Jump to content

Тил

From Vikipediya
Теотиуакандаги ушбу девор расмида (тахминан 200-йил) персонаж оғзидан нутқни ифодаловчи ўроғлик хат чиқиб келяпти.

Тил деб мураккаб мулоқот тизимига ёки шу тизимни ўрганиш ва ишлатиш қобилиятига айтилади. Тил асосан мулоқот воситаси ҳисобланади. Тилни ўрганувчи соҳага тилшунослик дейилади. Жаҳон тиллари миқдорини аниқлаш учун тил ва шева орасида фарқ ўрнатиш зарур. Шунга қарамай, тиллар сони 6–7 минг орасида, деб ҳисобланади. Табиий тил сўзлашув ёки имо-ишора орқали тарқалади, бироқ ҳар қандай тил эшитиш, кўриш, сезиш стимуллари ёрдамида ёзув, браилле ёки ҳуштак каби иккиламчи воситага кодланиши мумкин. Бу одам тили модалликдан мустақил бўлгани учун иложли. Кенг маънода тил атамаси остида бирор мулоқот тизимининг тайинли қоидалари мажмуаси тушунилади. Барча тиллар семиозисга, яъни белгиларни тегишли маъноларга боғлаш жараёнига таянади. Оғзаки ва имо-ишора тиллари рамзлар кетма-кетлигини сўз ёки морфема қилиб шакллантирувчи фонологик тизим ҳамда сўз ва морфемалар кетма-кетлигидан ибора ва гапларни ҳосил қилувчи синтактик тизимни ўз ичига олади. Одам тили унумдорлик, рекурсивлик ва силжувчанлик хусусиятларига эга эканлиги ҳамда ижтимоий келишув ва ўрганишга бутунлай асослангани учун уникалдир. Бинобарин, унинг мураккаб тузилиши ҳайвонлар мулоқотига нисбатан жуда кенг ифода ва қўлланишлар кўламини беради. Тил эрта ҳомининлар аста-секин примат мулоқот тизимларини ўзгартира бошлаган пайтда, бошқа онглар назариясини шакллантириш қобилияти ва интенсионалликни ўрганаётганида юзага келган, деб тахмин этилади.

Ушбу ривожланиш мия ҳажми ўсишига мос келган бўлиши мумкин; аксарият тилшунослар тил тузилишини тегишли мулоқот ва ижтимоий вазифаларга хизмат қилиш учун эволуцияланган, деб қарашади. Тил одам миясининг турли, хусусан Броcа ва Wерниcке соҳаларида ишланади. Одамлар тилни ёш болалик пайтидаги ижтимоий ўзаро муносабат орқали ўзлаштирадилар ва ўртача уч ёшга келиб равон гапира оладилар. Тил ишлатиш одам маданиятига чуқур сингган. Бинобарин, тил фақатгина мулоқот воситаси бўлиб қолмай, балки индивидуаллик, ижтимоий стратификация, парвариш ва эрмак каби ижтимоий ва маданий ролларга ҳам эга.

Тиллар вақт ўтиши билан ўзгаради, уларнинг эволуциясини қадимги тиллар кейинги босқичлар содир бўлиши учун қандай белгиларга эга бўлганини аниқловчи ва уларни замонавий тилларга таққословчи тарихий тилшунослик ўрганади. Умумий аждоддан келувчи тиллар гуруҳига тиллар оиласи дейилади. Бугунги кунда жаҳонда энг кенг тарқалган тиллар, жумладан инглизча, испанча, португалча, русча ва ҳиндча ҳинд-европа тиллари; мандарин хитойчаси ва кантонча эса сино-тибет тиллари; арабча, амҳарча ва иврит эса семит тиллари; суаҳили, зулу ва шона эса банту тиллари оиласига киради. Тилшунослар фикрига кўра бугун мавжуд тилларнинг 50 дан 90 фоизигачаси 2100-йилга келиб йўқолиб кетад[1][2].

