Сарҳисоб: Ўзбекистон 2024 йилда – Йил қандай ўтди? (Видео)

surxondaryo

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Аёллар чорва моллари учун ўт олиб кетмоқда. 2024 йил июнь ойи, Сурхондарё.

2024 йил Ўзбекистон ва унинг халқи учун тараққиёт, ютуқлар, қийинчиликлар ва орзу-умидларга бой кечди. BBC ўтаётган йилда ўзбекистонликлар нималарга гувоҳ бўлгани ва нималарни бошдан кечирганига назар ташлади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Рақобатсиз сайлов

saylov

Сурат манбаси, President's press service

Сурат тагсўзи, Халқаро кузатувчилар Шавкат Мирзиёев қудратга келганининг 8 йилида бўлиб ўтган бу муҳим сиёсий воқеа эркинликни чеклайдиган сиёсий муҳит шароитида ўтганини қайд этган.

2023 йилда икки муҳим сиёсий воқеа – умумхалқ референдуми ва муддатидан аввал президент сайловини бошдан ўтказган Ўзбекистон халқи 2024 йилда Парламент сайловида ҳам қатнашди.

Ўзбекистонликлар мамлакат тарихида илк бор аралаш тизимда ўтган сайловда овоз берди.

Сайлов тарғиботи, унга тайёргарлик ва овоз бериш жараёни фаол тарзда кечгани кўзга ташланди.

Аммо халқаро кузатувчилар Шавкат Мирзиёев қудратга келганининг 8 йилида бўлиб ўтган бу муҳим сиёсий воқеа эркинликни чеклайдиган сиёсий муҳит шароитида ўтгани, унда фуқароларга чинакам танлов берилмаганини қайд этди.

Алламжоновга отилган ўқ

allamjonov

Сурат манбаси, Telegram/Komil Allamjonov

Сурат тагсўзи, Алламжонов ўзига суиқасд бўлгани ҳақидаги хабар чиққани эртасига кўриниш берган ва шундан бери унинг иши бўйича бирор жўяли расмий изоҳ кўзга ташланмаган.

Расмий воқеа бўлмиш сайлов билан бир вақтда ўзбекистонликлар қизиқроқ бошқа бир норасмий ва камёб сиёсий жараёнга ҳам гувоҳ бўлди.

Айни Парламент сайлови арафасида мамлакат сиёсий саҳнасида кўзга кўринган шахс – президент администрациясида сентябрь охирига қадар раҳбар лавозимида ишлаган собиқ амалдор Комил Алламжоновга нисбатан суиқасд уюштирилгани хабар қилинди.

Бу воқеа ортидан ноябрь ойи давомида хавфсизлик ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари тизимида кенг кўламли ишдан бўшатишлар юз берди.

Ўзбекистонликлар якунига етаётган йил охирига қадар на Алламжонов иши тафсилотлари, на ДХХ раисининг ишдан олиниши дохил хавфсизлик тизимидаги тозалов сабаблари борасида бирор жўяли расмий изоҳ эшитмади.

Бу жараён эса роппа-роса саккиз ёшга тўлган Янги Ўзбекистон ҳукуматида халқ олдидаги ҳисобдорлик ҳисси билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам борлигини кўрсатди.

Бойсун фожиаси

boysun

Сурат манбаси, Social media

Сурат тагсўзи, Ҳукумат йил охирига қадар ҳам Бойсун фожиаси оқибатларини бартараф эта олмаган.

Ҳукуматнинг халқ олдидаги ҳисобдорлик ҳисси ва, умуман, халқ ва давлат муносабатларини яна бир бор синаган воқеа 1 сентябрь куни Бойсунда юз берди.

Сурхондарёда жойлашган газ конидаги авария ортидан камида юзлаб инсонлар соғлигига жиддий хавф пайдо бўлди, чиқиб турган хабарлардан эса расмийлар муаммога ечим топиш ўрнига уни ёритишга ҳаракат қилган матбуот вакилларига ҳам, дардини ёрган аҳолига ҳам турли йўллар орқали босим қилгани маълум бўлди.

Маҳаллий матбуот ва ижтимоий тармоқ гуруҳларида учқунлаган сўнгги хабарларда авария йил охирига қадар ҳам бартараф этилмагани, заҳарли газнинг таъсири ҳануз сақланиб қолаётгани, одамлар эса мавҳумлик ва қўрқув ичра яшаётгани англашилади.

Халқаро майдондаги икки қотиллик

general

Сурат манбаси, EPA/FSB

Сурат тагсўзи, Генерал Кирилловни ўлдиришда гумонланган 29 ёшли ўзбекистонлик (ўнгда) қотилликни пул ва хориж паспорти эвазига қилганини айтган.

Йил якуни томон халқаро майдонда ўзбекистонликлар билан боғлиқ икки шов-шувли сиёсий воқеа юз берди.

Ноябрь охирида Туркия махсус хизматлари Дубайда ғойиб бўлиб, кейинроқ жасади топилган 28 яшар яҳудий руҳоний Зви Коганни ўлдиришда гумонлаб, уч ўзбекистонлик ҳибсга олганини маълум қилди.

Яқин Шарқдаги можаро қизигандан қизиб турган бир вақтда юз берган бу воқеа барча етакчи нашрлар эътиборини зумда ўзига тортди.

Декабрь ойига келиб, ўзбекистонлик эркак ва Ўзбекистон фуқароси жумлалари яна бир бор халқаро нашрлар сарлавҳаларида пайдо бўлди.

Москвада – Кремлдан атиги 7 чақирим нарида таниқли рус генерали Игор Кириллов ва унинг ёрдамчиси жонига портлаш орқали суиқасд уюштирилди.

Кейинроқ Россия томони гумонланувчи сифатида 29 яшар ўзбекистонлик йигитни қўлга олганини эълон қилди.

Россия ўзининг Украинага босқини бошланганидан бери ўлдирилган энг юқори мартабали ҳарбий амалдорига уюштирилган бу суиқасд ташкилотчиси Украин махфий хизматлари бўлгани, Ўзбекистон фуқароси эса уларнинг буюртмасини бажарганини даъво қилиб чиқди.

Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқаролари иштирокидаги бу икки халқаро сиёсий воқеа юзасидан бирор жўяли изоҳ бергани кўзга ташланмади.

Балога қолган ўзбек мигранти

migrant

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, 2024 йил Россиядаги ўзбек мигранти учун қийин кечган (Иллюстратив сурат).

2024 йилда Ўзбекистон аҳолиси 37 миллион нафардан ошди ва аҳолининг, айниқса, ёшларнинг иқтисод, таълим, бизнес, миграция каби барча жабҳаларда фаоллиги ортгани кузатилди.

Йил давомида аҳолининг салмоқли қисмини ташкил этадиган ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишга иштиёқи янада кучайгани қайд этилди. Масалан, биргина инглиз тили кўникмаларини баҳоловчи IELTS имтиҳонидан ўтганлар сони бўйича рекорд натижа қайд этилгани хабар қилинди.

Тил ўрганишга иштиёқ ортидан бошқа бир табиий жараён – ёшларнинг хорижга бош олиб кетиши ҳам кучайди.

Шу йилда Ўзбекистон хорижда ўқиётган талабалари сони бўйича дунёдаги биринчи учталик (Хитой ва Ҳиндистондан кейин)ка киргани маълум бўлди.

2024 йил давомида ёшларнинг хорижга чиқиб кетиши асосий сабабларидан бири – ишсизлик муаммоси яна долзарблигича қолди.

Шу йилда олийгоҳларни битирган ёшларнинг 60 фоизи иш топа олмагани маълум этилди.

Ўз-ўзидан йил давомида миграция йўналишида ҳам фаоллик ошгани кўзга ташланди.

Йил ўзбек мигранти учун мушкулликларга бой кечди – Москва яқинидаги Крокус Сити Ҳолда юз берган даҳшатли теракт ортидан Россия ҳукуматининг мигрантларга нисбатан сиёсати мисли кўрилмаган даражада кескинлашди.

Таҳқирловчи ва зўравон сиёсат ҳамда миллатчилик кучайганига қарамай, Россия ҳалига қадар ўзбек мигранти борадиган асосий маконлигича қолди.

Бир вақтнинг ўзида ўзбек ҳукуматининг ишчиларни ташкилланган тарзда бошқа давлатларга юбориши қарийб тўрт баробарга ортди ва ватанга пул юбориш борасида чўққи ҳам янгиланди – йилнинг ўн ойи давомида ўзбек мигрантлари уйга қарийб $13 миллиард юбордилар.

Энергоислоҳот ва АЭС

schetchik

Сурат манбаси, Het.uz

Сурат тагсўзи, Аҳоли орасида 200 киловатт номини олган энергоислоҳот айнан 2024 йилда амалга оширилган.

2024 йил давомида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки каби халқаро молия институтлари Ўзбекистон иқтисодиётида барқарор ўсиш кузатилганини қайд этди.

Шу билан бирга мазкур йилда одамлар ҳаётига бевосита дахл қилувчи қатор ўзгаришлар ҳам юз берди.

Йиллар давомида кутилган ва кейинроқ халқ орасида "200 киловатт" номи билан оммалашган энергоислоҳот айнан шу йилда амалга оширилди.

Электр ва газ тарифларининг сезиларли оширилиши ортидан мамлакатда иқтисодий бўҳрон аломатлари юзага кела бошлагани борасида ваҳимали хабарлар тарқалди, қарийб икки ой давомида бозорларда савдо фалажланиб қолгани ҳақидаги хабарлар мунтазам келиб турди.

Шунингдек, йиллардан бери баҳсу хавотирларга сабаб бўлиб келган атом электр станцияси лойиҳаси тақдири айни 2024 йилда ҳал этилди – май ойида Ўзбекистон ўзининг илк атом электр станциясини қуриш борасида Россия билан шартнома имзолади.

Фақатгина мамлакат ҳукумати АЭС қуриш масаласида қўшниси Қозоғистон каби халқнинг фикрини сўраб ўтирмади.

Эркинлик ва хориждан танқидларга тўсиқ

Халқаро ташкилотлар 2024 йилда ҳам Ўзбекистонда матбуот, сўз эркинлиги – умуман ҳуқуқ ва эркинликлар билан боғлиқ умумий вазият борасида олдинга силжишни қайд этмади.

Freedom House ташкилоти мамлакатни 2024 йилда ҳам эркин бўлмаган давлатлар қаторида қолдирди.

Йил давомида ҳуқуқлар билан боғлиқ қатор хавотирли хабарлар, баёнотлар, ҳисоботлар чиқиб турди.

Масалан, 30 га яқин инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва гуруҳлари Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси июнь ойида қабул қилган қонун борасида хавотир билдириб қўшма баёнот эълон қилди.

Ноябрь ойида кучга кирган бу қонунда Ўзбекистон ҳақида номақбул гапирган хорижликларга тақиқ қўйиш ҳақида сўз боради.

Иккитага кўпайган иттифоқчилар рўйхати

prezident

Сурат манбаси, President's press service

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон апрелда Тожикистон, августда Озарбайжон билан муносабатларни иттифоқчилик даражасига кўтариш кўзда тутилган шартномаларни имзолаган.

2024 йил халқаро алоқаларни ривожлантириш ва яхшилаш йўлида анчайин самарали кечди.

Ушбу йилда Ўзбекистоннинг иттифоқчилари сони нақ иккитага кўпайди: апрелда Тожикистон, августда Озарбайжон билан муносабатларни иттифоқчилик даражасига кўтариш кўзда тутилган шартномалар имзоланди.

Мамлакат ўз қўшнилари ҳамда Туркий давлатлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлади.

Ғарб давлатлари билан муносабатларда ҳам маълум қадамлар ташланди. Масалан, сентябрь ойида Германия билан миграция масаласида Ўзбекистон учун анчайин фойдали келишувга эришилди.

Энг муҳими, Ўзбекистон 2024 йил давомида ҳам тобора зиддиятли тус олаётган халқаро майдонда мувозанатни сақлаб туришнинг уддасидан чиқа олди.

Россия билан илиқ алоқаларни давом эттирган мамлакат Ғарбнинг иккиламчи санкцияларига тушиб қолмади ҳам.

Париж Олимпиадаси

chempionlar

Сурат манбаси, Official

Ўзбекистонликлар учун 2024 йилда эса қолган энг муҳим спорт тадбири бу, шубҳасиз, Париж Олимпиадаси бўлди.

Ёзги Олимпия ўйинлари Ўзбекистон учун мамлакат мустақил тарихидаги энг муваффақиятли ўйин бўлди.

Ўзбек спортчилари жами 13 та медални қўлга киритиб, мамлакат медаллар ҳисобида 206 давлат орасида 13-ўрин, Марказий Осиё, МДҲ, Ислом бирдамлиги ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар орасида 1-ўрин, Осиё бўйича эса 4-ўринни қўлга киритди.

Бу Париж Олимпиадаси ўзбекистонликларга ғурур, миллий бирлик ва ифтихор олиб келган спорт тадбири ўлароқ тарихда қолди.