Jump to content

Соната

From Vikipediya

Соната (италянча: соната, лотинча: сонаре – „янграмоқ“) – камер-чолғу мусиқасининг асосий жанрларидан. 3 қисмли туркум асар, баъзан 1, 4, 5 қисмлилари ҳам учрайди. 3 қисмли мумтоз сонатанинг 1 ва 3 қисмлари тез, 2қисми вазмин суръатлидир. 1-қисми (соната аллегроси) 3 йирик бўлимдан ташкил топади: қарамақарши мусиқий мавзуларни намоён қилиш (экспозиция), уларни бирбирига таққослаб ривожлантириш (2-бўлим), сўнгра асосий куйларни ўзаро яқинлаштириб бирлаштириш (реприза). „соната“ атамаси 16-асрдан маълум бўлиб, аввалбошда кантатадан фарқди ўлароқ ҳар қандай чолғу песа ҳам соната дейилган. 17-аср бошларида сонатанинг 2 кўриниши (черков сонатаси ва камер соната) шаклланди. 18-аср ўрталарида Д. Скарлатти, Ф. Э. Бах клавир сонаталар ёзишган, Й. Гайдн, В. Моцартлар сонатанинг мумтоз намуналарини яратишди. Соната ривожи ва юқори чўққиларга чиқишида Людвиг ван Бетховен сонаталари муҳим аҳамиятга эга бўлди. Л. Бетховен сонатани ранг-баранг мавзу ва мазмун, мураккаб шакл билан бойитиб, жанр имкониятларини кенгайтирди. Ф. Шопен, Р. Шуман, Ф. Лист, И. Брамс, Э. Григлар соната ривожига катта ҳисса қўшдилар. Романтизм даври ва 20-аср композиторлари ижодида ҳам соната асарлари муҳим ўрин эгаллади. Ўзбекистонда илк сонаталарни 1940—50 йилларда Ик. Акбаров, Ф. Назаров, Г. Мушел, А. Козловский каби композиторлар яратишган. Кейинчалик, Э. Солиҳов, Н. Зокиров, А. Эргашев, Д. Сайдаминова, Ҳ. Раҳимов, Н. Ғиёсов ва бошқа композиторлар ижодида ривожланган. Шунингдек, сонатанинг кичик ҳажмдаги тури – сонатина ўзининг соддалиги, ижро услубининг оддийлиги билан ажралиб туради.[манба керак]

Манбалар

[edit | edit source]