Тил конкрет нутқ ҳодисалари (айрим гаплар, ҳикоялар, бир неча кишининг суҳбати ва шу каби), жумладан, оғзаки ёки механик усудда такрорланадиган ва ёзув орқали қайд этиладиган нутқ ҳодисаларида мавжуд бўлади. Кўплаб нутқ ҳодисаларининг структур хусусиятларини тахлил қилиш, қиёслаш ва умумлаштириш муайян тилда мавжуд бўлган элементлар ва улар ўртасидаги муносабатлар мажмуини яхлит мураккаб белги тизими сифатида англаш ва тавсифлаш имконини беради. Ҳозирги даврда турли миллат, элат ва қабилаларга тегишли 2500 дан 5000 тагача (баъзи манбаларда 3000–7000 оралиғида) жонли тил борлиги маълум. Уларнинг ҳар бирида барча тиллар учун умумий бўлган баъзи универсал структур хусусиятлар кўзга ташланади. Лисоний тизим нуқтаи назаридан тилнинг бундай универсал хусусиятлари сифатида барқарорлашган кўплаб тил белгилари — сўзларнинг ва улардан фойдаланиш бўйича умумий (грамматик) қоидаларнинг мавжудлиги; сўзлар таркибида тилнинг энг қисқа (кичик) товуш бирликлари — фонемаларнинг ажратилиши кабиларни кўрсатиш мумкин. Айрим олинган сўз доирасида фонемалар бир ёки бир неча бўғинга бирлашади. Тилнинг камроқ умумий булган структур хусусияти алоҳида сўзлар доирасида янада кичикроқ фонетик-семантик қисмлар — морфемаларнинг ажралишидир. Нутқ жараёнида ҳар қандай нутқ ҳодисасининг гаплар ташкил этиши ҳар қандай товуш тилининг универсал хусусияти ҳисобланади. Умумий хусусиятлар доирасида турли хил тилларда уларни ташкил этувчи элементларнинг чексиз вариантлашуви ва бу элементларнинг нутқ жараёнидаги ўзаро муносабати кузатилади.

Тил меҳнат ва ижтимоий онг билан биргаликда бир-бирига ўзаро боғлиқ бўлган, инсонни ҳайвондан фарқловчи 3 та энг муҳим хоссалардан бирини ташкил этади. Ушбу ҳоссалар ичида меҳнат муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у жамият мавжудлигининг моддий асоси ҳисобланади.

Тилнинг тафаккур, ижтимоий онг билан алоқаси ниҳоятда узвий, чамбарчасдир. Тил белгилари — сўзлар, сўз бирикмалари ва гаплар — моддий шакллар бўлиб, уларда онгнинг идеал маҳсуллари — аниқ тасаввурлардан тортиб энг мавҳум ва умумлаштирувчи тушунчалар ёки ҳукмларгача обектив тарзда ўз аксини топади. Шундай килиб, тил нафақат фикрни ифодалаш ёки фикр алмашиш воситаси, балки ижтимоий онгда фикрларни шакллантириш ва мустаҳкамлаш воситаси ҳам ҳисобланади. Тил — жамият бойлиги, у жамият аъзоларининг ўзаро алоқасини амалга оширади, инсоннинг моддий ва маънавий турмушида рўй берадиган барча воқеаҳодисалар ҳақидаги билимларни жамлайди ва улардан хабардор қилади; тил айни маънода асрлар мобайнида шаклланади ва мавжуд бўлади. Тафаккур тилга қараганда бирмунча тезроқ ривожланади ва янгиланади, леки тилсиз тафаккурни тасаввур этиб бўлмайди: тилда ифодаланмаган фикр ноаниқ, тушунарсиз бир нарса бўлиб, инсонга борлиқ воқеа-ҳодисаларини англаб етишида, фанни ривожлантириш ва такомиллаштиришида ёрдам бера олмайди. Тафаккур тилсиз мавжуд бўлмас экан, тил ҳам тафаккурсиз яшай олмайди. Биз ўйлаб туриб гапирамиз ва ёзамиз, ўз фикрларимизни тилда аниқроқ ва тушунарлироқ баён этишга ҳаракат қиламиз. Демак, фикрлар тил негизида пайдо бўлади ва унда мустаҳкамланади; тил билан тафаккур бир бутунликни ташкил этади.

Тилнинг, дастлабки тилнинг пайдо бўлиши масаласи инсониятни қадимги замонлардан бери қизиқтириб келади. Қадимги даврлардан бошлаб тилнинг келиб чиқиши ҳақида кўплаб назариялар, таълимотлар пайдо бўлди. Лекин бу назария ва таълимотлар тилнинг келиб чиқиш масаласини ҳанузгача узил-кесил ҳал қилиб бера олгани йўқ.

Қайд этилганидек, жаҳон тиллари ўз грамматик қурилиши, луғат бойлиги ва бошқа жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади, лекин шу билан бирга улар барча тиллар учун муштарак бўлган умумий қонуниятлар асосида ривожланади. Тил давр билан, замон билан ҳамоҳанг равишда ўзгариб боради ( ўзбек тилининг қадимги туркий тил даври билан ҳозирги кўриниши чоғиштирилса, бундай ўзгаришлар қай даражада бўлганлиги яққол сезилади ) ва баъзан, турли ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар оқибатида, муомаладан чиқиб кетиши ҳам мумкин. Масалан, ўтмишда жаҳон маданияти ривожига катта ҳисса қўшган феклар ва римликлар сўзлашган қадимги юнон ва лотин тиллари даврлар утиши билан муомаладан чиқиб, ўлик тилларга айланиб қолган.

Тилдаги ўзгаришлар табиати ҳамда тил тараққиётидаги йўналишлар 2 та бошқа бошқа омил — жамият ҳаётидаги тарихий ўзгаришлар ҳамда тил тараққиётининг муайян босқичида унинг хусусиятлар билан белгиланади. Тил тарихининг жамият тарихи билан алоқадорлиги тилнинг ички структураси ўзгаришларида (асосан, лексика ва фразеология соҳасида), шунингдек, муайян тилнинг таркалиш миқёслари ўзгаришида (жумладан, унинг функсионал услублари тараққиётида) ва унинг лаҳжаларга бўлиниши (дифференсиацияси) даражасида намоён бўлади. Фонетика ва морфология соҳаларидаги ўзгаришлар ижтимоий ҳаёт воқеа-ҳодисалари билан бевосита боғлиқ эмас. Тил структурасининг жиддий ўзгаришлари тилларнинг ўзаро таъсирлашуви жараёнларига боғлиқ бўлади. Жамият тарихий тараққиётининг турли босқичларида тилларнинг лаҳжавий фарқланиши даражасидаги тафовутлар тил тарихининг жамият тарихи билан алоқадорлигини белгиловчи хусусиятидир. Жамиятнинг айрим ҳудудий қисмларга иқтисодий ва сиёсий парчаланиши жараёнлари иқтисодий ва сиёсий бирлашиш жараёнларидан устун бўлганда, яхлит, бир бутун тиллар ҳудудий лаҳжаларга бўлиниб кетади. Аксинча, жамиятнинг иқтисодий, сиёсий бирлашиш жараёнлари-- ҳудудий парчаланиш жараёнларидан устунлик қилган даврларда, лахжавий дифференсиация билан бир қаторда, адабиётда адабий тил сифатида мустаҳкамланиб қолувчи ягона умумхалқ тилини яратишга имкон бўлади. Умумхалқ миллий тилнинг шаклланиши тегишли миллатнинг шаклланиши даврида рўй беради.

Яна қаранг

[edit | edit source]

Манбалар

[edit | edit source]

Адабиётлар

[edit | edit source]
  • Дмитрий Петров Полиглот, 2012
  • Усмонов С, Умумий тилшунослик, Т., 1972;
  • Будагов Р. А., Человек и его язик, М., 1974;
  • Березин Ф. М., Головин Б. Н., Обшее язикознание, М., 1979;
  • Реформацкий А. А., Введение в язиковедение, М., 1998.
Аустин, Петер К; Саллабанк, Жулиа „Интродуcтион“, . Cамбридге Ҳандбоок оф Эндангеред Лангуагес. Cамбридге Университй Пресс, 2011. ИСБН 978-0-521-88215-6. 
Атлас оф тҳе Wорлд’с Лангуагес ин Дангер, 3рд эдитион.. Парис: УНЕСCО Публишинг, 2010.