Светофор
Светофор (рус. свет — ёруғлик ва юн. пҳорос — элтувчи) — ёруғлик сигнали берадиган электр қурилма. Пиёдалар ва транспорт воситаларининг кўчада, йўлда ва темир йўлдан ўтиш жойларидаги ҳаракатини ҳамда темир йўл таркиби қатновини тартибга солиб туриш учун ишлатилади. Семафор тарзида С. биринчи марта 1868-йил Лондонда ўрнатилган. Қўлда бошкариладиган биринчи электр С. 20-аср бошида АҚСҲ да пайдо бўлган (унда фақат яшил ва кизил чироклар бўлган). Дастлабки 3 рангли (яшил, сариқ ва қизил) С. 1918-йил НюЁркда, 1930-йил Москвада ишлатилган. Сдан темир йўлда фойдаланиш 20-асрбошларида раем бўлган. С.ларни ўрнатиш ва улардан фойдаланиш қоидалари Венада 1968-йил қабул қилинган "Йўл белгилари ва сигналлари ҳақида конвенсия" ва бу конвенсияни тўддирувчи Европа келишуви (1971, Женева) талабларига кўра белгилаб қўйилган. Ўзбекистонда 2001-йил халқаро меъёрлар асосида ишлаб чиқилган "Йўл ҳаракати қоидалари"га риоя қилинади (қаранг Йўл белгилари).
С.нинг 1, 2 ва 3 сексияли ҳамда қўшимча сексияли хиллари бор. Бир сексияли С.да фақат бир хил — сариқ ёки қизил чироқ ёнади. Сариғи ўчибёниб, ҳайдовчиларни огоҳлантириб туради. Агар транспорт воситасини тўхтатиш лозим бўлса (мас, темир йўлдан ўтиш жойларида, ўт ўчириш автомобиллари чиқадиган жойларда ва ҳоказо), қизил чироқ ёнади. Икки сексияли С.да 2 хил — яшил ва кизил чирок ёнади. Асосан, шаҳарларда темир йўлдан ўтиш жойларига ўрнатилади. У ч сексияли С.да уч хил — яшил, сарик ва қизил чироқ ёнади. Тик ва ётиқ жойлашган хиллари бор. Асосан, йўл (кўча) чорраҳаларига ўрнатилади.
Яшил чироқ ёнганда релссиз транспорт воситалари барча йўналишларда, трамвай эса тўғрига ва чапга ҳаракатланиши мумкин. Қизил чироқ ёнганда барча транспорт воситаларининг ҳаракати тўхтайди, трамвай эса ўнгга бурилиши мумкин. Сариқ чироқ ёнганда чорраҳага яқинлашаётган транспорт воситалари тўхтайди, чорраҳага кирганлари чорраҳани бўшатади, сигнал ўзгаришини кутиб турганлари ҳаракатланишга тайёрланади. Ўчибёниб турадиган сариқ чироқ ҳайдовчиларни огоҳлантиради.
Қўшимча сексияли С. чапга бурилишни, ўнгга бурилишни, иккала томонга бурилишни ва 3 томонли чорраҳаларда тўғрига ҳаракатланишни кўрсатади. Бундай С.лар серҳаракат чорраҳаларга ўрнатилади. Қўшимча сексиядаги "стрелка" сигнали ёнганда (С.даги қайси асосий чироқ ёнганидан қатъий назар) транспорт ёнган стрелка йўналишида ҳаракатланиши мумкин.
С.лар чорраҳа четига, ўртасига осиб қўйилиши, махсус устунга ёки бино деворига ўрнатилиши мумкин. Улар, асосан, автоматик тарзда ёниб ўчади. Шу мақсадда ЭҲМ дан ҳам фойдаланилади. Ҳаракатни автоматик бошкаришнинг уйғунлаштирилган тизими борган сари кенгроқ қўлланилмоқда. Бунда, мас, бир йўналишда ўрнатилган С.лардан бирининг яшил чироғида ўтган транспорт маълум тезликда (мас, 45 км/соат) ҳаракатланса, навбатдаги С.нинг ҳам яшил чироғига тўғри келади ва ҳоказо. Қандай тезликда ҳаракатланиш кераклиги ҳақидаги белги ҳар қайси С. яқинига осиб қўйилади. Бундай тизим "яшил тўлқин" деб аталади. Сдан саноатда диспетчерлик (бошқариш) да ҳам фойдаланилади.
Транспорт йўли светофори стансиялар ва ўтиш жойларига ўрнатилиб, темир йўл таркибининг ҳаракатини тартибга солади ва унинг тезлигини белгилайди. Бундай С.да яшил, кизил, кўк, сариқ ва сутрангоқ чироклар бўлади. Транспорт йўлининг автоматик ёки ярим автоматик блокировка билан таъминланган бир қисмини бошқаради.[1]
Манбалар
[edit | edit source]
Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |