолишган.

Табрикларнинг ичида энг муфассали ва кўп қирралиси эса, Ўзбекистон президенти экани кўрилган.

Шавкат Мирзиёев Трампни табриклаш баробарида Америка Қўшма Штатларининг янги сайланган Республикачи президентини Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга ҳам даъват қилган.

У Ўзбекистон АҚШнинг мамлакат мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги доимий позициясини ҳам юксак қадрлашини таъкидлаган.

Бу ҳам Марказий Осиё президентларининг Трампга йўллаган табриклари манзарасида айнан Шавкат Мирзиёевникида кўпчилик ўзининг диққатини қаратган энг муҳим нуқталардан бири бўлган.

Пойтахт Тошкентдан олинаётган хабарларга кўра, Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сўзсиз қўллаб-қувватлашини яна бир бор баён қилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги тўртинчи йиллик Стратегик шериклик мулоқоти ҳақидаги қўшма баёнотда айтилган.

Баёнот тафсилотларидан маълум бўлишича, АҚШ Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов бошчилигида кеча, 14 ноябр куни бўлиб ўтган учрашув чоғида икки давлат ўртасида иқтисодий, хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Томонлар форум мақомини кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқоти даражасига кўтаришга ҳам келишиб олишган.

Дональд Трамп Шавкат Мирзиёев билан бир вақтда қудратга келган.

Америка Қўшма Штатлари айнан Трампнинг илк бошқаруви даврида Ўзбекистон билан “стратегик шерикликнинг янги даври”ни бошлаган.

Айнан Трампнинг таклифи билан Ўзбекистон президенти 2018 йилда Америка Қўшма Штатларига ўзининг илк расмий ташрифини ҳам амалга оширган.

Томонлар ўшанда бир ташрифнинг ўзидаёқ “стратегик шерикликнинг янги даври”ни бошлаганликларини эълон қилишган.

Дональд Трамп эса, Ўзбекистон президентининг бу ташрифини “тарихий”, деб аташгача борган.

Президент Мирзиёев, шунингдек, ўзининг табригида Афғонистонда барқарорликни таъминлаш, унинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмаклашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни ҳам Дональд Трамп бошқаруви остидаги Америка томони билан ҳамкорликнинг муҳим жиҳати сифатида тилга олган.

Марказий Осиё, Афғонистон, Толибон ва Трамп

Сурат тагсўзи, Афғонистон яқин-яқингача дунёнинг асослари Ўзбекистонга бориб тақалувчи Ўзбекларники илова турли жангари гуруҳлар бошпана топган, жанг қилган ва жон сақлаб келаётган давлатларидан бири эмасми, қўшниларидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг издан чиқиши эҳтимоли сўнгги уч йил ичида яна минтақа давлатлари барчасининг бирдек хавотирига молик яна бир хавфсизлик муаммосига айланган.

Дональд Трамп Афғонистон Толибон ҳаракати билан “тарихий” битимга эришган биринчи АҚШ президенти бўлади.

Трамп илк президентлик ваколатининг сўнгги йили, яъни 2020 йилда имзоланган худди шу битим Афғонистонда АҚШ ва НАТО бошчилигидаги халқаро иттифоқ кучларининг йигирма йиллик ҳарбий ҳозирлигига якун ясаган.

Аммо, бошқа томондан, мазкур келишув Афғонистон Толибон ҳаракатининг яна қудратга қайтишига ҳам йўл очган.

Узоқ йиллик урушлар ичидаги мамлакат тин олган эса-да, Афғонистон Толибон томонидан яна ўзининг Шаръий қадриятлари асосида бошқарилувчи Исломий Амирлик, деб эълон қилинган, инклюзив эмасликда танқид қилинувчи ва ҳали-ҳануз дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман тан олинмаган муваққат ҳукуматига асос солишига олиб келган.

Толибон муваққат ҳукумати орадан уч йил ўтиб ҳам, халқаро ҳамжамият томонидан илгари суриб келинаётган асосий шартлардан ҳеч бирини бажармаган, инклюзив ҳукуматга оид даъватларни ҳам бежавоб қолдирган.

Толибоннинг қудратга қайтиши ортидан Афғонистонда юзага келган ижтимоий-иқтисодий вазият эса, орада мамлакат "Ер юзининг жаҳаннами"га айланишига оид қўрқувлар ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Афғонистон яқин-яқингача дунёнинг асослари Ўзбекистонга бориб тақалувчи Ўзбекларники илова турли жангари гуруҳлар бошпана топган, жанг қилган ва жон сақлаб келаётган давлатларидан бири эмасми, қўшниларидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг издан чиқиши эҳтимоли сўнгги уч йил ичида яна минтақа давлатлари барчасининг бирдек хавотирига молик яна бир хавфсизлик муаммосига айланган.

Толибон қудратга қайтиши ортидан, Афғонистонда Америка Қўшма Штатлари бошчилигидаги халқаро коалиция ҳам Яқин Шарқда мавҳ этишда муҳим ўрин тутган ИШИД жангари гуруҳининг Хуросон қаноти қайта фаоллашган.

ИШИД эса, ўз вақтида ҳарбий экспертлар орасида дунёдаги энг йирик Ўзбек жангари гуруҳ сифатида кўрилган ва илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи Ўзбекистон Исломий ҳаракати энг сўнггида тўлиғича байъат келтирган жангари гуруҳ.

Афғонистондаги жангарилик 2000-йиллар бошларида Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатларининг Вашингтоннинг “террорга қарши уруши”га бош қўшиш, Россиянинг таъсири остидаги минтақада АҚШ ҳарбий базаларига жой беришларигача сабаб бўлган.

Улар Афғонистонда Толибон қудратга қайтиши ортидан Ғарб нашрларида АҚШ ўзининг ҳарбий базаларини қайтариш учун музокаралар олиб бораётган давлатлар қаторида ҳам тилга олинишган.

Байден маъмурияти эса, ўша пайтда Афғонистондан ҳаво ҳудудини бузиб олиб ўтилган АҚШ авиатехникасини ҳам Ўзбекистонда қолдиришга қарор қилган, томонларнинг бу хусусда ҳали-ҳануз ўзаро ҳамкорликда эканликлари ҳам англашилган.

Ўзбекистон ва президенти айнан хавфсизлик омили туфайли ҳали қудратга қайтмасидан туриб Афғонистон Толибон ҳаракати билан мулоқот йўлини танлаган, чегарадош қўшниси билан дипломатик алоқаларини узмаслик, иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга қарор қилган.

Бу каби мавқеъни тутаётган дунёнинг саноқли давлатлари сирасига киради.

Афғонистон, бошқа томондан, дунёнинг Ўзбекистондан кейин Ўзбеклар энг кўп сондаги яшовчи иккинчи давлати бўлади.

Узоқ йиллик урушлар боис, аҳолиси бу яқин ўн йилликларда расман рўйхатга олинмаган бўлса-да, у ердаги Ўзбекларнинг сони турли манбаларда миллионларга нисбат берилади.

Афғонистондаги Толибон ҳукумати ҳам Дональд Трампнинг сайловдаги ғалабасини беэътибор қолдирмаган, муваққат ташқи ишлар вазирлиги бу хусусда баёнот билан чиққан.

“Дональд Трамп бошчилигидаги янги маъмурият “АҚШ-Толибон муносабатларида сезиларли тараққиётга эришиш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятини яратиш учун реал қадамлар ташлашига умид қилаётганлик”ларини айтган.

Шундай экан, воқеаларнинг сўнгги ривожи фонида Дональд Трампнинг Америка Қўшма Штатларида яна қудратга қайтиши Ўзбекистон, Марказий Осиё минтақаси ва Афғонистон учун нимани англатади? Худди шу манзарада Украина, Россия, Хитой ва Яқин Шарқнинг ўзи учун-чи?

Би-би-си худди ана шундай савол билан қатор минтақавий экспертлар ва ўзининг мазкур давлатлардаги мухбирлари баҳо ва таҳлилларини ўрганди:

Досум Сатпаев

Минтақавий сиёсий таҳлилчи

Дональд Трамп умуман олганда, минтақа, яъни Марказий Осиё давлатлари учун кутилмаган, нотаниш шахсият эмас.

2016 йилги тўрт йиллик президентлиги ваколати даврида у Қозоғистон раҳбарияти билан ҳам учрашган.

Аммо бу гал масаланинг бошқа бир жиҳати бор. 2024 йилги Америка президенти сайлови 2020 йилдагисидан фарқ қилади.

Сайлов, бир томондан, Украина ва Яқин Шарқ мисолида икки жиддий қуролли можаро фонида бўлиб ўтди.

Кейин яна бир нуқта бу - АҚШ ва Хитой ўртасидаги кескин танглик.

Чунки демократлар даврида ҳам АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар ўнгланмади.

Менимча, Дональд Трамп келиши билан АҚШ манфаатлари қарама-қаршилик нуқтаи назаридан айнан Хитойга кўпроқ йўналтирилади.

Демократлардан фарқли ўлароқ, Украина можароси Дональд Трамп учун устуворлик касб этмаслиги аниқ.

Бунда Марказий Осиё давлатлари учун маълум хавфлар бор, албатта.

Чунки Украина икки мингинчи йиллардан бери тажовузга фаол қаршилик кўрсатиб келади.

Шунча йилдан бери Россиянинг анчайин қудратли ҳарбий-сиёсий, ахборот ва иқтисодий ресурсларини ўзига жалб қилади.

Шу тариқа Украина маълум даражада ҳатто бошқа мамлакатларнинг барқарорлигини ҳам таъминлайди.

Чунки Қозоғистондаги кўпчилик, агар Россиянинг сценарийси амалга ошиб, Киев уч-тўрт кун ичида қўлга киритилганида, айтайлик, Путиннинг бирлаштириш концепцияси нуқтаи назаридан кейинги нишон ўзлари бўлган бўлишлари мумкинлигини яхши тушунади.

Шунинг учун ҳам, Трамп даврида Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдамнинг қисқариши, албатта, маълум салбий оқибатларга олиб келади.

Сабаби, бу Украина ҳарбий қудратининг заифлашишига сабаб бўлиши ва жанг жабҳасида муаммоларни пайдо қилиши мумкин.

Агар Россия мазкур можародан қайсидир маънода ғолиб бўлиб чиқса, у ўзининг мавқеини янада мустаҳкамлаши хавфи йўқ эмас.

Чунки биз ҳатто урушга қарамай, Россия бошқа давлатларни назорат қилиш ҳаракатида эканига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Мана, Молдовада бўлиб ўтган президент сайловига аралашувни кўрдик. Яна, шунингдек, Грузиядаги парламент сайловларида Россиянинг таъсирини кўрдик.

(Москва ҳар икки давлат мисолида ҳам буни расман рад этган - таҳр.).

Шу сабабли, умуман олганда, ҳозирда Россия омили ҳақиқатан ҳам хавф туғдираётгани маълум бўлади.

Шунинг учун ҳам, менимча, биз Трампнинг келишини, биринчи навбатда, айтайлик, Украинага қўлловнинг камайиши ва Хитой билан кескинликнинг кучайиши нуқтаи назаридан кўриб чиқишимиз керак.

Бу Марказий Осиё давлатлари учун яна бир муаммо. Чунки Хитой халқаро транспорт йўналишлари рўйхатида, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида минтақа давлатлари учун муҳим ҳамкор ҳисобланади.

Шу боис ҳам, АҚШ ва Хитой ўртасидаги ҳар қандай кескин қарама-қаршилик, биринчидан, янада қаттиқ савдо урушига олиб келади.

Иккинчидан, бундан ҳам ёмонроғи, дейлик, Вашингтон Марказий Осиё давлатларидан Хитой билан камроқ ҳамкорлик қилиш ёки бетараф мавқеъни эгаллашни талаб қилиши мумкин.

Буни, албаттаки, Марказий Осиё давлатлари қила олишмайди.

Янада ёмон эҳтимол эса, Тайвань атрофидаги қарама-қаршиликнинг АҚШ, унинг иттифоқчилари ва Хитой орасида жиддий ҳарбий можарога айланиши.

Бу ҳолатда Марказий Осиё давлатлари геосиёсий тузоққа тушиб қолишади.

Чунки улар Россия ва Ғарбга қарши мавеқъни эгалловчи Хитой ўртасида бўладилар. Ва табиийки, бундай ҳолатда Россия-Хитой иттифоқи ўзларига қўшилишлари учун Марказий Осиё давлатларига босим ўтказишади.

Унда бизда ҳозиргидек манёвр қилиш учун бирор бир имконият қолмайди, чунки бундай имконият эса, ҳалича бор.

Шу боис, менимча, жорий пайтда Марказий Осиё давлатлари учун ҳар икки – Украина ва Хитой фактори жуда муҳим. Демакки, уларни диққат билан кузатиб боришимиз лозим бўлади.

Савол: Шундай экан, каби эҳтимоллар қаршисида Марказий Осиё давлатлари нима қила олишади?

Геосиёсий ва геоиқтисодий вазни назарда тутилганда, Марказий Осиё давлатлари халқаро саҳнада йирик ўйинчилар эмас.

Қила оладиган ягона нарса яқиндагина Бишкекда 11-саммитини ўтказган ўша Туркий давлатлар ташкилоти доирасида бўлиши мумкин.

Улар бу шатранж тахтасида фақат Хитой, ёки АҚШ, ёки Россия ҳукмронлигига йўл қўймаслик учун ҳар қандай ҳолатга қарши аллақачон тайёргарлик кўришлари мумкин эди.

Менимча, айнан туркий тилли давлатларнинг фаол бирлашуви, жипслашуви, янада қизғин иқтисодий ҳамкорлик, умумий бозорлар яратиш ва қўшма иқтисодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга боришлари уларни, маълум маънода, ҳар қандай салбий эҳтимоллардан ҳимоя қила олиши мумкин бўлади.

Алишер Илҳомов

Лондондаги “Марказий Осиё Due Deligence” таҳлил маркази директори

Трампнинг сайловолди ташвиқоти пайтида қилган баёнотлари ва ундан олдин айтган сўзларига ишонилса, афтидан, Москва билан қандайдир яқинлашув бўлади.

Яъни, бу Украинага, унинг манфаатларига, ҳудудий суверенитетига салбий таъсир қилиши мумкин.

Чунки Трамп аллақачон қандайдир муроса йўлини излашини айтган.

Москва ўз қўшинларини Украинадан олиб чиқиб кетмаслик ва ишғол қилган ерларини қайтариб бермаслик мавқеида экандек кўринади.

Унинг айни мавқеи назарда тутилса, сўз бу ҳудудий босиб олишларни қонунийлаштирилишига асосланган тинчлик ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.

Агар Москванинг позицияси шу тариқа кучаядиган бўлса, у буларнинг барчасини урушдаги ўзига хос ғалабаси сифатида тақдим этиши ва Кремлдаги бошқарувнинг легитимлигини мустаҳкамлаши мумкин бўлади.

Худди шу нарса Марказий Осиё давлатларига билвосита салбий таъсир кўрсатади, Вашингтон томонидан қандайдир тўғридан-тўғри амаллар эмас.

Яъни, умуман олганда, бу сайловлардан фойда олувчи Москва, Кремль бўлади.

Россия бунинг орқасидан глобал миқёсда, жумладан, постсовет маконида ўзининг мавқеини мустаҳкамлайди. Бу биринчиси.

Иккинчидан, Трамп ҳар доим инсон ҳуқуқлари масаласига нисбатан совуққонлик билан муносабатда бўлиб келган.

Шу боис ҳам, Вашингтондан Марказий Осиё давлатларига нисбатан ушбу масалада позицияси ёки босими сусайишини кутишимиз мумкин.

Аслида сўнгги пайтларда ундай кучли босимнинг ўзи ҳам бўлмаган.

Афтидан, хусусан гендер ҳуқуқлари масаласида қандайдир муросага борилган ва дейлик, Ўзбекистон ҳам бу борада муайян ютуқларга эришган.

Кўринишича, бу Вашингтонни ҳам қониқтирган.

У нафақат гендер ҳуқуқлари соҳасида, балки инсон ҳуқуқлари масалаларида ҳам қандайдир муросага интилмаслиги мумкин.

Айтайлик, Вашингтоннинг таъсирини кучайтириш учун геосиёсий даражадаги баъзи қарорлардан манфаатдор бўлиши ва фуқаролик эркинликлари нуқтаи назаридан Марказий Осиёда содир бўлаётган воқеаларга панжа орқасидан қараши мумкин.

Шу нуқтаи назардан, ҳа, қандайдир ҳаракатлар бўлади.

У қандай ечимлар излайди, минтақамизда қандай стратегик масалаларни ҳал қилади, буни ҳалича билмаймиз, ҳозирча Трамп бу мавзуда, постсовет ҳудуди ҳақида ҳеч нарса демади.

Ҳатто Украина масаласи ҳам ҳар икки номзоднинг сайловолди дастурида қандайдир иккламчи аҳамият касб этгандек кўринди.

Аммо ҳозир биз, юқорида айтганимдек, Москванинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан мавқеи ва диктатининг кучайишини кутишимиз мумкин.

Нафақат Марказий Осиёда, балки, айтайлик, Транскавказда, бутун постсовет маконида.

Москва жуда Рус империясини тиклаш бўлмаса-да, постсовет маконига нисбатан қандайдир устувор, яъни уларга қай бир иттифоққа қўшилиш-қўшилмаслик, хусусан, НАТОга кирмасликларини талаб қила олиши мумкин бўлган хос ҳуқуқларга эга бўлмоқчи эди.

Путин узоқ вақтдан буён Ғарбдан мана шундай муроса излаётганди.

Энди эса, у, афтидан, қандайдир ён беришлар эвазига Трампдан ана шундай карт-бланш олиши мумкин.

Лекин Трамп тинчликка эришишини айтди. Бу ўзининг дипломатик ютуғини беради.

Умуман олганда, уруш тўхтатилиши мумкин.

Аммо у Украинанинг ҳудудий яхлитлиги эвазига бўлиши эҳтимоли бор.

Кўринишидан, қолган постсовет маконига нисбатан ҳам тахминан худди шундай ҳолатни кузатиш мумкин бўлади.

Доктор Довуд Аъзамий

Би-би-си Жаҳон хизмати муҳаррири, халқаро сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича эксперт

Афғонистондаги Толибон ҳукумати Дональд Трамп бошқаруви остида Америка Қўшма Штатлари билан ўзаро муносабатларида “янги саҳифа” очилишига умид қилаётганини айтмоқда.

Толибон ва Трамп бир-бирларининг ёндашувлари билан қандайдир маънода таниш, шу жумладан, ўзлари учун нима муҳим экани борасида ҳам.

Улар Трампнинг илк бошқаруви даврида ўзаро мулоқотда бўлишган.

Дарҳақиқат, айнан Трамп 2018 йилда Толибон билан тинчлик музокараларини бошлаган.

Натижада 2020 йилнинг февралида томонлар ўртасида тинчлик келишувига эришилган ва бу АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқилишига йўл очган.

Толибоннинг янги АҚШ маъмуриятидан ўз умидлари бор.

Бу Афғонистоннинг четда музлатиб қўйилган активларини очиш, молиявий чекловларни олиб ташлаш, Толибон етакчиларининг исмларини АҚШ ва БМТ қора рўйхатидан чиқариш ҳамда Толибонни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида тан олиш кабиларни ўз ичига олади.

Бошқа томондан, Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон ҳақида гап кетганда, Америка Қўшма Штатлари ўзининг устуворликлари ва манфаатларига эга.

Жумладан, террорчиликка қарши кураш Америка учун шундай йўналишлардан бири ҳисобланади.

Толибоннинг ИШИДга қарши амалиётлари ёки уларнинг ҳеч кимнинг АҚШга таҳдид солишига йўл қўймаслик сиёсати Трампнинг эътиборида бўлади.

Шунингдек, Толибон ва АҚШ маҳбусларни айирбошлаш бўйича музокараларни ҳам бошлаши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Чунки Толибон бир қанча Америка фуқаросини асирликда ушлаб турибди ва Трамп бунинг учун масъулиятни ўз зиммасига олиши мумкин.

Айни пайтда Толибон ҳукумати Трамп президентлиги даврида кўпроқ босим остида қолиши мумкин.

Бироқ АҚШдаги баъзи доираларда қаттиқ ундаш ва унга ҳаддан зиёд босим ўтказиш Толибонни Хитой, Россия ва Эрон билан яқинлаштириши мумкин, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Инсон, айниқса, хотин-қизлар ҳуқуқлари, Афғонистондаги Толибонга алоқаси бўлмаган турли сиёсий гуруҳ ва ҳаракатларни ҳам ўз ичига олувчи инклюзив ҳукумат – АҚШ ўзининг эътиборини қаратиши кутилаётган яна икки соҳа бўлади.

Лекин Толибон Трамп маъмурияти билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилади ва АҚШ сармоясини Афғонистондаги турли соҳалар, жумладан, конлар, фойдали қазилмалар ва мамлакат инфратузилмасига таклиф қилади.

Умуман олганда, Толибон ҳукумати Трампнинг Оқ уйида яхшироқ ҳамкор топиши ва Толибон билан алоқалар кучайиши мумкин.

Украина

Сурат манбаси, Getty Images

Жеймс Уотерҳаус, Би-би-сининг Украина бўйича мухбири, Киев

Трамп Украина фронтининг тин олиши деганими?

“Трампнинг хатти-ҳаракатларини олдиндан башорат қилишга уринманг. Унинг нима қилишини ҳеч ким олдиндан билмайди...”.

Украиналик депутатнинг бу сўзлари Киев тўқнаш келиб турган сиёсий муаммони ўзида ифодалайди.

Трампнинг сайловдаги ғалабаси бу ерда аксарият томонидан анчайин хавотир билан қарши олинди.

Чунки Америка бундан кейин ҳам Украинани қўллайдими ёки йўқлиги маълум эмас.

Республикачи Трамп Украина урушини бир кунда тугатишга ваъда берган.

Американинг Украинага ҳарбий ёрдамини тўхтовсиз танқид қилган.

Энди эса, ҳамманинг оғзида унинг нима қилиши мумкинлиги.

“Трамп Путиндан урушни музлатишни сўраши мумкин ва у бунга “Хўп”, деб жавоб беради. Бу эса, энг ёмон сценарий бўлади. Чунки бир неча йил ўтиб, Россия яна ҳужум қилади ва бизни яксон этиши мумкин”, - дейди жанг жабҳасидаги аскар.

“Иккинчи сценарий эса, Путиннинг рад жавоб бериши эҳтимоли. Трамп бунга радикал тарзда муносабат билдириши мумкин. Бу янада истиқболли сценарий”, - дея ўз сўзларида давом этади у.

Украина эҳтимолий мағлубиятлари қаршисида Америка бизни яна ҳарбий жиҳатдан қўллайди, деган умидда.

Жанг жабҳаси яқинидаги Россиянинг тажовузидан тўйиб кетганлар учун эса, Трамп тин олишнинг бир имконияти.

Ўз вақтида Трамп томонидан “тарихдаги энг буюк сотувчи”, деб аталган Украина Президенти Володимир Зеленский уни биринчилардан бўлиб сайловдаги ғалабаси билан қутлади.

У ҳамкорлик келтириши мумкин бўлган сиёсий ва иқтисодий имкониятлар ҳақида сўз юритди. Бунинг эвазига курашни давом эттириш истагида эканини айтди.

Масаланинг яна бир жиҳати бор. Трамп нафақат Украинага кейинги ҳарбий ёрдам, балки Шимолий Кореянинг Россия босқинида кучайиб бораётган аралашувига қандай ёки умуман жавоб бериш, бермаслик масаласини ҳам кўриб чиқиши керак бўлади.

Россия

Сурат манбаси, Getty Images

Россия “мулоқотга тайёр”

Путин Трампни “жасур одам” деб атади

Россия президенти Дональд Трампни ғалабаси билан Америка президент сайловидан икки кун ўтиб, 7 ноябрда табриклади.

Путиннинг табригига оид хабар матбуот воизининг Россия президентининг, “Трампни табриклаш режасидами-йўқлигидан ўзининг бехабар” эканлигини айтган куннинг эртасига олинди.

Россия президенти Трампни Сочидан туриб қутлади, уни “жасур одам”, деб атади.

Путин президентлигининг илк даврида Трамп “ҳар томондан таъқибга учрагани”ни ҳам иддао қилди.

Россия президенти, шунингдек, Трампнинг Украинадаги урушни тугатишга ёрдам бериши мумкинлиги ҳақидаги даъвоси “ҳеч бўлмаганда эътиборга лойиқ” эканини айтди.

Ўзининг сайловолди кампанияси даврида Трамп Украина урушига бир кунда барҳам беришини қайта-қайта айтган, аммо ҳеч қачон буни қандай қилмоқчи экани тафсилотларига тўхталмаган.

“Дональд Трамп билан музокараларга ҳозирмисиз”, деган саволга Путин, “Биз тайёрмиз, тайёрмиз”, деб жавоб берган.

Худди ўша куни Трамп ҳам NBC News каналига, “Менимча, гаплашамиз”, деркан, Россия билан мулоқотга шайлигини билдирган.

Кремль Дональд Трамп илк бор ғолиб чиққан 2016 йилги Америка президент сайловига аралашганликда ҳам айбланган.

Аммо бу каби айбловлар расмий Москва томонидан рад этилган.

11 ноябр куни эса, Кремль Трампнинг ўзини табриклаган куни Россия президенти билан қўнғироқлашиб, Путинни Украинадаги урушни авж олдирмаслик билан огоҳлантирганига оид хабарларни рад этиб чиққан.

Икки томон ўртасидаги телефон мулоқоти ҳақида якшанба куни Американинг нуфузли “Вашингтон Пост” нашри ҳам хабар берган.

Хабарларга кўра, Трамп Путин билан телефон мулоқоти чоғида Американинг Европадаги кенг ҳарбий иштироки масаласини ҳам тилга олган.

Аммо Кремль матбуот воизи айни мазмундаги хабарларни “буткул тўқима”, деб атаган.

Трампнинг жамоаси эса, Би-би-сига сайланган президентнинг “шахсий қўнғироқлари”га изоҳ бермаслигини айтган.

Худди шу хабарлар манзарасида Россия ва Украина уруш бошланганидан бери энг йирик дрон ҳужумларини амалга оширди.

Хитой

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/Shutterstock

Си жаҳон саҳнасида имконият кўриши мумкин

Лора Бикер, Би-би-сининг Хитойдаги мухбири, Пекин

Хитой Дональд Трампнинг қайтишига тайёргарлик кўрмоқда.

Чунки унинг президентлиги янги савдо урушига сабаб бўлади, деган қўрқувлар бор.

Президент сифатида Трамп $300 миллиард доллардан ортиқ Хитой импортига божлар жорий қилганди.

Бу сафар эса, у тарифлар 60% дан ошиши мумкинлигини айтди.

Пекин, албаттаки, бунга жим қараб турмайди – жавоб қайтаради.

Бироқ Хитой иқтисоди аллақачон пасаймоқда ва узоққа чўзилувчи яна бир савдо урушига рўйхушлик бермаслиги мумкин.

Трампнинг олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган сиёсати ва кескин оҳанги барқарорликни афзал кўрувчи Хитой раҳбарияти учун бошоғриқ бўлади.

Аммо қудрат ва таъсир учун курашда баъзи таҳлилчилар Хитой учун имкониятни ҳам кўрмоқда.

Байден маъмурияти Хитойни жиловлаш учун сўнгги тўрт йилни Жанубий Корея бўладими ёки Япония, Филиппин ва Вьетнам – бутун Осиё бўйлаб дўстлик алоқаларини ўрнатишга сарфлади.

Трампнинг “Биринчи навбатда Америка”, дегувчи доктринаси эса, унинг илк бошқаруви даврида АҚШни яккалаб, бу каби иттифоқларни заифлаштирганди.

У нозик дипломатиядан кўра битимлар тузишни афзал билади ва кўпинча Америка дўстлигини пулга чақади.

Дейлик, 2018 йилда у АҚШ қўшинларининг узоқроқ қолишлари учун Жанубий Кореядан кўпроқ пул талаб қилган.

Бу янглиш эмас, Хитой АҚШ устун бўлган дунё тартибига даъват билан чиқмоқчи.

Пекин аллақачон Глобал Жануб бўйлаб ривожланаётган иқтисодлар билан иттифоқ тузишга ҳам улгурган.

Агар Осиё ва бутун дунёда Вашингтоннинг таъсири сусайса, бу Хитой президенти учун ғалаба бўлиши мумкин.

Яқин Шарқ

Сурат манбаси, EPA

Исроил Трампнинг ким эканини “яхши” билади

Люси Уильямсон

Би-би-сининг Яқин Шарқ бўйича мухбири, Қуддус

Исроил Бош вазири Трампни сайловдаги ғалабаси билан биринчилардан бўлиб табриклади.

Биньямин Нетаньяҳу бундан аввал Трампни Исроилнинг Оқ уйдаги “энг яхши дўсти”, деб ҳам атаган.

Трамп Америка Қўшма Штатларининг Эрон билан ядровий келишувидан воз кечиб Исроилнинг илтифотини қозонган.

Шунингдек, у Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олиш орқали Американинг бир неча ўн йиллик сиёсатини ҳам ўзгартирган.

Исроилнинг АҚШдаги собиқ элчиси Майкл Ореннинг айтишича, Трампнинг биринчи президентлик муддати Исроилга нисбатан “намунали” бўлган.

Аммо, унга кўра, “Дональд Трампнинг кимлиги ва нимани ҳимоя қилиши ҳақида жуда аниқ тасаввурга эга бўлишлари лозим”.

Собиқ элчининг қайд этишича, Трамп урушларни қиммат деб билади ва Исроилни Ғазодаги урушни тезда тугатишга ҳам чақирган.

“Дональд Трамп январ ойида лавозимини эгаллаб, “бўлди, урушни тугатиш учун бир ҳафта вақтингиз бор”, деса, Нетаньяҳу буни ҳурмат қилиши керак бўлади.

Исроил ҳарбийлари Фаластиннинг Ҳамас гуруҳига қарши жанг олиб бораётган Ғазода эса, умидсизлик сабаб, одамлар бугун кўп нарса исташмайди.

Уйи вайрон қилинган пайтда аёли ва ўғлидан айрилган Аҳмаднинг айтишича, “Трамп катта ваъдалар берган”.

“Умид қиламизки, у ёрдам беради ва тинчлик ўрнатади”, - дейди у.

Дарбадарликка юз тутган Мамдуҳ учун Америка президент сайловида ким ғалаба қозонганининг аҳамияти йўқ.

У фақат кимдир ўзларига ёрдам беришини хоҳлайди.

Телеграм каналимиз: