Мухтор Авезов
Мухтор Авезов | |
---|---|
Асл исми | қозоқча: Мұхтар Омарханұлы Әуезов |
Таваллуди |
Мухтор Умархонович Авезов 1897-йил 28-сентабр Чингиз Болис, Семей округи, Семей вилояти, Россия империяси (ҳозирги Абай тумани, Шарқий Қозоғистон вилояти, Қозоғистон) |
Вафоти |
1961-йил 27-июн Москва, СССР |
Ижод қилган тиллари | қозоқча |
Фуқаролиги | СССР |
Йўналиш | социалистик реализм |
Фаолият тури | ёзувчи, шоир, драматург ва олим |
Жанр | роман |
Мукофотлари | Ленин ордени |
Мухтор Умархонович Авезов (1897.28.09, Шарқий Қозоғистон (собиқ Семипалатинск) вилояти Абай тумани – 1961.27.06, Москва) – қозоқ ёзувчиси, олим. Қозоғистон Фанлар Академиясида (1946), филология фанлари доктори (1952), Қозоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1957). Семипалатинскдаги мадрасада ҳамда ўша ердаги 5 синфли рус мактабида ўқиган, сўнг ўқитувчилар семи-нариясини тамомлаган (1917). Абай овулида саҳналаштирилган (1917) "Енглик – Кебек" интермедияси билан қозоқ драматургиясига асос солди. Тўнғич қозоқ театри (ҳозирги Авезов номида) – Қозоғистон давлат академик драма театри ҳам 1926-йил 13-январда шу пессани саҳналаштириб очилган. Авезовнинг драматик асарлари қозоқ драматургиясининг ривожлани-шига катта ҳисса бўлиб қўшилди. Авезов 20-йилларда Тошкентда яшади ва Ўрта Осиё давлат университети аспирантурасида ўқиди (1928). Машҳур ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий романларидан кучли илҳомланди. 1920–30- йилларда Тошкентдаги қозоқ нашриётида адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий "Чўлпон" журнали билан бир неча адабий тўплам нашр этилган. Авезов 1922–23-йилларда Тошкентдалик вақтида "Кундошлар" пессаси, ҳикоялари, "Асов тулпорлар ҳақида" (1922), "Қозоқ қаламкашларига очиқ хат" (1922) мақолалари шу журналда босилди. Авезовнинг "Абай", "Абай йўли" эпопеяси қозоқ халқи ҳаётига бағишланган бўлиб, у ўз даврида юксак баҳога сазовор бўлди. Асарда қозоқ халқининг 19-асрдаги оғир, зиддиятларга тўла ҳаёти бадиий акс эттирилган. Ўша даврдаги қозоқ даштини қамраб олган нодонлик ва жоҳиллик тўсиқларини енгган Абайнинг ўз халқи асл фарзанди, мутафаккир, инсонпарвар шоир даражасига кўтарила олиши асарда моҳирлик билан тасвирланган. "Абай йўли"ни Зумрад (Орифжонова) 1950–60- йилларда ўзбек тилига таржима қилган. У бошқа халқлар тилларига ҳам таржима қилинди. Жанубий Қозоғистон чорвадорлари ҳаётига бағишланган "Равнақ" романи вафотидан сўнг босилиб чиқди (1962). 20-йилларда қозоқ чўлларида юз берган очарчилик ва бошқа даҳшатли воқеалар акс эттирилган "Оғир синов" романи ҳам вафотидан сўнг нашр этилди. Авезов ижодий, илмий ишлар билан бирга, 30 йилдан ортиқ (1928–61) Олмаота педагогика институти, Қозоғистон ва Москва давлат университетларида педагоглик фаолиятини қўшиб олиб борди. Авезов умрининг кўп йилларини шўро мафкурачиларининг оғир тазйиқи ва та’қиби остида ўтказишга мажбур бўлди.Ёзувчи туркий халқлар адабиёти тарихини теран тадқиқ этувчи кўплаб мақолалар яратди. Узоқ йиллар давомида туркий халқлар оғзаки ижоди намуналарини, хусусан халқ достонларини кенг тарғиб қилди. "Эр Тарғин", "Алпомиш", "Манас" достонларини тадқиқ этди.
Адабиётлар
[edit | edit source]- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |