Нега олти ёшли қизлар ҳайз кўришни бошлаб, ўсмирларга ўхшаб қолмоқда?
- Author, Дипали Жагтап, Сушила Сингҳ
- Role, BBC
Олти ёшли қизалоқнинг онаси Арчана фарзандининг танасида ноодатий ўзгаришларни сезиб, чуқур ташвишга тушади.
"Бу ўзгаришларни ҳали ёш қизалоқда кўриб қўрқиб кетдим. У арзимас нарсаларга жаҳл қила бошлади. Бу ҳолат эса мени хавотирга солди", дейди у.
Арчана (бу унинг ҳақиқий исми эмас) оиласи билан Ҳиндистон ғарбидаги Сатара туманида, қишлоқда яшайди.
У, турмуш ўртоғи ва икки фарзанди – катта қизи ҳамда кичик ўғли — билан фермер хўжалиги юритиб, кичик уйда рўзғор қилишади.
Қизи ўз ёшига нисбатан каттароқ кўрина бошлаганида, Арчана уни шифокорга олиб боришга қарор қилади.
"Буни қабул қилиш қийин бўлди"
Шу билан бирга, Деҳлида яшайдиган Раши ҳам қизининг танасида ғайритабиий ўзгаришларни пайқайди, лекин уларни одатий ҳол деб ўйлайди.
Олти ёшли қизининг вазни 40 килограмм эди, Раши эса буни "соғлом вазн" деб ҳисоблаб келган.
Аммо бир куни Рашининг қизи тўсатдан қон кетаётганидан шикоят қилади.
Шифокорга боришганида эса қизалоқнинг ҳайз кўра бошлаганлиги маълум бўлади.
"Бу биз учун жуда қийин бўлди. Қизим ҳам нима бўлаётганини тушунолмасди", дейди Раши.
Шу кунларга келиб, маҳаллий шифокор Арчанага гинеколог билан маслаҳатлашишни тавсия қилади.
"Арчана қизини бизга олиб келганида, текширувдан сўнг унда балоғатга етиш белгилари борлигини аниқладик. Унинг танаси 14-15 ёшли ўсмир қизнинг танасига ўхшарди ва ҳар қандай вақтда ҳайз бошланиши мумкин эди", дейди Пунедаги Мозерҳуд касалхонаси шифокори Сушил Гаруд.
Др. Гаруднинг айтишича, қизалоқда ўз ёшига нисбатан гормонлар даражаси жуда юқори эди ва бунинг бир қанча сабаблари бўлиши мумкин.
"Арчана уйида иккита 5 килограммли пестицид идиши борлигини ва қизи кўпинча улар атрофида ўйнашини айтди. Бу қизалоқдаги гормонал ўзгаришларнинг асосий сабабларидан бири бўлиши мумкин", дейди шифокор.
Др. Гаруднинг сўзларига кўра, болалардаги бу каби ўзгаришлар "эрта балоғатга етиш" деб аталади.
Балоғат – бу бола ёки қиз танасида ўзгаришлар юз берадиган жараён бўлиб, жинсий органлар ривожланади ва улар репродуктив қобилиятга эга бўла бошлайди.
Olti yoshdan to‘qqiz yoshgacha bo‘lgan oltmish nafar qizda erta balog‘at holatlari kuzatilgan va ayrimlari istalgan vaqtda hayz ko‘rishni boshlashi mumkin edi.
Ўғил болаларда юз ва жинсий сочлар ўсади, овоз қалинлашади. Қиз болаларда эса жинсий сочлар ва кўкраклар ўсади, ҳайз бошланади.
Балоғатга етиш қизларда 8 ёшдан 13 ёшгача, ўғил болаларда эса 9 ёшдан 14 ёшгача бошланиши нормал ҳисобланади.
Др. Ваишакҳи Рустеги, гормонлар билан боғлиқ касалликлар бўйича мутахассис, сўнгги йилларда қизларда балоғатга етиш жараёни тезлашганини айтади.
"Илгари қизлар ҳайз кўришидан олдин уларда 18 ой ёки уч йил давомида жисмоний ўзгаришлар юз беришини кузатиш мумкин эди. Энди қизлар уч-тўрт ой ичида ҳайз кўряпти", дейди у.
Унинг сўзларига кўра, ўғил болаларда ҳам балоғатдан кейин бир, бир ярим йил ичида соқол ва мўйлов ўса бошлаяпти, бу жараён илгари тўрт йилгача давом этар эди.
Ҳиндистон Тиббий Тадқиқот Кенгаши (ҲТТК) нинг Болалар Саломатлиги Тадқиқот Департаменти вакили Др. Сучитра Сурве ўз тадқиқотида эрта балоғат ҳолатлари ортиб борётганини аниқлаган.
ҲТТК-Миллий Репродуктив ва Болалар Саломатлиги Тадқиқот Институти (МРБСТИ) томонидан 2,000 қиз иштирокида ўтказилган тадқиқотда оналар балоғат белгиларини кўпинча тушунмасликлари аниқланган.
Ташкилот тўққиз ёшдан кичик қизларда эрта балоғатга етиш сабаб ва хавфларини ўрганмоқда.
2020 йилда Мумбайдаги Баи Жербаи Вадиа касалхонаси ва ҲТТК олти ёшдан тўққиз ёшгача бўлган қизлар учун эрта балоғат лагерини ташкил этди.
"Олти ёшдан тўққиз ёшгача бўлган олтмиш нафар қизда эрта балоғат ҳолатлари кузатилган ва айримлари исталган вақтда ҳайз кўришни бошлаши мумкин эди", дейди касалхонанинг болалар бўлимида ишлайдиган Др. Судҳа Рау.
Эрта балоғатга нима сабаб бўлади?
Шифокорларнинг айтишича, бу ҳодисанинг сабабларини ўрганиш ҳали ҳам давом этмоқда, шунинг учун бирор аниқ сабабни кўрсатиш қийин.
Улар пестицидлар, озиқ-овқатда ишлатиладиган консервантлар, ифлосланиш ва семизликни потенциал сабаблар қаторида санайдилар.
Мумбайда қизлар орасида ушбу масалани ўрганаётган Др. Прашант Патилнинг айтишича, семизлик эрта балоғатга етиш учун энг катта хавф омилларидан биридир. Ушбу муаммо СОВИД-19 пандемияси даврида болалар орасида семизликнинг ошиши сабабли янада кучайган.
2022 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, 5 ёшдан 19 ёшгача бўлган 390 миллиондан ортиқ бола ва ўсмир ортиқча вазнга эга бўлган, уларнинг 160 миллиони эса семизликдан азият чекаётган эди.
Семизлик – бу соғликка зарар етказувчи ортиқча ёғ тўпланиши билан тавсифланадиган мураккаб ва сурункали касалликдир.
У тананинг масса индекси (БМИ) орқали ўлчанади, бунда боланинг ёки ўсмирнинг туғилишдаги жинси, ёши, вазни ва бўйи ҳисобга олинади.
Шунингдек, мобил телефонлар, телевизор ёки бошқа экранлардан ортиқча фойдаланиш ва жисмоний фаолликнинг етишмаслиги ҳам потенциал хавф омиллари сифатида қайд этилган.
Др. Ваишакҳи сўнгги икки-уч йилдан бери деярли ҳар куни поликлиникасида эрта ҳайз кўриш билан боғлиқ беш-олти ҳолатни кўраётганини айтади.
"Шунингдек, оналар ўзгаришларни апрель ойида сезишган бўлса, июнь-июль ойларига келиб қизлари ҳайз кўришни бошлаганини айтган ҳолатлар ҳам учрайди. Энди бундай ҳолатлар ўғил болаларда ҳам кузатилмоқда", дейди у.
Унинг айтишича, экран қаршисида кўп вақт ўтказиш ҳам билвосита эрта балоғатга етишга таъсир қилмоқда.
Арчана ва Рашининг қизлари камида 10-11 ёшга етгунларига қадар ҳайз кўришни кечиктирувчи муолажадан ўтмоқда.
Шифокорларнинг сўзларига кўра, бундай ёшда қизлар ўзларини гигиеник жиҳатдан тўғри бошқариш учун етарлича етилмаган бўлишади.
Шифокорлар эрта балоғатга етишган қизлар кўпинча психологик ва ижтимоий муаммоларга дуч келишини таъкидлашади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бундай қизларда тенгдошлари томонидан эрта ўзгаришлар учун мазах қилинишлар билан бирга ўз таналари ҳақида бир умрлик нотўғри қарашлар ҳам шаклланиб қолиши мумкин.