BBC суриштируви: Хўрланган, калтакланган ва 650 кило кунлик норма – Шинжонда уйғурлар қийноқ остида терган помидорлар Европага қандай келиб қолди? - Видео

pomidor

Сурат манбаси, Getty Images

BBC ўтказган суриштирув Европа супермаркетларида сотилган томат пасталари, аслида, Шинжонда уйғурларга мажбуран тердирилган помидорлардан тайёрланган бўлиши мумкинлигини кўрсатди.

Хитой дунёдаги энг йирик помидор етиштирувчилардан бўлиб, уйғурлар яшайдиган Шинжон вилояти бу ўсимлик ўсиши учун жуда қулай жой ҳисобланади.

BBC қўлга киритган маълумотларда миллиондан зиёд уйғурларни “қайта тарбиялаш лагерлари”да сақлашда айблаб келинадиган Хитой ҳукумати, эндиликда, бу миллат вакилларини помидор теришга мажбуран жалб қилган бўлиши ҳам мумкинлигини кўрсатмоқда.

Энг муҳими, мажбурий меҳнат остида етиштирилган ва йиғиб олинган Шинжон помидорларидан тайёрланган томат пасталари “Италия маҳсулоти” ёрлиғи остида Буюк Британия ва Германиянинг бир қанча супермаркетларида сотилган бўлиши эҳтимоли ўртага чиқмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Помидор ва мажбурий меҳнат

poyezd

Сурат манбаси, Alamy

Сурат тагсўзи, Хитой помидорининг асосий қисми Шинжон ҳудудида етиштирилади.

Хитой жаҳон бозоридаги помидорларнинг учдан бир қисмини етказиб беради.

Хитой помидорларининг катта қисми эса Шинжонда етиштирилади.

БМТ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Хитойни ушбу ҳудудда яшовчи уйғурларни азоблаш ҳамда эксплуатация қилишда айблайди.

Хитой бундай даъволарни рад этсада, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари расмий Пекин 2017 йилдан бери ҳибсхоналар ташкил этиб, миллиондан зиёд уйғурларни ушлаб турганини даъво қилади.

Хитой ҳукумати бундай жойларни “қайта тарбиялаш лагерлари” деб атайди.

Эндиликда, шундай лагерларда қийин шароитларда сақланаётгани айтилган уйғурлар помидор далаларида мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақида хабарлар ўртага чиқмоқда.

BBC сўзлашган шинжонлик 14 инсон ўтган 16 йил давомида ҳудуддаги помидор далаларида ишлашга мажбурлангани ҳақида гапирди.

Уларнинг айтишича, лагерлардаги маҳбуслардан помидор териш талаб қилинган ва кунлик 650 килограммгача бўлган нормани бажармаса, улар жазоланган.

“Агар нормани бажармай қўйсак, бизни электр токи билан жазолашар эди”, ўз бошидан ўтган қийинчиликларни тасвирлайди Аҳмад (исми ўзгартирилган).

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

BBC
Qorongʻi kameraga olib kirib, zanjir bilan oyogʻimdan osib qoʻyishar edi. Nega ishni bajarmading, deb ketimga, biqinimga qattiq urishardi. Kaltak izlari tanamda hali ham bor.
Mamutjon
Shinjonlik uygʻur (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Бошқа бир жабрланувчи – касби ўқитувчи бўлган Мамутжон эса нормани бажара олмагани учун қандай калтакланганини гапириб берди.

“Қоронғи камерага олиб кириб, занжир билан оёғимдан осиб қўйишар эди. Нега ишни бажармадинг, деб кетимга, биқинимга қаттиқ уришарди. Калтак излари танамда ҳали ҳам бор”.

Бу инсонлар даъволарини мустақил равишда текшириш имконсиз, аммо БМТнинг 2022 йилда эълон қилинган ҳисоботида Шинжондаги лагерларда қийноқ ва мажбурий меҳнат авж олгани борасида сўз боради.

Хитой эса бу айбловларни рад этиб, барча ишчиларнинг ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланганини таъкидлаб келади.

Помидорлар Европага қандай етиб борди?

xarita

Суриштирув натижаларига кўра, Шинжон ҳудудида етиштирилган помидорлар томат пастаси кўринишида қайта ишланиб, Марказий Осиё орқали Европага етказилган.

Шинжондан чиққан товарнинг асосий қисми поездда Қозоғистон, Озарбайжон орқали Грузияга элтилган ва у ердан кемаларда Италияга етиб борган.

Кейинчалик, томат пастаси Италия ишлаб чиқарувчилари томонидан қайта ишланиб, “Италия маҳсулоти” ёрлиғи остида Европа бозорида сотилган.

Маълум бўлишича, Италиядаги помидорни қайта ишловчи йирик бизнеслардан бўлмиш Petti компанияси 2020-2023 йиллар оралиғида Шинжондан 36 миллион килограммдан ортиқ томат пастасини қабул қилган.

Petti помидор маҳсулотларини ўз номи остида сотади, аммо Европадаги биз қанча супермаркетларни ҳам хомашё билан таъминлайди.

Бу супермаркетлар, пировардида, Petti етказган хомашёдан фойдаланиб, ўзининг бренд маҳсулотларини тайёрлайди ва сотади.

BBC Petti етказиб берган хомашёдан тайёрланган томат пасталари “Италия маҳсулоти” ёрлиғи остида Tesco, Asda ва Waitrose каби йирик супермаркетларда сотилаётганини аниқлади.

tomat
Сурат тагсўзи, Савол остидаги турли бренддаги томат пасталари.

BBC бу супермаркетларда турли брендлар номи остида сотилаётган 64 турдаги томат пастасининг асл келиб чиқиш жойини аниқлашга ҳаракат қилди.

Бу соҳада катта тажрибага эга мустақил компания ёрдамида ўтказилган лаборатория тест-синови натижаларидан 17 турдаги томат пастасида Хитой помидорлари ишлатилгани маълум бўлди.

Бу пасталарнинг 10 таси Petti компаниясига алоқадор бўлиб чиқди.

Компания аввал ҳам Хитой ва бошқа давлатларда етиштирилган помидорларни Италия маҳсулоти ўлароқ сотувда гумонланган ва бундай даъволарни рад этиб келади.

Бироқ яширин камера билан компания заводига кирган BBC мухбирлари у ерда “Xinjiang Guannong Tomato Products Co Ltd” ёзуви туширилган бочкаларни тасвирга олишди.

bochka
Сурат тагсўзи, Petti компанияси кўрсатган инвойсда ҳақиқатан сўнгги олди-берди 2020 йилда бўлгани кўринсада, ББC яширин тасвирга олган бочкалар ёрлиқларида ишлаб чиқариш санаси 2023 йил августи экани кўзга ташланади.

Petti Шинжонда жойлашган бу компания билан 2020 йилдан бери олди-берди қилмаслигини таъкидласада, BBC мухбири олган тасвирларда бочкалардаги ёрлиқларда “20 август, 2023 йил” санаси кўзга ташланади.

Супермаркетлар нима демоқда?

Ушбу суриштирувда тилга олинган йирик супермаркетлар келтирилган маълумотларни рад этиб, ўзларининг ички текширувлари маҳсулотларда Хитой помидорлари мавжуд эмаслигини кўрсатганини айтишди.

Шунингдек, айрим супермаркетлар BBC мутахассислари қўллаган лаборатория тест-синови методологиясини ҳам савол остига олди.

Шунга қарамай, Tesco маҳсулот етказиб беришни тўхтатди, Германиядаги Rewe тармоғи эса савол остига олинган томат пасталарини зудликда пештахталардан олиб ташлади.

Фақатгина Lidl тармоғи Хитой помидорларини ўз ичига олган томат пасталарини таъминотдаги муаммолар туфайли “қисқа вақт давомида” сотишга мажбур бўлганини тан олди.

АҚШ Шинжонда ишлаб чиқарилган барча маҳсулотлар экспортига нисбатан қатъий тақиқлар жорий этган бўлсада, Европа ва Буюк Британия мажбурий меҳнат омилига жиддий эътибор қаратиш талаби остида компанияларга ўзини ўзи назорат қилиш имконини берган.

Шу йил баҳорида Европа Иттифоқи аъзолари мажбурий меҳнатга қарши қонунчиликни кучайтиришга келишиб олган.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: