Путин, Россия энди Украина билан гаплашадими? Уруш қандай тугайди?

Путин, Зеленский, Трамп

Сурат манбаси, Getty Images

  • Author, Елизавета Фохт
  • Role, Би-би-си

Россия-Украина уруши янада хавфли тус олди. Киев АҚШнинг узоқ масофали ракетаси билан Россияга зарба берди. Россия Украинага янги баллистик ракетаси билан жавоб қайтарди. Яна Европага зарба бериши билан ҳам таҳдид қилди.

Россия Қуролли кучлари Донбасс, шунингдек, Курск вилоятида Шимолий Корея ҳарбийлари ёрдамида илгарилашни давом эттирмоқда.

Буларнинг барчаси Дональд Трампнинг АҚШ президентлигига қайтиши ва Москва ҳамда Киев ўртасидаги эҳтимолий тинчлик музокаралари юз бериши арафасида содир бўлмоқда.

Би-би-си уруш иштирокчилари ва уларнинг асосий иттифоқчилари низони тугатиш бўйича қандай сценарияларни кўриб чиқаётгани ҳамда уларнинг позицияси вақт ўтган сайин қай йўсинда ўзгариб бораётганига назар ташлайди:

Россия: Путин ҳудудлар аннексия қилингани тан олиниши ва Киев НАТО га қўшилмаслигини талаб қилади

Россия президенти Владимир Путин ёзда тинчлик музокараларини бошлаш бўйича ўз талабларини билдирган эди. Талаблар эса қуйидагича:

  • Украина Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятларининг маъмурий чегараларидан тўлиқ воз кечиши лозим. Яъни, бу нафақат Россия томонидан эгалланган ҳудудларни, балки Киев назоратидаги баъзи шаҳарлар (масалан, Херсон ва Запорожье)ни ҳам ўз ичига олади;
  • Киев НАТОга қўшилиш режаларидан расмий воз кечиши керак, яъни нейтрал мақомга рози бўлиши шарт;
  • Қрим, Севастополь ва шарқий Украинанинг аннексия қилинган ҳудудлари Россияга тегишли эканлиги мақоми халқаро шартномаларда мустаҳкамланиши лозим;
  • Россияга қарши санкциялар бекор қилиниши зарур.

Модомики, ушбу шартлар бажарилар экан, Путин Москва "ҳатто эртага" ҳам музокаралар столига ўтириш учун тайёрлигини айтганди.

У Киев ўз қўшинларини олиб чиқишни бошлаши биланоқ "шу оннинг ўзида" "отишмаларни тўхтатиш" бўйича буйруқ бераман, деб ваъда қилган.

Украина президенти Владимир Зеленский Путиннинг таклифини ультиматум деб атайди.

Айрим масалаларда бу позиция Кремлнинг дастлабки талабларидан фарқ қилади.

Уруш бошидан бери Россия ҳукумати "махсус ҳарбий операция"нинг мақсадлари ҳақида бирон маротаба аниқ сўзламаган: энг кўп тилга олинган сабаблар эса «денацификация», «демилитаризация» ва Донбасс аҳолисини ҳимоя қилиш бўлган.

Аммо яқинда Sistema тадқиқот нашри журналистлари Россиянинг Украина билан тинчлик шартномаси бўйича илк таклифларини топишга муваффақ бўлди: Москва бу таклифларни босқин бошланганидан кўп ўтмай Киевга юборган.

Таклифлар қуйидагиларни ўз ичига олган: армияни 50 минг кишигача қисқартириш (бу 2022 йилга қадар бўлган Украина армиясининг сонидан беш баробар кам), қурол-яроғлар сонини қўшни Беларусдан ҳам қуйи даражага тушириш, декоммунизацияга оид барча қонунларни бекор қилиш ва рус тилини давлат тили сифатида тан олиш. Яъни, ўшанда Россия Украина тўлиқ таслим бўлиши ва эҳтимол, бу мамлакатда ҳокимият алмашишини кутаётган эди.

Ҳозир бу ҳақида очиқ сўзланмаяпти (аммо музокаралар бошланадиган бўлса, Россия Украина армиясини қисқартиришни талаб қилиши ҳануз эҳтимолдан ҳоли эмас).

Шунингдек, ҳозирда Россия оккупация қилинган ҳудудларнинг Россияники деб тан олинишини қатъий талаб қилмоқда.

Уруш бошида ва Истанбулдаги музокаралар даврида Россия ҳали Украина вилоятларини расмий аннексия қилишга улгурган эмас эди ва уларнинг мақомини муҳокама қилишни кейинга қолдиришга рози бўлганди.

Путин ҳар доим музокараларни бошлашга тайёр эканлигини таъкидлаб келса-да, реал воқеълик бунинг аксини кўрсатади.

Россия қўшинлари Донбасс ва Курск вилоятида илгарилашни давом эттирмоқда (Telegraph Путиннинг Трампнинг инаугурациясигача ушбу ҳудудларни қайта эгаллашни исташи ҳақида ёзган).

21 ноябрда Россия Украинага қарши «Орешник» деб номланган янги ўрта масофали баллистик ракетасини қўллади – Путин бундай қуроллар билан NATO мамлакатларига ҳам зарба бериш мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Буларнинг барчаси, аслида, Россия ҳар қандай товон эвазига бўлса ҳам музокараларга интилаётганини эмас, балки урушни давом эттириш учун тайёр эканлигини кўрсатмоқда.

Бизга аъзо бўлинг:

Украина Россия уруши: Путин яна Ғарбни огоҳлантирди - видео

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Украина: Зеленский "ғалаба режаси"ни қўллаб-қувватлашга чақириб, Киевнинг музокаралардаги позициясини яхшилашни мақсад қилади

Володимир Зеленский
gettyimages
Қандай қилиб биз билан маслаҳатлашмасдан ўз ташаббусингизни таклиф қилишингиз мумкин? Кейин Россия келиб, «Биз бу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз!» дейди. Биз аҳмоқ эмасмиз!
Володимир Зеленский
Украина президенти (батафсил: bbc.com/uzbek да)

Украинанинг Россия билан музокаралар бўйича позицияси шу вақтга қадар бир неча бор ўзгарди.

Уруш бошида Киев Россия делегацияси билан мулоқотга киришишга рози бўлган эди.

Аммо 2022 йил ўрталарига келиб, бу алоқалар тўхтатилди ва Зеленский Владимир Путин билан музокаралар ўтказиб бўлмаслиги ҳақидаги қарорга имзо чекди.

Бироқ сўнгги ойларда Украина президенти урушни дипломатик йўл билан тугатиш мумкинлиги ҳақида тобора кўпроқ таъкидламоқда, аммо бу иттифоқчилар Украинани қулай музокаравий позицияга чиқариши шарти билангина амалга ошиши мумкин.

Қуйидаги таклифлар "Владимир Зеленскийнинг ғалаба режаси" деб аталади. У бу режани жорий йил кузида тақдим этди. Режа беш асосий банддан иборат:

  • Украина NATOга расмий таклиф олиши керак;
  • Украина мудофаасини кучайтириш. Ғарб иттифоқчилари узоқ масофали қуроллар билан Россия ҳудудига зарба беришда қўйилган чекловларни олиб ташлаши, Украинага реал вақт режимида разведка маълумотларини тақдим этиши ва Украина ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимини кучайтириши керак;
  • Украина ўз ҳудудида Россия таҳдидининг олдини олиш учун зарур бўлган "тўлиқ ядросиз стратегик тўсқинлик пакети"ни жойлаштириши лозим;
  • Украина иқтисодий ресурсларини (масалан, фойдали қазилмалар) Ғарб давлатлари билан биргаликда ишлатиш ва Россияга қарши санкцияларни кучайтириш;
  • Урушдан кейин Европадаги АҚШ контингентининг қисмларини алмаштириш учун Украина ҳарбийларидан фойдаланиш.

Киев режасига кўра, бу шартларнинг барчаси бажарилиши Россияни музокаралар столига ўтиришга мажбур қилади.

Улардан бири қисман амалга оширилган: АҚШ Украина армиясига узоқ масофали

қуроллар билан Россия ҳудудига зарба бериш учун рухсат берди.

Бу ҳужумлар аллақачон амалга оширилмоқда.

Россия бу ҳолатни можарони кучайтириш деб ҳисоблаб, ядро доктринасини ўзгартирди.

Аммо бошқа бандлар бўйича иттифоқчилар ҳали- ҳануз муросага кела олмаяпти.

Financial Times маълумотига кўра, Зеленский маъмурияти режанинг сўнгги иккита бандини Республикачилар билан ҳамкорликда, Дональд Трампнинг ғалабасига умид боғлаб ёзган.

Трамп АҚШнинг Европага ҳарбий ёрдамни қисқартириш мавзусига яқин экани айтилади.

Зеленский ва Трамп

Сурат манбаси, Alex Kent/Getty Images

Сурат тагсўзи, Зеленский Трамп билан 2024 йил сентябр ойида, Республикачи номзод сайловда ғалаба қозонишидан олдин АҚШга ташрифи чоғида учрашган.

"Ғалаба режаси"дан келиб чиқадики, Киев на NATOга қўшилишдан воз кечишни, на ўз ҳудудларини топширишни мақбул деб билмайди.

Шу билан бирга, FT Украина ҳукумати NATOга қўшилиш ва қайд этилган кафолатлар эвазига ҳудудларни ҳарбий йўл билан қайтариш мақсадидан расман (аммо қонуний эмас) воз кечишни ҳам муҳокама қилаётгани ҳақида ёзган.

Сўнгги ҳафталардаги Киев риторикаси шуни кўрсатадики, Украина ҳукумати барча ҳудудларни 1991 йилги ҳолатига қайтаришни ҳарбий йўл билан амалга ошириш мумкинлигидан тобора умидсизланиб бормоқда.

"Қонунан биз буни тан олмаймиз. Буни қабул қилмаймиз. Аммо бошқа томондан, қуролларимиз билан Путинни 1991 йил чегараларига қайтариш учун ҳали кучимиз йўқлигини тушунамиз," дейди Зеленский Fox Newsга берган интервьюсида.

"Биз ўз халқимизнинг ўн минглаб ҳаётларини ортга қайтмас йўқотишлар учун қурбон қилолмаймиз... Биз Қримни дипломатик йўл билан қайтариш мумкинлигини тушунамиз."

Бу Зеленский риторикасидаги сезиларли ўзгаришдир: яқинда у токи Россия қўшинлари халқаро миқёсда тан олинган чегаралар доирасида Украинадан тўлиқ чиқиб кетмас экан, ҳеч қандай музокаралар амалга ошмаслигини айтган эди.

Киев Россияни музокаралар столига олиб келадиган дипломатик йўлни қай йўсинда кўради?

Аввалроқ, Украинада Москвани "Тинчлик саммити" деб аталувчи тадбирга таклиф қилиш режаси бор эди.

Биринчи саммит жорий йил ёзида Швейцарияда бўлиб ўтди, иккинчиси эса ноябр ойида ўтказилиши режалаштирилган эди.

"У ерда Россия вакиллари бўлиши керак. Россиясиз бу урушни дипломатик йўл билан тугатиш жуда қийин эканлигини тушунамиз," деган эди Зеленский сентябрда.

Зеленскийнинг режасига кўра, тинчлик саммити кун тартибида 2022 йилда эълон қилинган 10 бандлик "тинчлик формуласи" бўлиши керак эди.

Бу бандлар қаторига ядро, озиқ-овқат ва энергетик хавфсизликни таъминлаш, маҳбусларни (шу жумладан, депортация қилинган болаларни) озод қилиш, шунингдек, Россия қўшинларини олиб чиқиш ва кўрилган зарарни қоплаш учун репарацияларни тўлаш киради.

Россия томони саммитда қатнашиш учун қизиқиш билдирмади. Украина ҳам бу ҳақида борган сари камроқ сўз очмоқда: иккинчи тинчлик саммити ноаниқ муддатга қолдирилди.

Аммо режанинг айрим бандлари бўйича музокаралар аллақачон давом этаётган бўлиши мумкин.

Октябр ойида Financial Times Украинада ва Россияда энергия иншоотларига ҳужум қилмаслик бўйича музокараларни тиклаш муҳокама қилинаётганини ёзган эди.

Қатарнинг воситачилик қилиши билан музокаралар биринчи тинчлик саммитидан кейин тайёрлана бошланган.

Аммо музокаралар Украина армиясининг Курск вилоятига бостириб кириши фонида яна тўхтатилди.

Расмий равишда томонлар музокаралар ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермаяпти. Бироқ Владимир Зеленский энергия иншоотларига зарба бермаслик қарори урушни тугатиш йўлидаги биринчи қадам бўлиши мумкинлигини айтган.

Қиш яқинлашаётгани боис, бу масала Киев учун жуда долзарбдир.

Жорий музокаралар қандай босқичда экани аниқ эмас, аммо ҳозирча улар катта натижа бермаётгани кўриниб турибди.

Ноябр ўрталарида Россия уруш бошидан бери энергия иншоотларига қаратилган энг йирик зарбаларидан бирини амалга оширди. Бу зарбалар мамлакат бўйлаб бир неча соатлик электр тақчилликларига олиб келди.

АҚШ: Ҳамма Дональд Трампнинг “бир кунлик” режасини кутмоқда

Ҳар қандай сценарий нуқтаи назаридан келиб чиққанда ҳам, урушни тугатиш учун АҚШнинг позицияси ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Шу сабабли, президентлик сайловлари натижалари Киев ва Москва томонидан катта эътибор билан кузатилди.

Январ ойида Дональд Трамп АҚШ президенти лавозимига киришади.

Сайловолди кампанияси давомида у урушни ҳатто инаугурациягача ёки бир кун ичида тўхтата олишини бир неча бор айтган эди.

Сайловдаги ғалабасидан кейин ҳам у, ҳам унинг атрофидагилар ҳали аниқ ечим режасини тақдим этмади.

Аммо Оқ уй ва бошқа идораларда ишлаш учун таклиф қилинган Трамп жамоасининг номзодлари ва ОАВдаги маълумотлар асосида режанинг эҳтимолий йўналишини тахмин қилиш мумкин.

Ёзда Reuters Трампнинг маслаҳатчилари ва унинг президентлиги давридаги Хавфсизлик кенгаши аъзолари бўлган нафақадаги генерал Кит Келлогг ва Фред Флеитс томонидан ишлаб чиқилган режани эълон қилган эди.

Улар Украина Россия билан музокараларга рози бўлмагунга қадар унга ёрдам бериш тўхтатилиши кераклигини таклиф қилишган.

Агар Россия музокаралардан бош тортса, Киевга ёрдамни кучайтириш билан таҳдид қилиниши лозим эди.

Режа фронтдаги мавжуд чегара чизиғи музлатилишини ҳам ўз ичига олади.

Флеитснинг айтишича, Трамп режани қўллаб-қувватлаган, бироқ у кўзда тутувчи таклифларнинг "ҳаммасини ҳам маъқулламаган".

Дональд Трамп

Сурат манбаси, Сhris Unger/Zuffa LLC

Сурат тагсўзи, Трамп Россия ва Украина ўртасидаги урушни тўхтатишга ҳаракат қилишини бир неча бор таъкидлаган.

Республикачи етакчилар эса ушбу режадан иложи борича масофа сақлашга ҳаракат қилётгандек туюлади.

Трампнинг сайловдаги ғалабасидан сўнг, Wall Street Journal унинг жамоасидаги муҳокамаларни муфассил тасвирловчи материал чоп этди.

Нашрда айтилишича, бўлғуси президент атрофидагилар бир неча сценарийларни кўриб чиқмоқда, аммо бир нарса аниқки, улар ҳозирги маъмуриятнинг "Украинани қанча керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлаш" тамойилидан воз кечишга асосланади.

Трамп сайланганидан сўнг, унинг ўғли ижтимоий тармоқларда Зеленский яқин орада "нафақа олишдан маҳрум бўлади" дея ҳазил қолдирган.

WSJ таъкидлашича, бу таклифларнинг умумий жиҳати шундаки, улар фронтни мавжуд чегараларда музлатишни ва Украинанинг NATOга қўшилишини вақтинча рад этишни таклиф қилмоқда.

Расмий жиҳатдан, Байден маъмурияти ҳам Украинани альянсга қабул қилиш аризасини тасдиқлашга рози бўлмаган.

Зеленскийнинг АҚШга ташрифидан сўнг ОАВ Оқ уй унинг "ғалаба режаси"га «скептик» қарагани ҳақида ёзган эди.

Шу билан бирга, Le Monde АҚШнинг Киевни NATOга таклиф қилиш масаласида сайловдан олдинги позицияси ўзгариб, Вашингтон бу масала юзасидан энди бошқа қаршилик кўрсатмаётганини таъкидлаган эди.

Reuters манбасига кўра, Трампнинг сайланиши Украина учун NATOга қўшилиш имкониятини анча пасайтиради.

WSJ хабар беришича, Трамп жамоаси муҳокама қилаётган режалар орасида Киевнинг кейинги 20 йил ичида альянсга қўшилишдан воз кечишини кўзда тутувчи сценарий ҳам бор. Бунинг эвазига АҚШ Украинага Россияни тўхтатиш учун қурол етказиб беришни давом эттиради.

Ушбу режада томонлар Европа тинчликпарварларини жойлаштириш учун демилитаризация зонаси яратишга келишиб олиши таклиф қилинади.

Оқ уй урушни иложи борича тезроқ тугатишга интилаётгани янги ташқи сиёсат номзодлари орқали ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Трамп сенатор Марко Рубиони Давлат департаменти раҳбари лавозимига таклиф қилган.

Гарчи Рубио илгари Путинни “гангстер” деб атаган бўлса-да, сўнгги ойлар давомида у Украинадаги уруш аллақачон боши берк кўчага кириб улгурганини айтиб, уни тугатиш зарурлигини таъкидлаган.

Трамп миллий разведка раҳбари лавозимига Тулси Габбардни таклиф қилган. У Украинанинг НАТО га қўшилиши юзасидан Россияда мавжуд хавотирларини “асосли” деб атаган ва Киевга ҳарбий ёрдам бергани учун Байденни танқид остига олган.

Бўлғуси Трамп маъмуриятида миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчи бўлиши режалаштирилган конгрессмен Майк Вольтс Россия босқинини қоралаган, лекин баҳорда у Киевга молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатишга қарши овоз берган республикачилардан бири бўлган.

Трамп Украинадаги уруш бўйича махсус вакил лавозимини таъсис этишни режалаштирмоқда.

Бу лавозим ҳозирги Оқ уйда мавжуд эмас, аммо Reuters маълумотига кўра, Трамп уни яратиш хусусида ўйламоқда.

Ушбу лавозимга АҚШнинг Германиядаги собиқ элчиси Ричард Греннелл кўриб чиқилмоқда. У илгари урушни тўхтатиш ва Украинани NATOга дарҳол қўшишга қарши чиққан эди.

Владимир Путин Трампнинг урушни тугатишга бўлган интилишини "эътиборга лойиқ" қадам ўлароқ баҳолайди.

BBCнинг Украина хизмати Трамп қудратга келиши Киев учун тинчлик музокараларини ўрнатиш истиқболларида нимани англатиши хусусида батафсил тўхталган эди.

Бир томондан, Украина ҳукумати Жо Байден бошқарувининг сўнгги ойларида иложи борича кўпроқ ёрдам олишдан умид қилмоқда. Бошқа томондан эса улар янги маъмурият билан алоқалар ўрнатишни бошлаган.

Европа: Украинага ёрдам ваъда қилинган, лекин урушни тугатиш бўйича тўхтамга келинмаган

Украинанинг Европадаги иттифоқчилари урушни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича ягона режага эга эмаслар.

Европа Иттифоқининг расмий позицияси қуйидагича: Киев қачон ва қандай қилиб Москва билан музокара ўтказишни ўзи ҳал қилади, Европа эса Украинани молия, қурол-яроғ ва Россияга қарши санкциялар билан қўллаб-қувватлашда давом этади.

Бироқ, урушни тугатишнинг аниқ сценарийлари бўйича Европа давлатларининг қарашлари сезиларли даражада фарқ қилади.

АҚШдан кейин Украинага энг кўп ёрдам берувчи давлатлардан бири бўлган Германия энг консерватив позицияга эга.

Германия канцлери Украина НАТО га аъзо бўлишига қарши, чунки бу альянс ва Россия ўртасида тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка олиб келиши мумкинлигидан хавотирда.

Шольц ушбу позициясини Россия Украинада Hazel ракетасини қўллаганидан ва Европага зарба бериш билан таҳдид қилганидан кейин ҳам ўзгартирмади.

Аксинча, у Европа урушда кескинликни кучайтиришдан ҳар қандай йўл билан қочиши кераклигини таъкидлайди.

Бундан ташқари, ноябрь ўрталарида Шольц деярли икки йил ичида биринчи марта Владимир Путин билан телефон орқали гаплашди.

Берлин канцлер Путинни Киев билан музокаралар олиб бориб, "адолатли ва барқарор тинчлик ўрнатишга" чақирганини маълум қилди.

Кремль баёнотига кўра, Путин Шольцга урушни тугатиш учун музокаралар "янги ҳудудий ҳақиқатлар" асосида олиб борилиши кераклигини айтган.

Володимир Зеленский бу мулоқотни "Пандора қутисини очиш" деб баҳолади ва Украина ҳукумати фикрича, Россия тинчлик истамаётгани, балки урушни давом эттириш учун вақтни чўзишга ҳаракат қилаётганини яна бир бор таъкидлади.

Шольцнинг урушни тугатиш борасидаги позицияси муҳим, аммо феврал ойида коалиция бузилгач, канцлерни муддатдан олдинги сайловлар кутмоқда.

Бошқа Европа пойтахтларида эса Киевни қандай ёрдам билан қўллаб-қувватлаш ва урушни қандай тугатиш борасида турли фикрлар мавжуд.

Париж очиқчасига "ғалаба режасини" қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирмоқда.

Венгрия Москва ва Киев ўртасидаги музокараларнинг дарҳол бошланишини талаб қилмоқда.

Бирлашган Қироллик эса, ҳатто АҚШ Украинага ёрдамни қисқартирган тақдирда ҳам, ёрдамни давом эттиришга ваъда бермоқда.

Лондон очиқчасига Киевнинг ўз ҳудудларидан воз кечиш масаласини муҳокама қилишда рад жавобини қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, Британия Украина Қуролли Кучларига узоқ масофали Storm Shadow ракеталари билан Россия ҳудудидаги нишонларга зарба бериш учун рухсат беришини эълон қилмаган бўлса-да, амалда бу зарбалар амалга оширилмоқда.

Европанинг Украинани қўллаб-қувватловчи асосий давлатларидан бири бўлган Чехия президенти Петр Павел сўнгги ойлар давомида Украинада "100 фоиз адолатли тинчлик"ка (барча ҳудудларни қайтариш ва репарация тўлаш) эришиш қийин бўлишини бир неча бор айтган.

Собиқ НАТО генерали бўлган Павел урушдан кейин Украина айрим ҳудудларини, ҳеч бўлмаганда, вақтинча Россия назоратида қолдиришга кўникиши кераклигини таъкидлаган.

WSJ маълумотларига кўра, сўнгги ҳафталарда Украина бўйлаб кучайган ҳужумлар ва Донбассда Россия қўшинларининг олдинга силжиши фонида Европада Москва ва Киев ўртасида тинчлик музокараларини ташкил қилишга қаратилган Трамп режасини қўллаб-қувватлайдиган давлатлар сони ортиб бормоқда.

Дунё: Хитой Глобал Жануб билан бирга яхшилик томонида

Украинадаги воқеаларни бошқа мамлакатлар ҳам яқиндан кузатиб келмоқда, баъзилари эса можарони ҳал қилишда фаол иштирок этишга ва ўз режалари билан чиқишга ҳаракат қилмоқда.

Масалан, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ўз таклифларини илгари сурмоқда.

Туркия Москва билан яқин алоқаларни сақлаб келаётган NATOнинг ягона аъзосидир.

Айнан Анқара воситачилигида уруш бошланганидан кейин Москва ва Киев ўртасида имзоланган кам сонли келишувлардан бири бўлган ғалла битимига эришилган эди.

Эрдоған режалари ҳақида Bloomberg берган маълумотларга кўра, Туркия NATOга Украинани қабул қилишни 10 йилга музлатиб туришни таклиф қилади (бунинг эвазига Киев ҳарбий ёрдам олиши керак) ва Донбасснинг шарқий қисмида демилитаризация ҳудуди яратишни ҳамда у ерга тинчликпарвар кучларни жойлаштиришни кўзда тутади.

Шунингдек, қўшиб олинган ҳудудларнинг кимга тегишли экани масаласини кейинроқ ҳал қилишни, ҳозирча эса ўт очишни тўхтатишга эътибор қаратишни мақсад қилади.

Анқаранинг ушбу режаси Москва ва Киев томонларига тақдим қилингани номаълум.

Туркия ҳукумат вакиллари эса бундай режанинг мавжудлигини буткул рад этишмоқда.

Хитой ва Бразилия ўз режасини илгари суриб, атрофида кенг коалиция шакллантиришга ҳам муваффақ бўлишди.

Сентябр охирида ушбу давлатлар Глобал Жануб давлатлари билан биргаликда "Тинчлик дўстлари" платформасини яратди.

Ушбу гуруҳнинг биринчи йиғилиши БМТ Бош Ассамблеяси доирасида ўтказилди ва унда Хитой ва Бразилиядан ташқари яна 17 давлат, жумладан, Миср, Индонезия, Жанубий Африка, Мексика ва Замбия иштирок этди. Европа давлатларидан эса Швейцария, Франция ва Венгрия кузатувчи сифатида қатнашди.

Россия ва Хитой президентлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Цзиньпин ва Россия президенти Владимир Путин 2024 йил октябр ойида Қозондаги БРИКС саммитида

Платформа асосига айланган режада олти асосий нуқта мавжуд:

  • Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш;
  • Келишув конференциясини ўтказиш;
  • Гуманитар ёрдам ва ҳарбий асирларни алмашиш;
  • Омавий қирғин қуролларини ва ядровий иншоотларга зарба беришни тақиқлаш;
  • Глобал таъминот занжирларининг барқарорлигини таъминлаш.

Йиғилишнинг якуний баёнотида (Жазоир, Қозоғистон, Туркия ва бошқалар ҳам қўшилган) давлатлар БМТ Низомига риоя қилиш ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилишга чақирилган.

Шу билан бирга, "давлатларнинг қонуний хавотирларини" инобатга олиш зарурлиги таъкидланган.

Владимир Путин Украина ҳудудларига бостириб кириш ва аннексияни айнан "қонуний хавотирлар" билан изоҳлаганини ҳисобга олсак, бундай режа томонларни қандай яраштириши мумкинлиги номаълумлигича қолади.

Россия Хитой-Бразилия ташаббусини ижобий қарши олди. Россия Президенти маслаҳатчиси Юрий Ушаковга кўра, давлат раҳбарлари ушбу ташаббусни ноябрь охирида Қозон шаҳрида бўлиб ўтган BRICS саммитида муҳокама қилган. Бу муҳокамада Киев иштирок этмаган.

Бироқ, Володимир Зеленский бу режани “бузғунчилик” деб атайди. "Қандай қилиб биз билан маслаҳатлашмасдан ўз ташаббусингизни таклиф қилишингиз мумкин? Кейин Россия келиб, «Биз бу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз!» дейди. Биз аҳмоқ эмасмиз!" — деди Зеленский. "Бу қандай спектакль ўзи?"