Ламаркизм
Ламаркизм — органик олам эволюсияси тўғрисидаги дастлабки тўлиқ таълимот. Унга Ж.Б.Ламарк асос солган. Ламаркизмда органик дунё тараққиёти табиий қонуниятлар, яъни табиий сабабли боғланиш асосида боради, лекин бу қонунлар худо томонидан муайян бир мақсадга эришиш учун яратилган умумий қонуниятга буйсунади, дейилади. Ламаркизм таълимоти бўйича олий яратувчи инерт материянинг ҳаракати ва улар қонуниятларини бошқарувчиси ҳисобланади; ҳаётнинг тубан формалари ўз-ўзидан пайдо бўлган ва ҳозир ҳам пайдо бўлиб туради (қаранг Ҳаёт). Организмларнинг бундан кейинги ривожланиши градация, яъни поғонама-поғона мураккаблашув орқали борган. Ламаркизм эволюсион жараённинг табиий сабабларини очиб беролмайди; организмларнинг прогрессга ички интилиши эволюсиянинг ҳаракатлантирувчи кучлари деб тушунтиради. Ламаркизмнинг уқтиришича, табиий муҳитнинг узлуксиз таъсири организмларда адекват мосланишларни пайдо қилади ва градациянинг бузилишига, яъни янги турлар ҳосил бўлишига олиб келади. Ламаркизмнинг кўрсатишича, ўсимликлар шароит ўзгаришини моддалар ўзгариши орқали сезади; ҳайвонларда эса дастлаб талаб ўзгаради; бу эса, ўз навбатида, органлардан фойдаланишнинг ўзгаришига олиб келади. Органларнинг мунтазам ишлатилиши уларнинг кучли ривожланишига, ишлатилмаслиги эса уларнинг йўқолишига сабаб бўлади. Бу ўзгаришлар ирсийланади. Кейинги текширишларда организмлар ҳаёти давомида ташқи муҳит таъсирида содир бўладиган ўзгаришлар ирсийланмаслиги маълум бўлди. Эволюсион жараён ва унинг ҳаракатлан-тирувчи кучларини Л. идеалистик нуқтаи назардан ҳал этган бўлсада, ундаги турларнинг ўзгариши, прогрессив эволюсия тўғрисидаги фикрлар биринчи изчил эволюсион консепсия сифатида катта аҳамиятга эга[1].
Яна қаранг
[edit | edit source]Манбалар
[edit | edit source]Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (август 2024) |