Jump to content

Халифалик

From Vikipediya

Халифалик — ВИИ–ВИИИ асрларда араб истилолари натижасида Арабистон ярим ороли, Яқин ва Ўрта Шарқ, Шимолий Африка, Испания, Марказий Осиё ва Кавказортини ўз ичига олган давлат (қаранг Араб халифалиги). Ибн Халдуннинг ёзишича, „жоҳилия араблари“ фақат диний сифатдаги (пайғамбарлик, валийлик, коҳинлик ва ҳоказо) ҳокимиятни тан олганлар. Шунинг учун ҳам ҳижратдан сўнг (622-йил) Мадинада барпо бўлган ва 630–632-йилларда бутун Арабистон ярим оролини ўз ичига олган тузум ислом динига асосланган, теократик давлат шаклини олган. Бу давлатнинг бошлиғи — Расулуллоҳ — Аллоҳнинг элчиси, аммо у абадий эмаслиги пайғамбарнинг ўзи томонидан қайта-қайта таъкидлаб келинган. Бу давлатни келажакда бошқарадиганлар сиёсий усуллардан фойдаланишлари муқаррар эди, зеро Муҳаммад — пайғамбарларнинг охиргиси (хотам ул-анбиё). Биринчи бўлиб бу ҳақиқат Пайғамбар томонидан англанди. „Халифалик мендан кейин умматларим ичида ўттиз йил, сўнгра амирлик (подшолик) дир“, деган мазмундаги ҳадис айнан шу фикрни исботлайди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг номидан (ваҳий орқали) умматини бошқарган Муҳаммад пайғамбар вафотидан сўнгра раҳбарликка илоҳий раҳнамолик сифатига эга бўлмаган ва бунга даъво ҳам қилмаган халифалар келган. Саҳобалар бундан кейин дунёвий ишларни оддий инсон ҳукмдор — амир бошқаришини тушунганлар. Маккалик ва мадиналик саҳобалар — муҳожирлар ва ансорлар ўртасидаги баҳс фақатгина уларнинг қайси бири ана шу лавозимга сайланиши ҳақида борар эди. Абу Бакр Сиддиқнинг Халифату Расулуллоҳ — Аллоҳ элчисининг ўринбосари бўлиб сайланиши шундан далолатдир. Айнан шу даврда ҳокимият вазифаларининг (суд, молия ва ҳоказо) бўлиниши ва уларнинг, асосан, муҳожирлар ўртасида тақсимланиши юз берган. Бу жараён, яъни давлат бошқарув тизими динийлик қиёфасини йўқотиб, дунёвий тус олиши 4 халифа — Абу Бакр Сиддиқ (632-634), Умар ибн Хаттоб (634-644), Усмон ибн Аффон (644-656) ва Али ибн Абу Толиб (656-661) даврида узил-кесил амалга ошган. Улар „ал-Хулафо ар-Рошидун“ (тўғри йўлдан борувчи халифалар) деган ном олдилар.

Али ибн Абу Толиб вафотидан сўнг давлатни бошқарган умавий халифалар (661-750) араб тарихий адабиётида „диний тарбиядан умуман йироқ“ шахслар сифатида тавсифланадилар. Халифалар расман диний ва дунёвий ягоналикни мужассам этган бўлсаларда, лекин амалда жамиятнинг диний ҳаётига таъсир кўрсатмасдилар. Диний арбоблар (муҳаддислар, қорилар, муфассирлар, фақиҳлар) қатлами вужудга келганки, энди диний масалалар бўйича жамоатчилик фикрини халифалар эмас, балки айнан ўша арбоблар шакллантирадиган бўлганлар.

750-йилда Аббосийлар халифалига бошланган. Умавийлардан фарқли ўлароқ Аббосийлар ўз исмларига Аллоҳ сўзини қўшиб мартабали лақаблар олдилар, шу йўл билан ўз ҳокимиятларига теократик тус беришга уринганлар. Лекин амалда уларнинг кўпчилиги қўғирчоққа айланиб қолиб, бошқа қавмлар бошлиқлари (масалан: Маҳмуд Ғазнавий), салжуқлар султони Тўғрулбек, бувайҳийлар амири Аҳмад кабиларга мубояъа (гувоҳнома) бердилар ва уларнинг ҳокимликларини қонунийлаштирдилар. 9-асрдан эътиборан Аббосийлар халифалиги парчалана бошлаган. Испанияда Кордова, Шимолий Африкада Фотимийлар халифалигининг вужудга келиши халифалик яккаю ягона бўлиши керак деган тушунчага яна бир бор зарба берган.

ХИИ асрда Турк сулолалари заифлашиб, Бағдод халифалиги қисқа муддатга ўз қудратини қайта тиклаган эди ҳамки, мўғулларнинг қақшатқич зарбасига учради ва 1258-йил Ҳулоку охирги Багдод халифаси ал-Мустаъсимни қатл қилган.

Шундай қилиб, Аббосийлар халифалиги мўғуллар томонидан йўқ қилинди. Аммо 1261-йил Миср мамлукларининг султони Зоҳир Байбарс дастлаб охирги Бағдод халифасининг амакиси ал-Мустансир, сўнг яна бир вакил ал-Ҳаким биринчини Қоҳирага келтириб, аббосийлар сулоласини давом эттирди. Юқорида зикр этилган иккала шахснинг ҳам ҳақиқатан аббосийларга мансуб эканини ўз вақгида академик В.В. Бартолд қаттиқ шубҳа остига олган эди. Қандай бўлганда ҳам Қоҳирадаги Аббосийлар халифалиги 1517-йил усмонли турклар томонидан Миср босиб олингунга қадар давом этди.

Охирги халифа ал-Мутаваккил ИИИ ни усмонли турк султони Салим И Истанбулга кўчирган ва унинг авлодлари Туркияда Мустафо Камол Отатурк томонидан дастлаб султонлик (1922-йил), сўнг халифалик (1924-йил) бекор қилингунига қадар яшаганлар.

Манбалар

[edit | edit source]