Ўзбекистон: Ис гази ёки уйқудан омон турмоқ учун нима керак? Видео

pechka

Сурат манбаси, Namangan viloyati FVB

421 инсон. Бу 2020 йил бошидан то 2023 йил сентябрига қадар ис газидан заҳарланиб ҳалок бўлган ўзбекистонликлар сони. Йилдан йилга ортаётган ўлимларни камайтириши мумкин бўлган оддий ечимга нега эътибор қаратилмаяпти?

2020 йилдан то 2023 йил сентябрига қадар бўлган давр ичида Ўзбекистонда 421 инсон ис газидан заҳарланиб оламдан ўтган.

Бунга оид расмий маълумотда мазкур ўлимлар 245 та нохуш ҳолат доирасида содир бўлгани ва, шунингдек, 200 инсон заҳарланишдан жароҳат ҳам олгани ҳақида сўз боради.

2023 йил сентябридан сўнг маҳаллий матбуот тарқатган хабарларда ис гази 2024 йил баҳорига қадар яна камида 20 дан зиёд инсонни ҳаётдан олиб кетгани англашилади.

Жорий йилдаги совуқ мавсум эндигина кириб келар экан, ис гази аллақачон ўзбекистонликларни яна ўлдира бошлаган.

Янги мавсумда матбуот юзини илк кўрган совуқ хабар Қорақалпоғистондан келган – бир кунда уч инсон оламдан кўз юмган.

Октябрь охирига қадар маҳаллий нашрлар ис гази Бекободда ота-ўғил, Андижоннинг Жалақудуқ туманида тўрт инсонни ўлдирганини хабар қилган.

Совуқ тушиши билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Энергетика вазирлиги каби масъул давлат ташкилотлари ис гази хавфидан огоҳлантирувчи йиллардан буён қарийб ўзгармас ташвиқот кампаниясини бошлаган.

Аммо негадир бу газдан ўлишлар сони камаймаётир.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

“Унсиз қотил”

pechka

Сурат манбаси, Namangan viloyati FVB

Сурат тагсўзи, Совуқ тушиши билан Ўзбекистонда "ис гази мавсуми" бошланади.

Халқаро майдонда норасман “унсиз қотил” номини олган бу заҳарли газ ҳидсиз, рангсиз бўлиб, аксар ҳолларда уни махсус мосламасиз аниқлашнинг имкони йўқ.

Ис гази ёки углерод оксиди таркибида углерод мавжуд бўлган ўтин, кўмир, табиий газ, бензин каби барча ёқилғи турларининг чала ёниши оқибатида ҳосил бўлади.

Ўзбек хонадонида эса ис гази ҳосил бўлиши учун шарт-шароит етарлича.

Ис гази нафас йўллари орқали жуда кам миқдорда ҳам организмга кирганда, тана аъзоларига кислород етиб боришига тўсқинлик қилади.

Оқибатда, бош айланиш, кўнгил айниш, мушаклар бўшашиши кузатилади.

Ис гази кўпроқ шамоллатилмаган хонада ухлаб ётган инсонларни ўлдиради.

“Олиб борилган таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатлари асосан (60-70%) кўп квартирали уйлардаги хонадонларни иситишда газ плитасидан фойдаланиш натижасида, қолган ҳолатларда эса мўриларнинг ўз вақтида тозаланмаслиги, тутун йўллари ва форточкаларнинг ёпиб қўйилиши, чет элларда ишлаб чиқарилган ностандарт ва қўлбола иситиш воситаларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида, уйни иситишда очиқ ҳолдаги кўмир ва ўтин чўғларидан фойдаланиш натижасида юзага келиши мумкин”, дейилади ФВВ ўтган йили эълон қилган огоҳлантиришда.

FVV
Davlat tomonidan ogohlantirilmayapti: gaz xohlagan payti oʻchib qolishi, xohlagan payti yuqori bosimda qayta kelishi mumkin. Mana shu sabab ham is gazi paydo boʻlyapti.
Dima Qayum
Bloger (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Йиллардан буён ижтимоий тармоқда ис газидан эҳтиёт бўлишга чорлаб келаётган блогер Дима Қаюм ҳам ис газидан заҳарланиш ҳолатларига, асосан, одамларнинг ўз эҳтиётсизлиги сабаб бўлаётгани ҳақида гапиради.

“Кўп йиллик печкачи – шу соҳа мутахассиси сифатида айтоламанки, одамлар эски, чириб кетган трубалардан қайта-қайта фойдаланишяпти”, дейди у.

Бир вақтнинг ўзида блогер табиий газ таъминотидаги кўп кузатиладиган огоҳлантиришсиз узилишлар ҳам ҳалокатли ҳолларнинг муҳим омилларидан эканини таъкидлайди.

“Давлат томонидан газ ёниб-ўчиши ҳақида огоҳлантирилмаяпти. Газ хоҳлаган пайти ўчиб қолиши, хоҳлаган пайти юқори босимда қайта келиши мумкин. Мана шу сабаб ҳам ис гази пайдо бўляпти”.

Ҳалокатлар сабаблари аниқ ва масъул давлат ташкилотлари ҳар совуқ мавсумда одамларни қўлбола иситиш мосламалардан фойдаланмаслик, уларни қаровсиз қолдирмаслик каби амалларга чақирувчи тарғибот ишларини тинимсиз олиб боради.

Аммо расмий идораларнинг йиллардан буён қарийб ўзгармайдиган бундай тавсияларида халқаро синалган бир усул деярли кўзга ташланмайди: уйда ис газини пайқовчи детектор ўрнатиш.

No carbon monoxide alarm

screenshot

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Airbnb платформасида Тошкент шаҳрида чет элликлар учун таклиф этилаётган квартира ижараси эълонларидаги бир умумийлик киши эътиборини ўзига тортади – уларнинг аксар қисмида квартираларда ис гази ва тутунни пайқовчи детекторлар ўрнатилмагани кўрсатилган.

Airbnb платформасида Тошкент шаҳрида чет элликлар учун таклиф этилаётган квартира ижараси эълонларидаги бир умумийлик киши эътиборини ўзига тортади – уларнинг аксар қисмида квартираларда ис гази ва тутунни пайқовчи детекторлар ўрнатилмагани кўрсатилган.

Airbnb уй соҳибларини меҳмонлар учун қулай, шинам ва хавфсиз шароит яратишга даъват қилиши билан машҳур.

Қисқача айтганда, вақтинча яшаш учун чет элликларга таклиф қилинаётган мазкур хонадонларни пойтахт Тошкентдаги энг олди квартираларидан дейиш мумкин.

Бироқ, ҳатто, ана шундай квартираларнинг аксар қисмида ҳам ис гази ва тутунни пайқовчи детекторлар ўрнатилмаган.

Замонавий ис гази ёки углерод оксиди детекторлари электрокимёвий сенсорлар билан жиҳозланган батареядан қувват олувчи ихчамгина қурилма бўлиб, улар ҳаводаги заҳарли газ миқдори хавфли даражадан оша бошласа, кучли овоз чиқариб, одамларни огоҳлантиради.

Кўплаб давлатларда ис гази детекторлари ўрнатиш нафақат тавсия қилинади, балки қонун билан талаб қилинади ҳам.

АҚШдаги бир қанча штатларда шундай талабни учратиш мумкин.

Канада ҳам янги қурилаётган турар-жойларга ис гази детекторларини ўрнатишни мажбурий қилиб қўйган.

Охирги йилларда Британияда углерод оксиди хавфидан сақланиш талаблари кучайтирилган.

Англияда ижарага берилаётган барча уйларни шундай детекторлар билан таъминлаш қонунан талаб қилинади.

Ижарачиларга эса бундай детекторлар ишлаётганини текшириб туриш мажбурияти юклатилган.

so'rovnoma

Сурат манбаси, Screenshot

Инсон ҳаётини осонлик билан сақлаб қолиши мумкин бўлган бундай детекторлар онлайн маркетплейсларда аллақачон у қадар қиммат бўлмаган нархларда сотувга қўйила бошлаган бўлсада, негадир ис гази детекторлари Ўзбекистонда деярли оммалашмаган ҳолда қолмоқда.

Блогер Дима Қаюм бунинг сабаби аҳолининг аксар қисми бундай детекторлар мавжудлигидан бехабар эканида бўлиши мумкинлиги ҳақида гапиради.

Би-би-си ўтказган кичик сўровномада иштирок этган 230 дан зиёдроқ қатнашчининг ярмидан сал кўпроқ қисми ис гази хавфидан хавотирланиши, лекин ўз уйига бу заҳарли бирикмани пайқовчи қурилма ўрнатиш ҳақида ўйлаб кўрмагани ҳақида билдирди.

Албатта бу сўровнома натижалари Ўзбекистондаги каттароқ манзарани ўзида акс эттира олмайди.

Аммо масъул ташкилотлар тарғиботида бундай қурилмаларидан фойдаланишга чақириш деярли кўзга ташланмаслиги ва ис гази детекторлари мамлакатда оммалашмагани ўртасида узвий боғлиқлик бордек кўринади.

Бундан бир йил аввал айни масала муҳокама этилган Сенатдаги йиғилишда ҳам хавфсизликни таъминлаш механизмларига оид қонунчиликда бўшлиқ мавжудлиги, ис газидан заҳарланиш оқибатларини ҳисобга олишнинг аниқ тизими ҳалигача яратилмагани, соҳа бўйича мутахассислар етарли эмаслиги тан олинган эди.

Telegram kanalimiz