Jump to content

Иқтисодий ислоҳотлар

From Vikipediya

Иқтисодий ислоҳотлар - хўжалик юритиш тизимида, иқтисодиётни бошқаришда, иқтисодий сиёсатни амалга ошириш йўллари ва усулларида йирик қайта қуришлар, ўзгартиришлар самарадорлиги паст муайян иқтисодий тизимни такомиллаштириш ёки эски тизимдан янгисига ўтиш мақсадларида амалга оширилади. Иқтисодий тизимнинг самарадорлиги қониқарсиз бўлган, иқтисодий тангликлар юз берган, иқтисодиёт кишиларнинг эҳтиёжларини етарли қондирмаган ҳолларда, мамлакат ўз тараққиётида бошқа мамлакатлардан орқада қолган шароитларда ўтказилади. И.и. ларзаларсиз, аниқ мақсадлар кўзланган ҳолда, парламент қабул қилган қонунларга би-ноан ва давлат раҳбарлигида ўтказилади. И.и. эволюсион ривожланишни таъминлайди. 20-аср охири ва 21-аср бошларидаги И.и. умумбашарий бўлиб, де-ярли ҳамма мамлакатларда ўтказилди. Бозор иқтисодиёти қарор топган мамлакатларда И.и. иқтисодиётни эркинлаштиришга қаратилган бўлиб, давлатнинг иқтисодиётга аралашувини чеклаш, иқтисодиёт субъектлари мустақиллигини кучайтириш, монополиялар фаолиятини назорат қилиш, эркин нархларга йўл бериш, хуллас бозор механизмининг тўлароқ амал қилишига шароит яратиб беришга қаратилди. Янгидан мустақил бўлган ёш мамлакатларда (собиқсоциалистик мамлакатлар ва СССР таркибидаги республикалар) И.и. 2 йўналишда борди: 1) миллий мустақилликни иқтисодий жиҳатдан таъминлашни кўзлаган ислоҳотлар; 2) режали иқтисодиётдан бозор тизимига ўтишга қаратилган, яъни бозор ислоҳотлари йўналишларида амалга оширилди. Биринчи йўналиш бўйича миллий пулни муомалага киритиш, мустақил банк, бюджет ва солиқ ти-зимларини жорий этиш, божхона хизматини ташкил қилиш ва миллий иқтисодий чегараларни ўрнатиш, и.ч. тузилмасини ўзгартириш кабилар амалга оширилди. Иккинчи йўналиш бўйича мулкни хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш, бозор ин-фратузилмасини яратиш, режали давлат нархларидан эркин бозор нархларга ўтиш, аграр соҳадаги ўзгаришлар, ташки иқтисодий фаолиятни бозор талабларига мос равишда қайта қуриш, монополияларни чеклаш, четдан капитал киритишни рағбатлантириш каби чоратадбирлар жорий этилди.

И.и. босқичма-босқич амалга оширилади ва давом этади, иқтисодиётни эркинлаштиришни таъминлайди. И.и.га умумийлик ва миллийлик хос. Уларнинг умумийлиги — И.и. йўналишларининг бир хил бўлиши ва ягона бозор тизимининг карор топишидир. Миллийлик ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос шароитини ҳисобга олиш ва шунга қараб ислоҳот тамойилларини қўллашдан иборат. Ўзбекистонда 1991—2002-йиллар давомида амалга оширилган И.и. танланган миллий моделга биноан ўтка-зилди ва бу жараён давом этмоқда (қаранг Бозор иқтисодиёти, Бозор ислоҳотлари, Бозор штисодиётига ўтиш).

Адабиёт

[edit | edit source]
  • Каримов И. А., Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида, Т.. 1995.

Алишер Ваҳобов.[1]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил