Россиянинг "гўшт қиймалагич" тактикаси фронтга ғалаба нафасини олиб кирдими?

Россия кучлари сўнгги ойларда Украина бўйлаб илдамламоқда

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Россия кучлари сўнгги ойларда Украина бўйлаб илдамламоқда
  • Author, Пол Адамс
  • Role, BBC, Киев

2024 йил якунига етиб, қиш кириб келар экан, Россия кучлари украиналик рақибларини ортга қайтаришда давом этмоқда.

Умуман олганда, Россия шарқий Украинада ва ўзининг ғарбий Курск ҳудудида тахминан 2,350 квадрат километр (907 квадрат миля) ҳудудни эгаллаб олди.

Аммо буларнинг барчаси жуда катта инсоний йўқотишлар эвазига юз бермоқда.

Британия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ноябрь ойида Россия 45,680 та аскарини йўқотган. Бу 2022-йил феврал ойида бошланган тўлиқ босқиндан бери бир ой ичидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Алоқадор мавзулар:

Сўнгги Британия Мудофаа разведкаси ҳисоб-китобларига кўра, Россия жанг майдонида кунига ўртача 1,523 кишини йўқотмоқда. Баъзилари яраланган, баъзилари эса вафот этган.

Биргина 28-ноябрь кунида Россия 2,000 дан ортиқ аскар йўқотган. Россия уруш бошидан бери ҳали бирон марта бу каби ҳолатни бошдан кечирмаган эди.

"Биз русларнинг аста-секин олға силжиётганини кўриб турибмиз", дейди исми сир сақланишини истайдиган мансабдорлардан бири. "Аммо бу жуда катта йўқотишлар эвазига юз бермоқда."

Расмийларнинг айтишича, йўқотишлар ҳақидаги рақамлар очиқ манбаларда мавжуд маълумотларга асосланган. Шу билан бирга, баъзи ҳолатларда махфий маълумотлар билан солиштирилган.

Вашингтондаги Урушни ўрганиш институти (УЎИ) маълумотларига кўра, Россия кузги ҳужумлари давомида умумий ҳисобда тахминан 125,800 нафар аскарини йўқотган.

УЎИнинг таъкидлашича, Россиянинг "гўшт қиймалагич" тактикасига кўра, Москва ҳар бир эгалланган квадрат километр учун 50 дан ортиқ аскарини бой бермоқда.

Украина аскарлари

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/Shutterstock

Украинада ҳарбий йўқотишлар ҳақидаги маълумотлар очиқланмайди. Шу сабабдан ҳам охирги ойларга оид расмий ҳисоб-китоблар йўқ.

Россия Мудофаа вазирлиги фақат Курскнинг ўзида 38,000 дан ортиқ украиналик аскар (ўлдирилган ва яраланган) йўқотилганини айтмоқда. Бироқ, бу рақамни тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Таниқли ва баҳсли украиналик ҳарбий мухбир Юрий Бутусовнинг айтишича, 2022-йил февралидан буён 70,000 украиналик аскар ҳалок бўлган, яна 35,000 киши бедарак йўқолган.

Ушбу ҳафта бошида Украина Президенти Володимир Зеленский АҚШ оммавий ахборот воситаларида 80,000 украиналик аскар ҳалок бўлгани ҳақида тарқалган хабарларни инкор этиб, "бу рақамлар анчайин кам" эканлигини айтган.

Аммо у аниқ рақамларни ҳам очиқламаган.

Reuters
Biz ruslarning asta-sekin olg‘a siljiyotganini ko‘rib turibmiz. Ammo bu juda katta yo‘qotishlar evaziga yuz bermoqda.
Ismi sir qolishni istagan Ukraina mansabdori
Batafsil: BBC.COM/UZBEK

Россия ва Украина йўқотишлари биргаликда рақамларда чамалаб кўрилса, Курск ва Украина шарқидаги жанглар қай даражада даҳшатли кечганлигини аён кўриш мумкин.

Ғарб расмийлари эса воқеликнинг ўзгаришига ҳеч қандай умид кўрмаяпти.

"Катта эҳтимол билан Россия кучлари Украина ҳарбийларига босим ўтказишда давом этади. Улар ҳимоя чизиғини кесиб ўтиш ва тактик ютуқларга эришиш учун катта масштабда ҳаракат қилмоқда", дейди бир мансабдор.

Сўнгги ҳафталарда Россиянинг ҳужум тезлиги ошиш кузатилда (ҳарчанд урушнинг дастлабки ойларидагидек фавқулодда тез суръатларда бўлмаса-да). Буни иккала томондан артиллерия ўқларидаги нисбат ўзгариши чеклаб турибди.

Олдин Россия Украина томонидан узилган ҳар бир ўққа қарши 13 та ўқ отишга қодир бўлган эса, ҳозир бу нисбий кўрсаткич 1,5 га 1 (1,5:1) атрофида.

Ушбу кескин ўзгариш қисман маҳаллий ишлаб чиқаришнинг ошгани ва Россия ҳамда Шимолий Корея ўқ-дорилари сақланаётган омборларга бўлган Украина ҳужумлари муваффақиятли якунлангани билан изоҳланади.

Аммо артиллерия ҳануз муҳим бўлса-да, у энди ҳал қилувчи рол ўйнамаяпти.

"Ёмон хабар шундаки, Россия масофадан бошқарилувчи бомбалардан фойдаланишни кескин оширди", дейди бир Ғарб расмийларидан бири, "бу фронт чизиғида фалокатларни яратмоқда."

Расмийнинг сўзларига кўра, Россия масофадан бошқарилувчи бомбалардан фойдаланиш ҳажмини ўтган йилда 10 баробарга оширган.

Масофадан бошқарилувчи бомбалар ва дронлар можарони тубдан ўзгартирди, ҳар икки томон инновациялар қилишга интилмоқда.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

"Биз шундай нуқтага етдикки, дронлар уруши пиёдаларни ҳаракатсиз қолдирмоқда", дейди фронтда хизмат қилётган аскар Сергий WhatsApp орқали.

Ҳарбий кучлар масаласида ҳар икки томон – ҳам Украина, ҳам Россия – муаммоларга дуч келмоқда, аммо сабаблар турлича.

Украина сафарбарлик ёшини 25 ёшдан пасайтиришни истамаяпти. Бунда 18 ёшдан 24 ёшгача бўлганлар кўнгилли бўлмаган ҳолларда урушда қамраб олинмаяпти.

Россия эса, ўз йўқотишларини тўлдиришга қодир бўлса-да, Президент Владимир Путин янги сафарбарлик тўлқинини бошлашга тайёр эмаслигида ички омилларни сабаб қилиб кўрсатган.

Кўтарилган инфляция, тўлиб кетган шифохоналар ва урушда қурбон бўлган оилаларга товон тўлашдаги муаммолар – айни шулар жумласидан.

Россиянинг баъзи ҳудудларида урушда кўнгилли бўлишга тайёр бўлганлар учун таклиф қилинётган бонуслар уч миллион рублгача (тахминан 23,500 фунт стерлинг ёки 30,000 доллар) кўтарилган.

"Мен Россия иқтисодиёти қулаяпти деб ўйламайман", дейди мансабдор. "Аммо у ердаги босимлар кундан-кунга кучайиб бормоқда."