Яқин ўтмиш: Путин “Украина ойнаси”га қараб қўрқиб кетди – у кўзгуда нима кўрган эди?

putin

Сурат манбаси, SERGEI SUPINSKY/AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Путин Виктор Юшенконинг Украинада ҳокимият тепасига келишида ўз ҳокимиятига таҳдид кўрган эди.
  • Author, Сергей Горяшко
  • Role, BBC

2004 йилдаги Украинадаги Зарғалдоқ инқилоби Москва ва Киев муносабатларининг ортга қайтмас нуқталаридан бирига айланди. Йигирма йил ўтиб, воқеаларнинг бевосита иштирокчилари ҳам, четдан кузатувчилар ҳам бунга ишонч ҳосил қилдилар.

Бироқ, Украинанинг биринчи Майдони Россиянинг ички сиёсатини ҳам белгилаб берди – айнан ўшанда президент Владимир Путин “зарғалдоқ таҳдид”га ишонди ва кейинги ҳаракатларини унинг реаллигидан келиб чиқиб амалга оширди.

2004 йилда Путин биринчи марта президентлик сайловларида мағлубиятга учради.

Аммо гап Россиядаги сайловлар ҳақида эмас – у 70 фоиздан ортиқ овоз билан иккинчи муддатга қайта сайланди.

Путин бутун йил давомида яна бир сайлов кампанияси билан шуғулланган эди – Украинада.

Леонид Кучманинг иккинчи президентлик муддати тугаётган, у ҳокимиятни ворисига топшириши керак эди ва танлов бош вазир Виктор Януковичга тушганди.

Асосий рақиб собиқ бош вазир Виктор Юшенко эди. Аммо кампания Путин мўлжаллаган сценарий бўйича кетмади.

Алоқадор мавзулар:

“Украина бошқача бўлиб қолди”

putin

Сурат манбаси, ITAR-TASS / Mikhail Klimentyev

Сурат тагсўзи, Владимир Путин Украинадаги сайловда Виктор Янукович (ўнгда) номзодини ёқлаган эди. Аммо украиналиклар Виктор Юшенко (ўртада)ни танлади. Сурат 2006 йил — сайловдан сўнг олинган.

Россия президенти ўша сайловлар ва ундан кейинги инқирозни шарҳлаётиб, уларнинг натижасини “Украина халқи ҳал қилади” деб тез-тез такрорларди.

Аслида, Би-би-си суҳбатдошлари фикрича, Путин халқнинг – на украиналик, на россияликларнинг – субъектлигига ҳеч қачон ишонмаган.

Президент Украина инқилобида Америка технологиясини кўрди ва ғалабани ундан норози украинликлар эмас, балки америкаликлар тортиб олди деб ҳисоблади.

“Биз рангли инқилоблар деб аталадиган тўлқин қандай фожиали оқибатларга олиб келганини кўриб турибмиз ва биз Россияда бундай ҳодиса ҳеч қачон содир бўлмаслиги учун барча чораларни кўрамиз,” – деди Путин 2014 йил 20 ноябрда, Украинанинг биринчи Майдонидан 10 йил ва иккинчисидан бир йил ўтиб.

Бу вақтга келиб Россия Қримни аллақачон босиб олган ва халқаро санкциялар остида қолган, россияликлар эса “рангли инқилоб” ёвузлик эканига ишониб бўлишганди. 2005 йилда, Жамоатчилик фикрини ўрганиш бутунроссия маркази (ВСИОМ) маълумотларига кўра, сўровда қатнашганларнинг 36 фоизи Майдондаги воқеалардан Украина кўпроқ зарар кўрган деб ҳисоблаган бўлса, 2016 йилда респондентларнинг 81 фоизи шундай фикрда эди.

Аслида Путин Ғарбни Украинадаги сайловларга ўзидан кўра самаралироқ аралашганликда айблади. Москва Украина президенти курсисига ўз одамини ўтқазмоқчи эди. Давлат тарғиботи сайлов ғолиби Виктор Юшенконинг штабини чет элдаги сиёсий технологлар қўллаб-қувватлаганликда айблади, шунингдек, унинг рақиби, Россия томонидан қўллаб-қувватланган Виктор Януковичга ҳам хорижий – россиялик – маслаҳатчилар гуруҳи ёрдам берганини таъкидлади.

Путин Ғарб раҳбарларини қоидабузарликларни танқид қилгани ва Майдан ғалабасидан сўнг Юшенкони табриклагани учун танқид қилди. Шу билан бирга, Россия раҳбарининг ўзи ҳам ўз хайрихоҳлигини яширмаган ва расмий натижалар эълон қилинишидан олдин Януковични ғалаба билан икки марта табриклаган эди.

“Бу сир эмаску, худойим! – деган эди 2012 йилда Украина собиқ президенти Леонид Кучма Би-би-сининг “Путин, Россия ва Ғарб” фильмида. – Нима, Ғарб Украинада ким президент бўлишини муҳокама қилмаганмиди? Шундай қилиб, бутун Ғарб ва фақат Россия, фақат Путин.” Унинг сўзларига кўра, “Россия Юшенкони кўрган, унинг позициясини, фикрларини билган. Путиннинг у ҳокимият тепасига келишига катта истаги йўқ эди.”

putin

Сурат манбаси, ITAR-TASS/ Alexey Panov

Сурат тагсўзи, Путин 2004 йил давомида Леонид Кучма билан мунтазам кўришиб турди.

Украинадаги сайловлар билан Путин худди ўз сайловларидек шуғулланган. 2004 йилда у Украинага етти марта ташриф буюрган. Ўша пайтдаги раҳбар Леонид Кучма билан деярли ҳар ойда учрашиб турар ёки телефонда гаплашарди – дам “Дўстлик” ёшлар фестивалининг очилиши, дам МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши раиси сайлови каби баҳоналар етарли эди.

26 октябрь куни, овоз беришнинг биринчи босқичига беш кун қолганда, Путин Киевдан Украина фуқаролари билан “тўғридан-тўғри мулоқот” ўтказди. Учта умуммиллий телеканал – “Биринчи миллий,” “1+1” ва “Интер” эфирида у бир соат давомида Россия ва Украина муносабатлари ҳақидаги саволларга жавоб берди. У саволларни украин тилидан рус тилига таржима қилишдан қатъиян бош тортди, Тарас Шевченкодан иқтибос келтирди ва Януковични мақтади. У Леонид Кучма ҳақида ҳам ҳурмат билан гапирди. Путин украиналик ҳамкасби ўзидан кўра “ҳаётий ва сиёсий тажрибаси кўпроқ” эканлигини, у “Южмаш”га раҳбарлик қилганини эслади.

Орадан 20 йил ўтиб у “Южмаш”ни янги ракеталар билан бомбардимон қилди ва бу зарба билан мақтанди.

Янукович сайлов кампанияларига Глеб Павловский бошчилигидаги Путин учун ишлаган сиёсий технологлар ёрдам берганди. Унинг ўзи 2018 йилда “Медуза”га ўша пайтда “Киев ва Москва маъмуриятлари ўртасидаги алоқа бўйича махсус ёрдамчи” сифатида ишлаганини айтган.

Украинадаги сайловлар учун президент маъмуриятининг ўша пайтдаги раҳбари Дмитрий Медведев масъул эди. Путин, Медведев, Кучма ва Янукович 28 октябрь куни, сайловдан уч кун олдин, Киев марказидаги минбарда туриб, Украинанинг немис-фашист босқинчиларидан озод этилганига 60 йил тўлиши муносабати билан Крешатикдаги ҳарбий парадни кузатишди – бу сана Украинада беш йилдан сўнг миллий байрамга айланган эди.

Бу парад нафақат “Улуғ Ватан уруши” давридаги жанговар техника иштирок этганлиги билан эсда қолди. Янукович трибунада туриб чўнтагидан конфет олиб, бирини оғзига солган ва аввал Медведевга, кейин эса Путинга ҳам таклиф қилган видеоси хит бўлди. Путин конфетни рад этганди.

yushenko

Сурат манбаси, ANATOLIY MEDZYK/SERGEI SUPINSKY/AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, 2004 йилда Юшенкони диоксин билан заҳарланишга уринишди. Буюртмачилар расман ҳозирга қадар топилмаган, аммо заҳарланиш унинг ташқи кўринишини сезиларли ўзгартирди.

Биринчи тур сайловда ғолиб аниқланмади, Янукович 39,2%, Юшенко 39,9% овоз олди. 12 ноябрь куни Путин яна Украинага келиб, Кучма ва Янукович билан Керчда учрашди – улар биргаликда паром кечувини очишди. 21 ноябрь куни сайловнинг иккинчи тури ўтказилди – эртаси куни Украина МСК дастлабки маълумотларга кўра, Янукович ғалаба қозонганини эълон қилди – у 49,4%, Юшенко эса 46,7% овоз олган.

Шу пайтда Киевдаги Майдонда Юшенко тарафдорлари норозилик билдирди. Улар Виктор Янукович фойдасига натижаларни сохталаштириш ҳақидаги хабарлар туфайли қайта овоз беришни талаб қилишди. Майдонни зарғалдоқ рамзли кўп минг кишилик оломон тўлдирган.

25 ноябрь куни Путин Януковични ғалаба билан яна бир бор ёзма равишда табриклади ва “Украина халқи ўз танловини – барқарорлик, давлатчиликни мустаҳкамлаш фойдасига қилганини” айтди. Ўша пайтда митинглар аллақачон бутун Украина бўйлаб шаҳарларда ўтказилди, Ғарб етакчилари сайлов натижаларини тан олишдан бош тортди, Украина Олий суди МСКга мухолифат шикоятини кўриб чиқмагунча натижаларни расман эълон қилишни тақиқлади, Кучма эса Европадан инқирозни ҳал қилиш учун воситачи излади — у Полша президенти Александр Квасневский бўлди. Россия номидан музокараларга Давлат думаси спикери Борис Гризлов борди.

Getty Images
Putin – qattiqqoʻl odam. Qandaydir shama-ishoralar bor edi. Bu sir emas. Lekin ochiqchasiga: “Tanklarni maydonga chiqar,” demadi.
Leonid Kuchma
Ukrainaning sobiq prezidenti (Batafsil: bbc.com/uzbek)

2004 йил 2 декабрь кечқурун. Москва, “Внуково-2.” Президент Владимир Путин украиналик ҳамкасби Леонид Кучма билан ҳукумат аэропортида учрашди. Расмий маълумотларга кўра, президентлар Украина инқирозини муҳокама қилиб, уни қонун доирасида ҳал қилишга келишиб олишган. Киевдаги Майдонда иккинчи турдан кейин Виктор Юшенко номзодини қўллаб-қувватлаб тўпланган оломон бир ҳафтадан бери тарқалмаганди. Путин ҳам, Кучма ҳам “Внуково-2”даги учрашувнинг оммага очиқ қисмида “учинчи тур” ғоясини танқид қилишди.

2012 йилдаги Би-би-си фильмида Кучма шундай эслайди: Путин унга мухолифат билан қаттиқ муносабатда бўлишга ишора қилган. “Путин – қаттиққўл одам, – дейди ўйчан тарзда Украина собиқ президенти. – Қандайдир шама-ишоралар бор эди. Бу сир эмас. Лекин очиқчасига: “Танкларни майдонга чиқаринг,” демади.”

2000-2005 йилларда Путиннинг иқтисодиёт бўйича ёрдамчиси бўлган Андрей Илларионовнинг сўзларига кўра (у бу ҳақда 2013 йилда мухолифатга ўтиб, “Украинская правда” газетасига айтган), Россия раҳбари аэропортдаги музокараларда Кучмани Майдондаги оломонни куч билан тарқатиб юборишга кўндирмоқчи бўлган. Кучма кўнмасдан: “Владимир Владимирович, сиз тушунмаяпсиз – Украина ўзгарган,” деган. “Тўхтанг, биз сиз билан келишиб олган эдикку!..” — ҳайрон бўлган Путин. Кучма эса: “Украина ўзгариб кетди,” деб такрорлаган.

Кучма ****** [сотқинлик қилди]

Ҳозир Марат Гелман биринчи галда галерист сифатида машҳур. 2000 йилларнинг бошида Гелман сиёсий технолог сифатида кўпроқ танилган эди. У Кучма Януковични ўз ўринбосари қилиб тайинлаш қарорига келгунча маслаҳатчи бўлиб ишлаган. Гелман бунга қарши эди – у ва украиналик олигарх Виктор Пинчук бу танловни танқид қилиб хат ёзишган, бу хат Кучмага президентликка номзодни танлаш бўйича қарор қабул қилганидан сўнг етиб борган.

Гелманнинг айтишича, шундан кейин у ўз-ўзидан маслаҳатчи лавозимидан кетган. У Януковичнинг танланишини Кучманинг маблағ йиғиш билан шуғулланишни хоҳламаганлиги ва ўз кампаниясини ўзи молиялаштира оладиган ягона номзод Янукович бўлганлиги билан изоҳлайди.

Гелманнинг фикрича, Кучманинг охиригача боришдан бош тортиши Кремлда хиёнат сифатида қабул қилинган: “Кучма берган ваъдасини бажармади. Ҳамма нарса тайёр эди. Донескда титушкалар [Майдан]ни тарқатиб юбориш учун фақат сигнал кутишарди. Аммо Кучма тақиқлади. Кремль буни шундай қабул қилди – Кучма ****** [сотқинлик қилди].”

gelman

Сурат манбаси, ITAR-TASS / Oleg Naumov

Сурат тагсўзи, Марат Гельман 2004 йилда Кучманинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

“Путин ҳалигача айнан АҚШ Кучмага инқилобни куч ишлатиб бостиришдан воз кечиш учун босим ўтказган, деб ҳисоблайди,” – дейди сиёсатшунос Станислав Белковский. У 2004 йилда Украина Миллий стратегия институтини ташкил этган ва Виктор Юшенконинг сайловолди кампаниясида иштирок этган. У ўз ишини шундай тасвирлайди: “Бу кўпроқ психологнинг ролига ўхшарди: Зарғалдоқ инқилоби етакчиларини инқилобни амалга оширишлари мумкинлигига ишонтириш.”

Белковский Киевда бадном рус олигархи Борис Березовскийнинг пулига ишлаган — у ўшанда аллақачон Лондонга кўчиб кетган эди. Унинг сўзларига кўра, Березовский инқилобга 40 миллион доллар киритган.

Сиёсий технолог биринчи Майдондан бир неча ой олдин Украинага келган ва икки нарсани англаган: “Биринчиси – Януковичнинг ғалабасига фақат инқилобий йўл билан тўсқинлик қилиш мумкин, акс ҳолда Янукович барибир президент деб эълон қилинади. Иккинчидан, инқилоб ҳақиқатдан ҳам бўлиши мумкин, у на сафсата, на хаёлий нарса.”

Белковскийнинг айтишича, Януковичнинг сайлов кампаниясидаги норасмий шиор “муқаррарликка қарши чиқманг, барибир Янукович президент бўлади” эди: “Бу Украина халқига ёқмади, берилганини енг принципи бўйича технологиянинг ўзи қабул қилинмайди”.

belkovskiy

Сурат манбаси, Dmitry Krylov/ITAR-TASS

Сурат тагсўзи, Политтехнолог Станислав Белковский 2004 йилда Юшенконинг штабида ишлаган.

“Дастлаб вазият ўйинга ўхшаб кўринди. Аммо ҳаммаси сиёсий технологлар томонидан ҳал қилинмайди, айнан шу Россия раҳбарияти ёндашувининг хатоси эди,” – деб таъкидлайди сиёсатшунос Георгий Чижов.

Намойишчилар босими остида Украина Олий суди 21 ноябрдаги иккинчи тур сайловларида сохталаштиришлар бўлганлигини тан олди ва такрорий овоз беришни тайинлади. Унинг натижаларига кўра, Юшенко ғалаба қозонди. Зарғалдоқ инқилоб ғалаба қозонди.

Кейинги уч ярим йил ичида (иккинчи муддати тугагунга қадар) Путин Украинага атиги икки марта ташриф буюрди. Бироқ тез орада у Украинадаги “зарғалдоқ воқеалар”ни фаол қўллаб-қувватлаган “ғарбдаги дўстлар”ини бу мамлакат иқтисодиётига субсидия беришлари кераклигини таъкидлай бошлади.

“Бизниклар” бизники бўлмаганларга қарши

Айнан 2004 йилги Зарғалдоқ инқилобидан кейин Украина кун тартиби Россия ички вазиятига таъсир кўрсата бошлади. “Украиналиклар Россияга ўз кун тартибини мажбурлаётгандек, аксинча эмас,” деб ҳазиллашади сиёсатшунос Чижов. У 2004 йилда Россияда Минтақавий муаммолар институти бош директори ўринбосари лавозимида ишлаган. 2009 йилда Киевга кўчиб ўтди, ўша ерда яшади ва ишлади.

Украинадаги мағлубиятдан сўнг Кремль Россияда “зарғалдоқ сценарий” такрорланишига йўл қўймаслик учун барча кучини сарфлади. Хавф-хатарлар ҳақиқий бўлиб туюларди.

“Юшенконинг ғалабаси Россиядаги демократик кучларга жиддий туртки берди, гарчи улардан оз нарса қолган бўлса ҳам,” дейди Чижов. 2004 йил декабрь ойида Россияда губернаторларнинг сўнгги сайлови бўлиб ўтди (Путин уларни Бесландаги терактдан кейин тайинлашга қарор қилган) ва учта минтақада иккинчи босқичга либерал “Ўнг кучлар иттифоқи”дан номзодлар чиқди. Чижовнинг эслашича, у раҳбарлик қилган институт “Россия ҳудудларида губернаторлик сайловларининг иккинчи босқичига Виктор Юшенко чиқди” сарлавҳали мақола эълон қилган.

2005 йилда имтиёзларни монетизация қилиш – табиий имтиёзлардан пул компенсациясига ўтишдан сўнг, Россиянинг ўнлаб шаҳарларида кўчаларни тўсишгача бўлган норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Петербургда намойишчилар ҳатто шаҳар марказига Зарғалдоқ инқилоб келганининг рамзи сифатида чодирлар ўрнатдилар; Уфадаги митингда зарғалдоқ байроқлар пайдо бўлди.

Суверен демократия концепцияси, бир мандатли округлар бўйича Давлат Думасига сайловларнинг бекор қилиниши, партиялар сонининг қисқартирилиши ва нотижорат ташкилотлар тўғрисидаги қонунчиликни қатъийлаштириш, Russia Today тарғибот телеканалининг ташкил этилиши – Зарғалдоқ инқилобдан кейин Кремль ички сиёсатидаги ўзгаришларнинг кенг рўйхатидан бир неча бандлар холос.

2000 йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб Кремль биринчи Майданнинг технологик тайёргарлигини ўрганиб, унга технологик нуқтаи назардан муносабат билдирди, деб айтади Роберт Шлегел. “Наши” ҳаракати ташкил этилганидан бери деярли 20 йил давомида у ёшлар ҳаракатида фаолият юритиб, унинг федерал комиссари бўлди ва 2007 йилда “Ягона Россия”дан Давлат Думасига сайланди ҳамда ўша пайтда энг ёш депутатлардан бирига айланди. 2016 йилда у сиёсатни тарк этди, 2019 йилда Россиядан Германияга жўнаб кетди – Шлегел ҳокимиятдан кўнгли қолди ва Украинадаги урушни қоралади.

robert

Сурат манбаси, ITAR-TASS / Grigory Sysoyev

Сурат тагсўзи, Роберт Шлегел 2007 йилда "Ягона Россия"дан энг ёш депутатга айланган эди. Кейинроқ у партия сафидан чиқди ва 2019 йилда Россияни тарк этди.

2005 йилда ташкил этилган “Наши” ҳаракатининг вазифаларидан бири “Москва кўчаларини мухолифатга бермаслик” эди. “Бу очиқ-ойдин айтилган эди. “Оммавий тадбирлар” деб номланган фаолият йўналиши мавжуд эди – бизга оммавий акцияларни қандай ташкил қилишни ўргатишди,” дейди ҳаракатнинг собиқ матбуот котиби Роберт Шлегел.

Президент маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Владислав Сурков мафкуравий ишлов бериш билан шуғулланган. Шлегелнинг эслашича, ҳаракат иштирокчилари ташқи кучлар зарғалдоқ инқилоб ёрдамида ҳокимиятни ағдаришга уриниб кўришлари мумкинлигига чин дилдан ишонишган.

Павловский 2012 йилда Би-би-сининг “Путин, Россия ва Ғарб” фильми учун берган интервьюсида “бу одамлар, бу полклар қаердадир ёнма-ён тўпланаётгандек ва тез орада улар [Москва] кўчаларига чиқади,” деган туйғу бор эди, дейди. Бунга жавобан, сиёсий технологнинг фикрича, “ёш ишсизларни тезда Путинга сиёсий содиқ бўлган ҳудудга олиб чиқиш” керак эди.

surkov

Сурат манбаси, ITAR-TASS / Grigory Sysoyev

Сурат тагсўзи, Кремлнинг ички сиёсат бўйича куратори Владислав Сурков (ўнгда) ёшлар ташкилотлари вакиллари билан учрашувда — 2007 йил. Орқада Глеб Павловский ҳам кўринган.

Кремль тарафдори бўлган яна бир сиёсатшунос Сергей Марковнинг сўзларига кўра, “Наши” ҳаракати минтақаларда Москвадан автобусда тахминан 10 соатлик масофада “улар бир кечада Қизил майдонга келиб, “мамлакат суверенитетини ҳимоя қиламизʼ дейишлари учун” махсус ташкил этилган.

“Наши” ҳаракати Кремлнинг ўз ёшлари билан ишлашга уриниши эди, “улар билан бегоналар ишламаслиги учун,” дейди сиёсатшунос Михаил Захаров: “Ҳаракатни яратишнинг овоз чиқариб эълон қилинган маъноларидан бири шундай эди – агар бирор нарса бўлса, майдонларни бизнинг ёшларимиз эгаллайди, бошқа ҳеч ким эмас.”

Шлегелнинг айтишича, “Наши” ҳаракатидаги одамларнинг бир қисми, худди у каби, “ўз вазифаларига чин дилдан ишонган ва самимий равишда адашган”. Бошқалар эса, унинг сўзларига кўра, шунчаки профессионал тарзда ишлаган. Кўпчилик учун Василий Якеменко раҳбарлигидаги ҳаракатда ишлаш кейинчалик сиёсатда қатнашишдан сақланиш учун эмлаш вазифасини ўтаган.

Шлегел таъкидлашича, “Наши” “зарғалдоқ таҳдиди”га қарши кураш воситаси сифатида Дмитрий Медведев Кремлга келиши билан фаолиятини тўхтатди – улар оддий ёшлар ҳаракатига айланди, энди суверенитетни ҳимоя қилиш ва бошқа рангли инқилобларга қарши турадиган сиёсий ташкилот бўлмай қолди.

nashi

Сурат манбаси, ITAR-TASS/ Maxim Shemetov

Сурат тагсўзи, "Наши"нинг вазифаларидан бири — бу таҳдидли вазият юзага келганда, мухолифат эгаллаб олмасидан марказий майдонларни тўлдириш эди.

“Наши” 2011 йилда Кремлга бевосита керак бўлди – декабрь ойидаги Дума сайловларидаги қаллобликлар туфайли бўлган норозилик намойишлари пайтида “Наши” Триумфалная майдонини эгаллаб олди, майдон мухолифатчилар қўлига ўтиб кетмаслиги учун. Намойишчиларни полициячилар автозакларга жўнатаётганда, “Наши”нинг аъзолари ноғора чалиб, “Халқ, Медведев, Путин!” деб ҳайқиришарди.

Энг кўп эсда қолгани эса “Наши”дан бирининг интервьюси бўлди – Ивановолик Светанинг “Ягона Россия” туфайли “биз яхшироқ кийина бошладик” деган сўзлари миллионлаб марта кўрилган видеороликка айланди.

namoyish

Сурат манбаси, ITAR-TASS/ Stanislav Krasilnikov

Сурат тагсўзи, 2011 йилда кўп минг кишили намойишлар ортидан Кремль Россияда "зарғалдоқ инқилоб" таҳдидига янада кўпроқ ишона бошлади.

Сиёсатшунос Станислав Белковский “Наши”нинг самарадорлигига шубҳа билан қарайди ва бу ҳаракатни президент маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Владислав Сурков томонидан бюджетни ўзлаштириш лойиҳаси деб атайди: “Сурков Кремлнинг ички сиёсат куратори лавозимидан кетганидан сўнг, бу турдаги барча лойиҳалар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди.”

Белковскийнинг фикрича, Сурков ҳеч қандай “зарғалдоқ таҳдиди”дан қўрқмаган: “У ҳар қандай классик сиёсий технолог каби маблағларни ўзлаштириш учун маблағ олиш керак ва Майдонда қаршилик кўрсата оладиган қандайдир халқ гвардияси керак, деб ҳисоблаган.”

Путин эса, сиёсатшуноснинг фикрига кўра, инқилобга қарши курашиш учун расмий куч тузилмалари керак, деб ҳисоблаган. 2008 йилда ўша пайтда президент бўлган Медведев ИИВ таркибида Экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси – “Э” марказини ташкил этди.

putin

Сурат манбаси, YURI KADOBNOV/AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Кремль 2011-2012 йилдаги мухолифат намойишларига қарши ҳукуматпараст митинглар ташкиллаш билан жавоб қайтарди. Уларга асосан бюджет ташкилотлари ходимлари олиб чиқилди.

“Зарғалдоқ таҳдиди”га қарши курашда 2000 йиллардаги давлат тарғиботи ҳам четда қолмади. ВСИОМ маълумотларига кўра, 2005 йилда 42% аҳоли Россияда инқилоб бўлиши мумкинлигини тан олган. 2007 йилда эса бу кўрсаткич атиги 25% ни ташкил этган. “Медиалогия” маълумотлари шуни тасдиқлайдики, “зарғалдоқ инқилоби” мавзуси 2004-2005 йилларда телевидение экранларидан тушмаган ва 2011-2012 йилларда, яъни Россияда норозилик намойишлари бўлиб ўтган ва биринчи Майдонда мағлуб бўлган Виктор Янукович Украина президенти бўлган пайтда яна долзарблашган.

Зарғалдоқ инқилоби ҳақида Россия телевидениесида 2014 йилда яна фаол гапира бошлашди. Ўшанда Украинада ҳеч қандай зарғалдоқ рамзи бўлмаган “Қадр-қиммат инқилоби” ғалаба қозонган эди. “Бу мавзуга қайтдик, чунки бу қулай мавзу бўлиб, унинг замирида бир қанча мисоллар бор, – дейди Роберт Шлегел. – Қўпол қилиб айтганда, аллақачон ишлаб чиқилган материал бор, одамларнинг эса бу билан боғлиқ қандайдир хотиралари бор, улар, айтайлик, жонланиши мумкин.” Унинг таъкидлашича, бу мавзу қулай, чунки у “ҳокимиятга қарши бирор нарса қилишга уринаётганларни аҳмоқ қилиб кўрсатади.”

Ҳокимият одамларни Зарғалдоқ инқилобининг хавф-хатарларига ишонтириш учун катта куч сарфлади. Путин Украинага кўзгуга қарагандек қаради ва Россияда зарғалдоқ сценарийси такрорланишидан қўрқди, дейди бир нечта сиёсатшунос Би-би-си билан суҳбатда. “Россиянинг ҳозирги раҳбарияти Украина мавзусида жуда таъсирчан,” деб ҳисоблайди сиёсатшунос Чижов. “Левада-Центр” маълумотларига кўра, 2005 йилдан бошлаб россияликларнинг Украинага муносабати ёмонлашди ва 2009 йилда уни салбий қабул қилувчилар кўпчиликни ташкил этди. Виктор Янукович ҳокимиятга келиши билан бу тенденция ўзгарди. Иккинчи Майдон эса уни яна ағдариб ташлади, Россиядаги Украина тарафдорлари 2014 йилга келиб яна озчиликка айланди.

Россиядаги одамлар Украинадагига қараганда ёмонроқ яшаяпмиз деб ўйлашса, Путин учун энг хавфлиси шу эди, дейди Марат Гелман: “Икки давлатнинг умумий ўтмиши ва умумий тарихий негизи бор. Шунинг учун ҳам Украинадаги вазиятга асабий муносабатда бўлинади. У ердаги аҳвол ёмонлигини албатта исботлаш керак.”

Россия телевидениеси томошабинларни инқилоб ғалабасидан кейин Украина қулагани ва АҚШнинг мустамлакасига айланганига ишонтирди, дейди сиёсатшунос Чижов. Унинг сўзларига кўра, тарғибот жуда жиддий равишда олиб борилган ва бир дақиқа ҳам тўхтамаган, 2004 йил кузидан кейин Украинада содир бўлган барча воқеаларни обрўсизлантиришга ҳаракат қилишган.

Россияликлар, айниқса Украинада бўлмаганлар, у ерда ҳамма қашшоқликда яшаётганига ишонишди – сиёсатшуноснинг айтишича, баъзида рус телевидениеси ходимлари ҳам ўзлари яратган афсона ҳақиқатлигига ишониб қолган. “Марказий телеканаллардан бирининг қизлари бу икки соатлик нафрат кўрсатувларида ишлашган. Украинада одамлар қандай яшаётганини кўргани боришга қарор қилишди. Метрода одамлар айфонлар билан юрганини кўриб, очиқчасига ҳайратда қолишди – улар гўё Африка мамлакатини эслатувчи қандайдир мамлакатга кетаётгандек, фақат у ерда оқ танли одамлар бор деб ўйлашган экан.”

“Америкаликлар уларнинг юзини кўкартирди”

Путин 2004 йилдаги Украина сайловлари учун масъул бўлганларнинг ҳеч бирини жазоламаган. Павловскийнинг ФEП ташкилоти давлат шартномаларини олишда давом этди, сиёсатшунос ўзи эса 2018 йилда “Медуза” билан суҳбатда 2004 йилдан 2008 йилгача бўлган даврни ўзининг “Путин васвасаси” даври деб атайди. У НТВда “Реалная политика” номли тарғибот кўрсатувини олиб борди ва ўшанда президентга чин дилдан қойил қолганини айтди. Лавозими бўйича Украина учун масъул бўлган Президент маъмурияти раҳбари Дмитрий Медведев Зарғалдоқ инқилобидан бир йил ўтгач, бош вазир ўринбосари, яна уч йилдан кейин эса президент бўлади.

Гап Путиннинг меҳрибонлигида эмас. “Биринчидан, Путин ўз хатоларини тан олмайди, шунинг учун, агар сиз Путин билан биргаликда хато қилган бўлсангиз, демак, айбдор эмассиз, – деб тушунтиради Белковский. – Иккинчидан, ҳаммасига АҚШ айбдор, кучга қарши чора йўқ. Жамоа ёмон ишламади, шунчаки америкаликлар шахмат тахтасини ағдариб юборишди”. Унинг айтишича, Путин халқнинг ёки фаол ижодкор озчиликнинг сиёсий субъектлигига ишонмасди.

Сиёсатшунос Чижовнинг эслашича, Зарғалдоқ инқилобидан кейин Москвадаги давра суҳбатларидан бирида кимдир ўринли тарзда шундай деган эди: “Россия Украинада америкаликлар уларнинг юзини кўкартирди деб таъкидлаяпти, аслида эса украинлар уларнинг юзини кўкартирди”.

Унинг фикрича, ўша сайлов кампаниясида ишлаган барча сиёсий технологлар, жумладан, Медведев ҳам, қўпол хато қилмаганликларини, муаммо қудратли Америкада эканлигини исботлашга муваффақ бўлишган.

prezident

Сурат манбаси, MANDEL NGAN/AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Украинанинг сайланган президенти Виктор Юшенкога Ғарб етакчилари илиқ муносабатда бўлди. Путин эса бу ҳолатни ўз ҳокимиятга нисбатан таҳдид ўлароқ кўрди.

АҚШнинг Украина сайловларига ҳақиқий таъсирини баҳолашда Би-би-си суҳбатдошлари турлича фикр билдирди. Собиқ “Ягона Россия”чи Роберт Шлегел Украинада ишлаган Америка нодавлат нотижорат ташкилотлари Юшенкони тўғридан-тўғри қўллаб-қувватламаган бўлсада, овоз бериш жараёнининг софлигини кузатишда ва демократик қадриятларни тарғиб қилишда ёрдам берганини таъкидлайди: “Кремль назарида улар Украинанинг Европа интеграцияси ва уни Россиядан узоқлаштириш учун ишлашган”.

Сиёсатшунос Чижовнинг айтишича, 2004 йилги Украина сайловларида америкалик маслаҳатчилар ишлаган, Ғарб махсус хизматлари ҳам қизиққан, уларнинг вакиллари Киевдаги сиёсатчилар билан очиқчасига учрашишган: “Қизиқиш бўлган, Ғарбнинг таъсири бўлган, лекин мен унинг таъсирини бўрттирмаган бўлардим”.

Белковский эса Америка Зарғалдоқ инқилобини кечроқ қўллаб-қувватлади, деб ҳисоблайди: “Агар инқилоб мағлуб бўлганида, Америка Януковични қонуний президент сифатида тан олган бўларди”.

“Бу Россиянинг ички ва ташқи сиёсатида бурилиш нуқтасидир. Путин Ғарб ўзгармайди деб тушунади, чамаси, ғарбликлар уни қандайдир йўл билан босиб ўтиб кетмоқчи ва у уларга иложи борича қаршилик кўрсатмоқда,” дейди Чижов. На Сербияда Слободан Милошевични ағдариб ташлаган Бульдозер инқилоби, на Грузияда Эдуард Шеварднадзе ўрнига Михаил Саакашвили ҳокимият тепасига келган Атиргуллар инқилоби Путинга Украинанинг Зарғалдоқ инқилоби каби таассурот қолдирган. Чижовнинг фикрича, айнан шундан сўнг Путин Ғарбдан узил-кесил ажралди ва ҳар қандай ҳуқуқий ва демократик чекловлардан воз кечди.

2009-2017 йилларда Барак Обама маъмуриятида миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ўринбосари лавозимида ишлаган Бен Родс бир куни Путин Обамага айтган гапини эслайди: “Сиз менга нима дейишингизнинг аҳамияти йўқ – ҳеч нарса АҚШ мени ағдаришга уринмаётганига мени ишонтира олмайди”.

2005 йилдан бери Федерал хавфсизлик хизмати ва президент маъмурияти рангли инқилоблар Россия учун экзистенциал таҳдид эканлиги ғоясини муваффақиятли тарғиб қила бошлади ва ўз ҳокимиятини кенгайтиришни асосий мақсад қилиб қўйди, деб ёзади сиёсатшунос Кирилл Петров “Russian Politics” академик журналида чоп этилган мақоласида.

Муҳим “зарғалдоқ таҳдиди” кўринишидаги ижтимоий тузилма нафақат Россияда воқеликни шакллантирди, балки бу таҳдидга қарши курашиш учун ресурсларни ҳам яратди. Натижада элита гуруҳларидаги таъсир сиёсатчилардан куч ишлатувчиларга ўтди. Рангли инқилобнинг хаёлий экзистенциал таҳдиди сиёсий рақибларга “хавфли хоинлар” ва “Ғарб қўғирчоқлари” ёрлиқларини ёпиштириш ва шу тариқа уларни ресурслардан маҳрум қилишга имкон берди.

Медиа тадқиқотчиси Антон Гуменскийнинг фикрича, Россия ҳукумати ўз риторикасида шундай даражага етдики, ҳеч бир соғлом фикрли оддий россиялик унга қарши бўла олмайди. Норозилик билдирувчи ё сотиб олинган душман, ё содда аҳмоқ. Шу билан бирга, тадқиқотчи таъкидлашича, соддалик – енгиллаштирувчи ҳолат эмас, ватан хавф остида бўлганида содда бўлиш, аҳмоқ бўлиш мумкин эмас.

“Оддий россиялик бунга қарши бўлиши мумкин эмас. Ҳозирги Россия ҳокимияти нуқтаи назаридан, оддий россиялик ўз иродасига эга эмас, – деб таъкидлайди Гуменский. – Бу жуда катта муаммо: агар ўз иродаси бўлмаса, ҳеч ким муқобил номзод сифатида сайловга қатнаша олмайди. Халқ орзуларини ифода этадиган номзод бўлиши мумкин эмас, у албатта кимнингдир пулини олган, мустақил эмас, унинг ортида кимдир туради.” 2004 йилда Юшенкони Ғарб эмас, балки украинлар ҳокимиятга олиб келганига Кремлда ҳеч ким ишона олмади

Бундан ташқари, Гуменскийнинг фикрича, Россия ҳокимияти фақат учта марказга – ўзига, Хитойга ва Ғарбга ирода мавжудлигини тан олади, қолганларни эса инкор этади. “Шу билан бирга, Ғарб дегани, албатта, жамоат арбоблари эмас, чунки Россия жамоатчилик фикрига кўра, Америка президентларидан ҳеч бири мустақил эмас. Ғарб ҳокимият маркази Американинг қаеридадир, лекин аниқ қаердалигини ҳеч ким билмайди.”

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: