Уруш вақтидаги сиёсат: Россия нега қатағон қурбонларини оқлашдан воз кечмоқда?

bosh

Би-би-си Россиянинг ягона кассация ҳарбий суди 2020 йилдан бошлаб совет давридаги сиёсий қатағон қурбонларини оқлашни оммавий равишда рад этаётганини аниқлади.

Одамлар "учликлар", "махсус кенгашлар" ва трибуналларнинг ҳукмлари асосида отиб ташланган ва ГУЛАГга сургун қилинган.

Бу қурбонларнинг судланиши эса асосли деб топилган. Россия прокуратураси аллақачон ушбу судда 250 дан ортиқ қатағон қилинганларнинг оқланишини бекор қилишга ёки рад этишга эришди.

Бу Россия томонидан Украинада бошланган урушнинг иккинчи йилига тўғри келди.

Амалда қатағон қурбонлари қайта судланмоқда – бунда кўплаб исмлар ва деярли барча иш материаллари энди махфийлаштирилган.

Кўпинча бу ишлар совет даврида қўлланган "Ватанга хиёнат" моддасига тегишли, аммо суд карточкаларида замонавий "Давлатга хиёнат" моддаси ва ҳатто фақат 2022 йилда пайдо бўлган "Махфий ҳамкорлик" моддаси ҳам кўрсатилган.

Би-би-си Рус хизмати оқлаш тўғрисидаги қарорлар бекор қилинганини аниқлади ва бу "конвейер" ҳозир қандай ишлаётгани ҳамда у Россия ҳукуматига нима учун кераклиги масаласини ўрганмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Такрорий "Ватан хоинлари"

2020 йилда Москвадаги Исо Масиҳ ибодатхонасида бўлиб ўтган конференцияда Иеромонах Яков Воронцов Қозоғистон православ руҳонийлари ва қавмлари узоқ вақтдан бери митрополит Иосиф (Чернов) Архиерейни авлиёлар қаторига қўшишни сўраётгани ҳақида маъруза қилган эди. Архиерей 57 йил давомида Рус православ черковида хизмат қилган, деярли 20 йилни совет лагерларида ўтказган ва фақат 1992 йилда, вафотидан сўнг оқланган. 2024 йил ёзида Иеромонах Иаковнинг ўзи Россиянинг Украинага бостириб киришини қоралагани учун руҳонийлик унвонидан маҳрум этилди. Ўшанда у маълумотнома эълон қилди – Ростов вилояти прокуратураси митрополит Иосифни оқлаш тўғрисидаги қарорни бекор қилишга қарор қилган эди.

Бу Рус Православ Черкови (РПЧ) архиерейсини оқлаш бекор қилингани ҳақидаги биринчи оммавий билдирги бўлиб, бу ҳақда на прокуратура, на черков расман хабар берган.

"Оқлашни бекор қилиш – бу қайта судлаш билан бир хил, – деб ёзган эди иеромонах – Путин ҳукумати Исонинг авлиёсини "нацизм гумаштаси" деб тан олди ва уни ўлимидан сўнг қоралади."

Деярли бир йил олдин Владимир Путинга қатағон қурбонларининг оммавий отиб ташланган жойи – Бутовдаги Муқаддас янги шаҳидлар ва рус эътиқод эгаларининг ибодатхонаси руҳонийси протоиерей Кирилл Каледа мурожаат қилган эди. Руҳоний 2024 йилда Сиёсий қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича давлат сиёсати концепциясининг амал қилиш муддати тугашини эслатган. Бироқ бу ҳужжатда кўзда тутилган барча қурбонлар рўйхати ҳам, оммавий дафн этиш жойларини сақлаш тўғрисидаги қонун ҳам чиқмаган. Протоиерей президентдан Концепциянинг амал қилишини яна беш йилга узайтиришни сўраган эди.

"Шубҳасиз, бу иш давом эттирилиши керак," деди Путин ва ҳужжатнинг амал қилиш муддатини узайтиришни топширди.

Бу гўёки "техник" топшириқ концепция мазмунини бутунлай ўзгартириб юборди: 2024 йил июнь ойида Россияда оммавий қатағонлар ва қатағон қилинган фуқароларга нисбатан расмий сиёсат бутунлай ўзгарди.

Би-би-сининг аниқлашича, 2020 йилдан бери Россиядаги ягона кассация ҳарбий суди прокуратуранинг илтимосномасига кўра Совет ҳарбий трибуналлари ва ВЧК, НКВД ва МГБ "учлиги" томонидан ҳукм қилинган 250 дан ортиқ кишини реабилитация қилинмайдиган деб топди. Бу қарорлар эълон қилинмаган, ишларнинг ярмида ҳатто маҳкумларнинг, шу жумладан отиб ташланганларнинг исмлари ҳам сир тутилган. Очиқ манбалардан аниқланишича, камида 17 кишининг реабилитация қилингани ҳақида аввалроқ оммавий хабар берилган – ҳозир эса кассация ҳарбий суди уларнинг реабилитациясини бекор қилган.

Россиядаги сиёсий қатағон қурбонларини реабилитация қилиш бўйича ишларни 2019 йилда суд ислоҳоти давомида ташкил этилган бошқа кассация судлари (мамлакатда ҳарбийдан ташқари тўққизта) ва Олий суд ҳам қайта кўриб чиқмоқда, деб тушунтирди Би-би-сига "Мемориал" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази (тугатилган ташкилот ходимлари томонидан тузилган) катта юристи Григорий Вайпан. Ушбу судлар базаларида Би-би-си 40 дан ортиқ шундай ишни ва камида учта реабилитацияни бекор қилинган ишни топди.

Прокурорларнинг ўзлари эса 2022 йилдан буён қатағон қилинганларни реабилитация қилиш бўйича 4 мингга яқин ўз қарорларини бекор қилганликларини маълум қилишди, дея хабар берди бош прокуратура. Аксарият ҳолларда – агар шахс дастлаб прокурорларнинг ўзлари ташаббуси билан реабилитация қилинган бўлса – бу мақомни бекор қилиш учун суднинг розилиги талаб қилинмайди.

Бундай бекор қилишлар "Сиёсий қатағон қурбонларини реабилитация қилиш тўғрисида"ги қонунда назарда тутилмаган, аммо прокуратура сўнгги йилларда уларни фаол амалга ошира бошлади.

Россияда яна ким ва қандай қилиб "Ватан хоини" деб тан олинаётганини айтиб берамиз.

Муқаддас коллаборант

iosif
Сурат тагсўзи, Митрополит Иосифнинг шахсий ишидан суратлар.

1918 йилда 25 ёшли эски православ эътиқодли ҳарбийнинг ўғли Иван Чернов роҳибликка ўтди, Иосиф исмини олди ва Таганрогдаги ибодатхонада хизмат қила бошлади. У биринчи марта 1925 йилда "аксилинқилобий ёлғон миш-мишларни тарқатгани" учун ҳибсга олиниб, икки йилга Комига сургун қилинган.

1935 йилда янги сургун бошланди. Ўша пайтга келиб епископлик рутбасини олган Иосиф янгиланишнинг – рус черкови ичидаги, совет ҳокимияти билан яқинлашишни ва янги черков қоидаларини жорий этишни талаб қилувчи оқимнинг ашаддий душмани эди.

1935 йил Рождество рўзаси охирида епископ Иосифни кечаси қора машинада олиб кетишди ва яқинда сургундан қайтган бошқа руҳоний билан алоқада бўлгани учун советларга қарши ташвиқотда айблашди. Епископни яна 5 йилга Комига сургун қилишди.

1940 йилда озодликка чиққач, роҳиблар бошлиғи Таганрогга қайтмоқчи бўлган, аммо бу пайтга келиб шаҳардаги барча черковлар ёпилган ва уни дунёвий ишга ҳам олишмаган эди. Шундай қилиб, у Азовга келиб қолиб, қоровул бўлиб ишлай бошлади. Кечалари у яширин православ жамоаси учун литургия ўтказарди, улар эса уни ертўлада бегоналардан яширишарди.

1942 йилда Таганрогни фашистлар босиб олди ва епископ шаҳар ибодатхонасида хизмат қилиш ҳуқуқини олди – немис босқинчилик сиёсати совет ҳокимиятига қарши мафкуравий курашда дин мавзусидан фойдаланишга интиларди.

Таганрогда ибодатхона очилганда немислар унга фашистларни мақтовчи ва шаҳар аҳолисини итоат этишга чақирувчи нутқ сўзлашни таклиф қилишган, деб ҳикоя қилган эди Иосифнинг ўзи. У рад этган. Кейинчалик уни бир неча марта сўроқ қилиш учун чақириб, СССРда ишлаганликда айблашган ва буни тарғибот ишлари билан ювишни таклиф қилишган. Руҳоний босқинчилар билан ҳамкорлик қилишдан қатъий бош тортган.

Прокуратура митрополитнинг реабилитациясини бекор қилиш тўғрисидаги қарорида унинг "босқинчиларга ёрдам бериши" "жиноят иши материаллари билан тасдиқланганини" маълум қилди. "Лента.ру" маълумотларига кўра, идора 82 йил ўтиб ҳам, коллаборационизмни у Таганрогда Пётр I ҳайкалининг очилиш маросимида нутқ сўзлагани ва немис тарғибот нашрларига бир нечта мақолалар ёзганидан кўриши мумкин эди. Тарихчи Алексей Макаркиннинг айтишича, бу фактлар руҳонийни реабилитация қилиш пайтида ҳам маълум бўлган, аммо ўшанда улар аҳамиятсиз деб ҳисобланган. "Мен (қасам ичаман!) ибодатхонада фашистлар фойдасига ҳеч қандай нутқ сўзламаганман, фақат битта нутқ сўзлаганман, у ҳам тарихий мавҳум бўлиб, Таганрогда Пётр I ёдгорлиги эски жойига тикланган куни эди," дея митрополитдан иқтибос келтирган у ҳақидаги китоб муаллифи Яков Кротов.

iosif
Сурат тагсўзи, Митрополит Иосифнинг кексалик чоғида.

1943 йилда епископ Уман шаҳрида (Украинанинг Черкас вилоятидаги шаҳар) хизмат қила бошлади. Кўп ўтмай, совет разведкаси билан ҳамкорликда шубҳаланиб, гестапо уни ҳибсга олди. Совет қўшинлари шаҳарга ҳужум бошлагач, немислар маҳбусларни отиб ташлашга қарор қилди. Гестапо бошлиғининг ёрдамчиси асли россиялик немис бўлиб, епископга ёрдам беришга аҳд қилди. У камерани каравотлар билан тўлдиришни буюрди, епископга эса немислар маҳбусларни отишга олиб чиққунича бир неча тун жим ўтиришни тайинлади. Ҳужжатларда епископ отиб ташланган деб кўрсатилди.

Епископ Иосиф озод этилганидан бир йил ўтгач, у Москвага патриарх Сергий ҳузурига чақирилди, аммо йўлда НКВД уни ҳибсга олди. Чекистлар, агар ҳужжатларга кўра ўлдирилган бўлса, у немис ишғоли даврида қандай тирик қолганини тушунтиришни талаб қилишди. 1946 йилгача у Москва қамоқхоналарида сақланиб, кейинчалик НКВД учлиги ёпиқ мажлисда уни 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди – "чор тузумини мақтагани" учун.

1954 йилда сургун муддати тугади ва епископ яна икки йилни Шимолий Қозоғистондаги манзилгоҳда ўтказди. Шундан сўнг у Қозоғистоннинг Кўкчетов шаҳрида яшашга рухсат сўради. У ерда черковга қатнарди, аммо ибодат ўтказиш ва хорда қўшиқ айтиш унга тақиқланган эди. Фақат афв сўралганидан кейингина руҳоний сургундан озод этилиб, хизмат қилишига рухсат берилди.

1967 йилда епископ Иосиф митрополит этиб тайинланди ва 1975 йилда вафот этгунга қадар Олма-ота епархиясини бошқарди. 1970 йилда патриарх Алексий I вафотидан сўнг, Москвадан келган вакиллар бир неча бор митрополит Иосиф ҳузурига келиб, уни янги патриарх сайловида ўз номзодини қўйишга ундади. Бироқ у ёши туфайли бу таклифни рад этди. Митрополит вафотидан сўнг, диндорлар уни авлиёлар қаторига қўшиш учун ҳужжат тўплай бошладилар.

РПЧ манбаларида митрополит Иосиф ҳақида кўп маълумот келтирилган, "Семиречье" православ телестудияси у ҳақида дастур суратга олган, Сретенский монастири китоб нашр этиб, уни "фидойи ва закий қария" деб таърифлаган. Қозоғистонда эса унинг номидаги диний-маданий марказ очилиб, мамлакатнинг турли ибодатхоналарида унинг хотираси мунтазам ёдга олинади.

Черков доираларида бир неча бор митрополитни авлиё деб эътироф этиш масаласи кўтарилди. 2012 йилда у ҳақида фильм суратга олинди, бу унинг авлиёлар қаторига қўшилишига асос бўлиши кутилган эди. Бироқ РПЧ Синод комиссияси бунга қарши чиқди, чунки митрополит уруш йилларида босиб олинган ҳудудларда хизмат қилганди. "Босқинчилар назорати остидаги ҳудудларда бўлганларни авлиёлар қаторига қўшиш жуда мушкул, – дея изоҳ берган эди ўшанда янги шаҳидлар тарихи бўйича мутахассис Лидия Головкова. – Комиссия [РПЧ канонлаштириш бўйича] тергов ишларига жуда ишонади. Биз бунга қаршимиз ва буни терговнинг давоми деб ҳисоблаймиз: гўё биз инсоннинг муқаддас ҳаётидан кўра терговчиларга кўпроқ ишонамиз."

2024 йилда Россия прокуратураси епископ Иосифни оқлашга лойиқ эмас деб топди.

Ўтмишдаги хоинларни излаш

Россия прокурорлари 2020 йилдан бери тизимли равишда оқлаш тўғрисидаги қарорларни қайта кўриб чиқмоқда, жумладан, оммавий ахборот воситалари материалларини текширмоқда. Бу иш Новосибирскда жойлашган Россиядаги ягона кассация ҳарбий судида конвейерни эслатади – у оқлаш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги ишларда Сталин даврининг ҳукмларини қайта кўриб чиқади.

Би-би-си 250 дан ортиқ қатағон қурбонлари ишларини санаб чиқди – чиқарилган барча қарорларда улар оқланмайдиган деб топилган, чунки суд маълумотларига кўра, ҳукмлар ўзгаришсиз қолдирилган.

Прокуратура фаолиятининг энг юқори чўққиси 2023 йилга тўғри келди – Россиянинг Украинага тўлиқ бостириб киришининг иккинчи йили – бу вақтда идора суддан 120 дан ортиқ кишига нисбатан оқлашни рад этиш ёки оқлашни бекор қилишни тасдиқлашни сўради. Бу 2020-2024 йилларда текширилганларнинг деярли ярми эди.

Ушбу рўйхатдаги камида 90 та иш Совет Иттифоқининг "Ватанга хиёнат" моддаси (РСФСР ЖК 58.1-моддаси) бўйича юритилган, деб ҳисоблайди Би-би-си. Совет судлари ва "учлик"ларнинг ҳукмларини қайта кўриб чиқиш бўйича яна 80 дан ортиқ иш ҳужжатларида Россия Федерацияси Жиноят кодексининг давлатга хиёнат тўғрисидаги замонавий 275-моддаси кўрсатилган. Шу билан бирга, суд базасида деярли барча қатағон қурбонларининг исмлари яширилган.

Би-би-си ҳатто ушбу "ретро ишлар" орасида 2022 йилда Россия Жиноят кодексига киритилган "чет элликлар билан махфий ҳамкорлик" тўғрисидаги 275.1-моддани ҳам аниқлади. У ҳеч қачон СССР фуқароси бўлмаган, аммо РСФСР ЖКнинг 58-4-моддаси ("Халқаро буржуазияга ёрдам кўрсатиш") билан судланган ҳарбий асир немис полковниги Йозеф Майлернинг иш ҳужжатида ҳам кўрсатилган. 2023 йилда кассация ҳарбий суди Майлерни расман оқланмайдиган деб эълон қилди.

xoin

Би-би-си аниқлаганидек, 2020 йилдан бери 96 та совет қатағон органлари қарорлари кассация ҳарбий судига қайта кўриб чиқиш учун келиб тушган: булар ВЧК ва НКВД комиссиялари, ОГПУ ҳайъатлари, "махсус бўлимлар" ва ҳарбий трибуналлар — шу жумладан уруш охирида СССР томонидан босиб олинган Германия ҳудудларида ва ишғолчи совет қўшинларида тузилган органлар ҳам бор. Россия ҳарбий суди ушбу барча органларни, жумладан "учлик"лар ва "махсус кенгашма"ларни ҳам "биринчи инстанция судлари" деб тан олади ва прокуратурага эргашиб, улар чиқарган ҳукмларга розилик билдиради.

Қатағон қилинганларнинг ишлари худди шу схема бўйича 2020 йилдан бошлаб кассация судлари томонидан қайта кўриб чиқилади (ҳарбий бўлмаган судлар қарорларини назорат қилади). Би-би-си бундай тўққизта суддан бештасининг веб-сайтларида репрессия қилинган камида 40 та ишни топди. 1990-йилларда хиёнат учун судланган ва оқланган камида икки киши – Псков вилоятидаги босиб олинган қишлоқларнинг собиқ оқсоқоли Семён Светков ва миллати немис бўлган актриса Виктория Видеман 2023 йилда реабилитациядан маҳрум бўлган.

Худди шу судлар ўз сайтларида давлатга хиёнат қилиш ҳақидаги замонавий 275-моддадан ҳам фойдаланиб, тўғридан-тўғри "махфийлаштирилган" деб кўрсатадилар. Масалан, 2023 йилда Санкт-Петербург кассация суди давлатга хиёнат қилгани учун бир йўла 14 нафар маҳкумни реабилитация қилишни рад этган.

"Мемориал" жамияти (Россия суди томонидан тугатилган худди шу номдаги ташкилотнинг собиқ ходимлари томонидан очилган) тарихчиси Сергей Бондаренко Россия ҳукуматининг хоинларни қидириш бўйича ҳозирги сиёсати билан "тўғридан-тўғри параллел" деб билади. "Улар ҳозир ватан душманлари ва хоинларини қандай излаётган бўлса, ўтмишдан ҳам уларни излай бошлашди," дейди у.

"Сиёсий қатағон қурбонларини реабилитация қилиш тўғрисида"ги қонун алоҳида ҳолларда – ватанга хиёнат қилганлар, ҳарбий жиноятчилар ва реабилитация қилинмайдиган бошқа тоифадаги шахсларга нисбатан "учлик" қарорларини ўз кучида қолдиришга имкон беради. Ҳуқуқшунос Григорий Вайпаннинг тушунтиришича, бу 1991 йилда РСФСР Олий Кенгашида муҳокама қилинаётган қонун муаллифлари томонидан эришилган келишув эди.

"Ишларни суддан ташқари органлар (учлик, иккилик, алоҳида йиғилишлар) томонидан кўриб чиқиш инсон ҳуқуқлари стандартларига мос келмайди, – дейди Вайпан. – Улар ҳукм қилган одамлар одил суддан маҳрум этилган. Ушбу органларнинг барча қарорлари автоматик равишда бекор қилиниши ва барча қатағон қилинганлар айбсиз деб ҳисобланиши керак."

Фуқаролиги йўқ ватан хоини

"Хоинлик, ҳамкорлик, душман томонига ўтиш ва ҳоказолар билан боғлиқ ишлар жуда кўп – "Бу ҳолатда Ватан нима?" деган саволдан бошлаб, бу мутлақо одатий ва автоматик нарса эмас – Ватан," — деб изоҳ беради "Мемориал" тарихчиси Сергей Бондаренко.

1999 йилда тарихчи Кирилл Александров генерал Власовнинг Россия Озодлик Армияси (РОА) авиацияси асосчиларидан бири Михаил Тарновскийни реабилитация қилиш учун ҳарбий прокуратурага мурожаат қилди. Александров ҳарбий асир, отиб ўлдирилган учувчининг СССР фуқаролиги йўқлигини, демак, унга нисбатан ноҳақ ҳукм чиқарилганлигини айтди.

Тарновский Санкт-Петербург яқинидаги Царское қишлоғида Россия зенит артиллерияси асосчиларидан бири Василий Тарновский оиласида туғилган, унинг хизматлари замонавий Россия Мудофаа вазирлигининг веб-сайтида тасвирланган. 1920 йилда фуқаролар уруши пайтида зодагон ва оқ офицер Василий Тарновский Россиядан ҳижрат қилди. Унинг ўғли Михаил Чехословакияда улғайган ва 25 ёшида ушбу мамлакат фуқаролигини олган.

Чехословакиянинг фашистлар томонидан босиб олиниши ва фашистлар Германиясининг СССРга ҳужумидан сўнг кўплаб рус муҳожирлари қатағон қилинди. Михаил Тарновскийнинг ўзи 1941 йилда келиб чиқиши рус бўлгани учун "Люфтганз"даги ишдан бўшатилган. Кейинроқ уни гестапо қамоққа олди, у ерда уни чехларнинг яширин ишлари билан алоқаси бор-йўқлигини сўраб-суриштиришди. Тарновский ўзининг большевикларга қаршилигини яширмаган ва немислар унга СССР аҳолисига ташвиқот қилиш тизимида ишлашни таклиф қилдилар. У Берлинда Учинчи Рейх тарғибот министрлигининг махсус бўлими "Винета" радиостанцияларида диктор ва муҳаррир бўлиб ишлай бошлади. Кейин у профессионал учувчи бўлиб, немислар томонида совет қўшинларига қарши жанг қилган Власов армиясига қўшилди.

1945 йил март ойида Тарновский уруш тугаганидан кейин коллаборационист кучлар нима қилиши кераклиги ҳақида власовчиларнинг йиғилишида иштирок этди. "Сталинга қарши қуролли курашни давом эттириш учун Ғарб иттифоқчилари томонига ўтиш энг осон ечим бўлиб туюлди," деб ёзади тарихчи Александров. 1945 йил апрель ойи охирида Германия жанубида РОА бўлинмалари америкаликларга асир тушди.

Власовчилар Қўшма Штатлар уларни Совет Иттифоқига топширмайди, аксинча, кейинчалик коммунизмга қарши курашиш учун армияни иттифоқчи қилиб олади, деб умид қилишган эди. Аммо бу режа иш бермади. Америкаликлар Совет Иттифоқига совет гражданларидан иборат бир гуруҳ асир офицерларни топширди. Тарновский Чехословакия фуқароси сифатида СССРга берилиши мумкин эмас эди. Лекин унинг ўзи ҳам полкдошлари қисматига шерик бўлишни хоҳлаб, улар кетидан совет оккупация зонасига равона бўлди.

askar

У ерда Тарновскийни "Жосусларга ўлим" деб аталувчи СССР контрразведка бўлими қамоққа олди. Тарновскийни ҳатто СССР территориясига олиб бормадилар, у Потсдамдаги турмада сақланарди – унинг совет ҳокимиятига душманлиги исбот талаб қилмасди. Ярим йил ўтгач, Тарновский "қуролли қўзғолон" моддаси (58-2 РСФСР ЖК) бўйича суд қилинди ва отувга ҳукм қилинди, суд мажлиси бир соат 20 дақиқа давом этди, деб ёзади Александров.

1999 йилда прокуратура унинг ишини текшириш давомида Тарновский ёки унинг қўл остидагилар "совет тинч фуқаролари ва ҳарбий асирларни ўлдириш ва қийноққа солишда иштирок этганликларини" исботловчи далилларни топмади. Идора "Тарновскийнинг ҳаракатларида СССР фуқаролари ва манфаатларига қарши бирор ҳаракат йўқлигини" тан олди. Шунинг учун у "ноқонуний ва асоссиз, сиёсий сабабларга кўра" судланган. Ўша пайтда Тарновский Власов армиясининг оқланган биринчи ва ягона офицери эди.

2016 йилдан бери учувчини реабилитация қилиш ташаббускори, тарихчи Александровнинг ўзи Россияда таъқиб остига олинган. Россия Фан ва инновациялар вазирлиги Андрей Власов ва унинг сафдошлари ҳақидаги диссертацияси учун унга докторлик даражасини бериш тўғрисидаги қарорни бекор қилди. Санкт-Петербург суди эса тарихчининг Степан Бандер ва бандерчилар ҳақидаги мақоласини экстремистик деб топди.

2019 йилда Тарновский ҳақидаги мақолани бошқа тарихчи – ФСБ фахрийлар кенгашининг Санкт-Петербургдаги президиуми аъзоси Станислав Бернев нашр этди. У Тарновский ва унинг командири тергови баённомаларига асосланиб, уруш пайтида партизанларга қарши операцияларда қатнашган эскадрильяга қўмондонлик қилган Тарновский "асосли равишда ҳукм қилинган ва сиёсий қатағон қурбони эмас"лигини айтди. Тарихчи отиб ташланган ҳарбий асирни реабилитация қилиш тўғрисидаги қарор бекор қилиниши кераклигини таъкидлади.

2022 йил январь ойида Берневнинг худди шу мақоласи "Секретние материали" газетасида қисқартишлар билан чоп этилган. Ўша йил апрелида кассация ҳарбий суди прокуратуранинг Тарновскийнинг реабилитациясини бекор қилиш тўғрисидаги қарорини тасдиқлади.

"Бу ерда энг муҳими шундаки, прокуратура ўша жиноят иши материаллари асосида ўзининг илгари қабул қилинган реабилитация тўғрисидаги қарорини бекор қилади, – деб ҳисоблайди Вайпан. – Давлат бундай қилишга ҳақли эмас."

Бу суд илгари оқланганларнинг қанчасини яна жиноятчи деб эътироф этганини ва реабилитациянинг бекор қилиниши нима билан боғлиқлигини иш ҳужжатларидан тушуниб бўлмайди. Би-би-си фақат 17 нафар шундай шахс ҳақида очиқ маълумотларни топа олди (улардан бирининг реабилитацияси ҳақида ҳужжатли тасдиқ йўқ, аммо замондошларнинг маълумотлари мавжуд).

"Ҳеч кимга иш билан танишишга рухсат берилмайди"

2024 йил сентябрь ойида бош прокурор Игор Краснов буйруқ чиқарди: илгари оқланган, Сталин қатағонлари қурбони деб топилган одамлар орасида жиноятчиларни қайта аниқлаш ишларини йўлга қўйиш.

"Нацистларнинг ёрдамчилари ва ватанга хиёнат қилганларни оқлашга" йўл қўймаслик учун уларнинг реабилитациясини бекор қилиш буюрилди. Ҳолбуки, масалан, СССРда немисларга ёрдам берганлик, оккупация даврида улар билан ҳамкорлик қилганлик тўғрисида мажбуран тилхат ёзганлар ҳам ҳукм қилинган, деди "Мемориал" юристи Григорий Вайпан.

1998 йилда прокуратура беш йил ичида 408 мингта жиноят ишини қайта кўриб чиққанини, 436 мингга яқин фуқаронинг "яхши номини тиклаганини" ва яна 281 мингдан ортиқ кишини қатағон қурбонлари деб топганини билдирган эди. Орадан қарийб 20 йил ўтиб ҳам бу иш ҳануз охирига етказилмаган, дейилади бош прокурорнинг сентябрь ойидаги буйруғида. Аммо у энди қарама-қарши йўналишда фаоллашади.

Прокуратура сентябрь ойида 2022 йилнинг иккинчи ярмидан бери 4 мингга яқин реабилитация бекор қилинганини маълум қилган эди. Қатағон қилинганларнинг ишларини кўриб чиқиш қоидаларига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Реабилитация тўғрисидаги маълумотномалар энди ҳар қандай манфаатдор шахсларга эмас, балки фақат реабилитация қилинганларнинг ўзига ёки уларнинг қариндошларига берилади.

Агар прокуратура ўз режали текшируви доирасида шахсни реабилитация қилган бўлса, у ўз ички қарорлари билан – судга мурожаат қилмасдан реабилитацияни бекор қилиши мумкин. Мисол учун, митрополит Иосиф билан шундай бўлган.

Прокурорнинг хулосасига судда эътироз билдириш мумкин. "Аммо судлар доим прокуратура тарафида туради ва ҳокимиятнинг ўзи айтмоқчи бўлган шов-шувли ишлардан ташқари, реабилитация қилинмаган одамларнинг исмларини ҳам ҳеч қаердан билишмайди, – дейди ҳуқуқшунос. – Агар реабилитация рад этилса, ҳеч кимга иш билан танишишга рухсат берилмайди."

Агар шахс қариндошлари ёки учинчи шахслар ташаббуси билан реабилитация қилинган бўлса ёки ўзи реабилитацияга эришган бўлса, уни прокуратуранинг илтимосига кўра дастлаб фақат суд бекор қилиши мумкин.

Қайта кўриб чиқиш бўйича суд жараёнларининг сифати паст, дейди Вайпан. "Қоида тариқасида, суд айблов далилларини, биринчи навбатда, айбланувчининг кўрсатувларини танқидий қабул қилмайди. Шу билан бирга, реабилитацияни бекор қилиш тўғрисидаги ишларда бир хил фактлар йиллар ўтиб, тўғридан-тўғри қарама-қарши ҳуқуқий баҳо олади», деб тушунтиради ҳуқуқшунос.

Мисол учун, СССРнинг босиб олинган ҳудудларидаги қишлоқ оқсоқолларига кўплаб ҳукмлар чиқарилган. Бу одамларни уруш пайтида немисларга дон ва чорва молларини топширганликда айблашган. 1990-йилларда прокуратура бундай одамларни оқлаган, ҳозир эса уларни бекор қилмоқда ва суд уларни тасдиқламоқда, деб айтади Вайпан.

2023 йилда Россия Олий суди ҳам прокуратура изидан бориб, 1944 йилда ҳукм қилинган ва 1946 йилда лагерда вафот этган Виктор Корсаков иши бўйича реабилитацияни бекор қилди. Суд маҳбуснинг ҳудуддан қочиш пайтида "ҳукумат ҳокимиятини заифлаштириш" мақсади бўлмаганини тан олди, бироқ Корсаковга дезертирлик, ўғирлик ва қочишда айбланиб, 10 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини қолдирди. Бундай ҳолатларда шахс реабилитация қилинмайди.

Сергей Бондаренконинг таъкидлашича, бундай оммавий "текширувлар" Совет Иттифоқида сиёсий ишлар қандай мантиқ асосида юритилган бўлса, худди ўша мантиқни такрорлайди. "Мен уларнинг экспертлик даражасини бўрттириб юбормаган бўлардим, – дейди тарихчи реабилитация бўйича ишларни оммавий қайта кўриб чиқиш ҳақида. – Менимча, улар бу ҳужжатларни қандай ёзилган бўлса, шундай ўқияпти. Жуда танқидий қарашсиз. Яъни, умуман, бу қандай амалга оширилгани контекстини тушунмасдан ва мутлақо зарур бўлган ҳар қандай тахминларсиз," дейди у.

Реабилитация бекор қилингандан ёки рад этилгандан сўнг, такроран қатағон қилинган шахснинг иши бутунлай махфийлаштирилади.

Концепция ўзгарди

Россия ҳукумати қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича давлат сиёсати концепциясини фақат 2015 йилда қабул қилди. Ушбу ҳужжатга кўра, асосий вазифалардан бири "ягона хотира тармоғи" – қатағон қурбонлари тўғрисидаги тўлиқ реестрни яратиш бўлиши керак эди.

Аммо бу содир бўлмади ва 2024 йил июнь ойида "ягона хотира тармоғи" ҳақидаги қатор концепциянинг бошқа муҳим қоидалари каби ҳужжатдан бутунлай олиб ташланди. Ҳужжат эълон қилинмасдан ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилмасдан тубдан ўзгартирилди. Фақат сентябрда "Новая газета" бу ўзгаришларга биринчи марта эътибор қаратди.

Ҳужжат муқаддимасидан Михаил Мишустин бошчилигидаги ҳукумат қатағонларнинг оммавийлиги ҳақидаги барча таъкидларни ва миллионлаб қатағон қилинганларнинг хотирасини абадийлаштирмасдан туриб, Россия ҳуқуқий давлатга айлана олмаслиги ҳақидаги фикрни ўчириб ташлади. 2015-йилги Концепцияда 1988 йилда ҳокимият "Зулм ва қатағон қурбонлари хотирасига ёдгорлик ўрнатиш тўғрисида" қарор қабул қилгани, аммо умуммиллий ёдгорлик ўрнатилмагани эслатилган эди. Янги концепцияда бу фактлар, шунингдек, 1991 йилдан 2014 йилгача Россияда 3,5 миллиондан ортиқ одам оқлангани ва ГУЛАГнинг 265 мингдан ортиқ боласи қатағон қурбонлари деб эътироф этилгани ҳақидаги маълумотлар олиб ташланди.

konsepsiya

Ҳолбуки, "Сиёсий қатағон қурбонларини реабилитация қилиш тўғрисида"ги қонунда реабилитацияни бекор қилиш имконияти ҳақида умуман ҳеч нарса айтилмаган. У ишларда ватанга хиёнат қилишда, тинч аҳоли ва ҳарбий асирларга нисбатан зўравонликда айбланиб, бундай зўравонликка кўмаклашганликда "етарли далиллар" бўлган қатағон қилинганларни реабилитация қилишни бошиданоқ рад этиш имконини беради. Аммо немис армияси ёки полициясида хизмат қилган, бироқ разведка, жанговар ва жазолаш ҳаракатларида иштирок этмаганлар ҳам қонун бўйича оқланиши мумкин.

"Қатағонларни даврнинг ўзига хос хусусиятлари билан оқлашга ёки уларни тарихимиз факти сифатида умуман инкор этишга уринишларнинг давом этишига йўл қўйиб бўлмайди," дейилган эди ҳужжатда. Ҳукумат уни қайта ишлаш пайтида бу сўзларни, шунингдек, фуқаролар уруши ва оммавий қатағонларга олиб келган "ижтимоий бўлиниш фожиасини англаш" тамойилини ҳам ўчириб ташлади.

Янги концепция бўйича реабилитация жараёни эса архив ҳужжатлари ва "экспертлар фикри" асосида шаклланадиган "тарихий ҳақиқат" тамойилига мувофиқ олиб борилади. Ушбу архивларга кимлар кириши ва "тарихий ҳақиқат" ҳақидаги билимларнинг эгаси эканлиги концепцияда аниқ кўрсатилмаган.

Бироқ унда оғир, жумладан, ҳарбий жиноятларда айбдорларни "реабилитация қилиш ва оқлашга йўл қўйилмаслиги" ҳақида сўзлар пайдо бўлди. Бундай шахсларни реабилитация қилиш тўғрисидаги қарорлар бекор қилиниши эндиликда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича фаолиятнинг асосий йўналишларидан бирига айланди.

Қатағонлар ҳақидаги хотира мавзуси Россияда 2014 йилдан кейин сиёсий мавзу деб ҳисобланиб, давлат хотира сиёсатини ўтказишни хоҳлаётганини фаол кўрсата бошлади, дейди тадқиқотчи Николай Эппле. Концепциядаги ҳозирги ўзгаришлар ва реабилитация қилинганларнинг ишларини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги прокуратуранинг буйруғи ҳали ҳам Россияда хотира билан ишлашни давом эттираётганлар учун сигналдир: "Бу билан давлат шуғулланади, бу мавзуга аралашмаслик керак. Бу соҳада мустақил иштирокчилар бўлмаслиги керак."

"Мен буни шунчаки уруш даври қонунлари бўйича хотира сиёсатини юритиш деб атаган бўлардим. Тинчлик даврида шунчаки қурбонлар бўлиши мумкин. Уруш пайтида эса қурбонлар ё бизники, ё душманники бўлади," дейди Эппле.

"Ҳеч нарса кўрсата олмайсиз"

Бош прокуратура вакили Андрей Иванов сентябрь ойида реабилитацияни қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш бўйича ишларда фақат «Улуғ Ватан» уруши йилларида хоинлик қилган ва душман билан ҳамкорлик қилганларни аниқлаш ҳақида гап кетаётганини таъкидлаган эди. 1920-1940 ва 1950 йиллардаги қатағон қурбонларини реабилитация қилишнинг асослилиги масалалари "текширув предметига кирмайди," дея прокурорнинг сўзларидан "Коммерсант" иқтибос келтирган.

Бироқ, Би-би-си бу даъволарни инкор этувчи мисоллар топди. 2021 йилда прокуратура Феликс Дзержинский бошчилигидаги ВЧК комиссиясининг ҳукми билан 1919 йилда отиб ташланган уч кишини реабилитация қилиш тўғрисидаги ўз қарорини бекор қилди. Булар Петроград ЧК коллегияси аъзоси Дмитрий Чудин, унинг таниши Нина Свободина ва унинг ҳамроҳи Вулф Дрейсер эди. Свободина Чудин ёрдамида чайқовчиликда айбланган Дрейсерни, кейин эса яна бир неча чайқовчи деб гумон қилинганларни озод қилишга эришганди. Натижада Чудин, Свободина ва Дрейсер "одил судловга қарши жиноят" учун отиб ташланди, гарчи ВЧКнинг ўзи суд органи бўлмаса ҳам. 2023 йилда Кассация ҳарбий суди ВЧК ҳукмини маъқуллади.

Суд яна бир чекист, Сибирдан келган НКВД ходими Михаил Станкевичнинг реабилитациясини ҳам бекор қилди – у 1938 йилда "троцкийчилар ташкилотида иштирок этиш, саботаж, жосуслик ва советларга қарши тарғибот"да айбланиб отиб ташланган эди.

1931 йилда терроризмда айбланиб ҳукм қилинган деҳқон Александр Корнеев ва Москва ЦУМнинг собиқ сотувчиси Иван Багров ҳам реабилитациядан маҳрум бўлди. Иш ҳужжатларига кўра, Багров "Ватанга хиёнат қилиш" моддаси билан судланган (РСФСР ЖК 58-1-моддаси). Қатағон қилинганлар ҳақидаги очиқ маълумотларда айтилишича, Багров 1935 йилда советларга қарши тарғиботда айбланиб, уч йилга Қозоғистонга сургун қилинган. Худди шундай маълумотлар Давлат архивида сақланаётган тўлиқ исмли Багровнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида ҳам қайд этилган, деди тарихчи Сергей Бондаренко Би-би-сига. Бу бир киши ёки икки нафар тўлиқ исмли шахс эканлигини аниқ айтиб бўлмайди, лекин агар бир киши бўлса, гап Багровга қарши иккинчи иш ҳақида кетиши мумкин, бу ишда унга "ватанга хиёнат қилиш"ни ҳам қўйишлари мумкин, дейди Бондаренко.

delo

Ҳатто Сталин вафотидан сўнг СССРда қабул қилинган реабилитация тўғрисидаги қарорлар ҳам бекор қилинди. 2023 йил охирида Кассация ҳарбий суди Уфадаги фабрикада ҳуқуқ маслаҳатчиси бўлиб ишлаган собиқ дворян Борис Конини учинчи марта жиноятчи деб топди. У биринчи марта 1923 йилда жосусликда айбланиб ҳибсга олинган. Отишга ҳукм қилинган, лекин 10 йилга лагерларга юборилган. 1937 йилда у аксилинқилобий тарғибот учун яна қамоққа олинган ва отиб ўлдиришга ҳукм қилинган. 1957 йилда реабилитация қилинган, 2023 йилда эса реабилитация бекор қилинган.

Иккинчи жаҳон уруши давридаги хатти-ҳаракатлари учун қатағон қилинганларнинг очиқ рўйхатидан суд икки марта (1945 ва 1956 йилларда) аксилинқилобий тарғибот ва совет раҳбариятига туҳмат учун судланган Василий Калининнинг реабилитациясини бекор қилди; ишсиз Степан Панасенковнинг хиёнат қилиш ҳақидаги ҳукми билан 1942 йилда отиб ташланган; уруш охирида қизил аскарлар Григорий Биттер ва Пётр Ключниковнинг хиёнатда айбланиб, судланганларининг реабилитацияси ҳам бекор қилинди.

Прокуратура япониялик Седзима Рюзонинг реабилитациясини ҳам рад этди. У 1949 йилда жосусликда айбланиб ҳибсга олинган ва 25 йилга озодликдан маҳрум этилган. 2024 йил июль ойида Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова жосусликда айбланган яна тўрт нафар япон – С. Кикути, Ф. Кикути, И. Марафудзи, К. Сато ва Т. Сога реабилитацияси бекор қилингани ҳақида хабар берди. Захарованинг таъкидлашича, уларнинг айби "тўлиқ исботланган." Кассация суди сайтида бу японларнинг исмлари ёзилган иш варақалари умуман йўқ.

"Бу хотирадан фақат сиёсий манипуляция мақсадларида фойдаланишнинг совет анъанаси," дейди Николай Эппле янги концепция ҳақида. Мисол тариқасида у Путиннинг риторикасини келтиради. 2009 йилда Польшанинг Гданск шаҳрида сўзга чиққан Путин Молотов-Риббентроп пактини қабул қилиш масъулияти ҳақида гапирган. "У буни шундай деб ўйлагани учун эмас, балки ўша пайтда поляклар мумкин бўлган ҳамкорлар сифатида кўрилгани учун айтган. Донбассда уруш бошлангандан кейин Польша очиқдан-очиқ душман бўлиб қолгач, у бу ҳақда бутунлай бошқача гапира бошлади. Яъни хотиранинг ўзи мавжуд эмас. Фақат у ёки бу вазиятдаги хотира мавжуд," дейди Эппле.

Бундан ташқари, тадқиқотчи шу йилнинг ёзида Давлат думасига "Совет халқи геноциди қурбонлари хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси киритилганига эътибор қаратади. Николай Эппле фикрича, Россия учун бу "биз қурбонмиз" деган ғояни кўрсатишнинг сиёсий усулидир.

"Ҳозир бизга Совет Иттифоқининг уруш бошланиши учун тенг масъулияти ҳақида гапиришмоқда. Масалан, яҳудийлар: Иккинчи жаҳон уруши муносабати билан уларга ҳеч кимда савол йўқ, чунки улар қурбонлар, уларда Холокост бўлган. Биз эса асосий қурбон бўлишимиз керак. Уруш йилларида 20 миллион совет фуқароси, 6 миллион яҳудий ҳалок бўлган. Демак, биз каттароқ қурбонмиз, сиз бизга ҳеч қандай даъво қила олмайсиз," дея у Россиянинг хотира сиёсати мантиғини тушунтиради.

Бу қурбонлар ҳақидаги манипулятив хотирадир: "Қурбонларнинг ўзи керак эмас, лекин улар нимадир учун сиёсий аҳамиятга эга бўлганда зарур бўлади," деб хулоса қилади Эппле.

"Хоин"ли Ўлмас полк

2016 йилда Адигея раҳбари ва "Ягона Россия" олий кенгаши аъзоси Аслан Тхакушинов отаси Кита Тхакушиновнинг сурати туширилган лавҳани кўтариб, Ўлмас полк юришида қатнашди. Вилоят раҳбарининг сурати маҳаллий ОАВ ҳисоботларида эълон қилинди ва 2022 йилнинг баҳоригача – кичик Тхакушинов беш йилдан бери истеъфода бўлганида унутилди. Шунда Бош прокуратура тўсатдан Совет Иттифоқида ватанга хиёнат қилгани учун судланган отасининг оқланишини бекор қилганини эълон қилди.

Катта Тхакушинов 2002 йилда Адигея прокуратураси томонидан "Совет режими сиёсий қатағонлари қурбони" сифатида оқланган эди. Унинг ўғли Аслан 2000-йилги сайловларда Владимир Путиннинг ишончли вакили бўлган ва ўзи 2002 йилда Адигея президентлигига номзодини қўйган. Аммо ўшанда ғалаба қозона олмаган ва 2006 йилда Путиннинг тавсияси билан сайловларсиз бу лавозимга тайинланган.

portret

2007 йилда Адигея пойтахтида республика президенти Тхакушиновнинг сўзбошиси билан "Ғолиблар" китоби нашр этилди ва фронтчиларнинг ҳикоялари орасида унинг отаси ҳақидаги матн ҳам бор эди: "Ватан ниҳоят унга, Китага, муносиб тақдирлади — у "Германия устидан ғалаба учун" медали билан мукофотланди."

1942 йилда совет сапёри Кита Тхакушинов немисларга асир тушган ва у ерда "ихтиёрий равишда душман томонига ўтган," деб хабар берди "Комсомолская правда Кубан" Бош прокуратуранинг баёнотига асосланиб, унинг реабилитацияси бекор қилингандан сўнг. Департамент маълумотларига кўра, у 1943-1944 йилларда фашистлар Германиясининг "Шимолий Кавказ легиони" таркибида совет партизанларига қарши жазо операцияларида қатнашган. Кейин Тхакушинов Францияга, у ердан Данияга жўнатилган ва у ерда "иттифоқчи қўшинларнинг тушишига тўсқинлик қилган." 1945 йил май ойида у инглизларга асир тушган, улар эса уни "Смерш"га топширишган.

Бироқ, "Дорога памяти" веб-сайтида собиқ Адигея раҳбарининг отаси ҳақида бошқача маълумот берилган. Унда катта Тхакушинов 1942 йилда асирга тушгани, озод қилингани, 1948 йилда ҳарбий хизматдан бўшатилгани айтилган.

1950 йилда Кита Тхакушинов Шимолий Кавказ ҳарбий округи ҳарбий трибунали томонидан "Ватанга хиёнат" моддаси билан 25 йилга ҳукм қилинган (РСФСР Жиноят кодексининг 58-моддаси, 1-қисми "б" банди). Тхакушинов бутун муддатни ўтказа олмади – амнистия билан озод қилинди.

2022 йилда Бош прокуратура реабилитацияни бекор қилиш тўғрисидаги қарорида 2002 йилда маҳаллий прокуратура Тхакушиновни реабилитация қилиш учун "қонуний асослар ҳам, ваколатлар ҳам" бўлмаганини таъкидлаган. Фашист қўшинларига ёрдам бериш факти "ва унинг кеч тан олиниши" билан тасдиқланади, дея маълум қилди Бош прокуратура. Бу Адигеядаги ҳокимиятнинг узлуксизлигига таъсир кўрсатмади – Аслан Тхакушинов истеъфога чиққанидан кейин минтақани унинг рафиқасининг жияни Мурат Кумпилов бошқармоқда.

2022 йилда Новосибирскдаги Кассация ҳарбий суди Бош прокуратура тарафини олиб, собиқ Адигея раҳбари отасини "реабилитация қилинмайдиган" деб топди.

"Ташқи таъсир" бўлган ишлар, – дейди "Мемориал" тарихчиси Бондаренко, – қариндошлар, тарихчилар ёки черковнинг таъсири бўлган ишлар оммавий тус олиши бежиз эмас. "Тушунарли, кимгадир реабилитацияга эришиш муҳим эди, чунки бу унинг отаси ва у ҳокимиятга эга. Ҳозир эса у [Россия ҳукумати] томонидан тескари ҳаракатга тушиб қолди," – дейди Бондаренко. – Яна қанчадан-қанча минг-минглаб шундай мақом ва тарихга эга одамлар борки, улардан умуман ҳеч нарса қолмайди?"

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: