Jump to content

Ҳаким Назир

From Vikipediya
Ҳаким Назир
Таваллуди 15-октябр 1915-йил
Тошкент
Вафоти 15-май 2008-йил
Касби
Ижод қилган тиллари Рус тили ва Ўзбек тили
Фуқаролиги СССР ва Ўзбекистон

Ҳаким Назир (Ҳаким Назирович Назаров) (15.10.1915, Тошкент - 15.05.2008) — болалар ёзувчиси. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1984). Тошкент кечки педагог институти (1941) ва Москвада Олий адабиёт курсини (1956) тугатган. Ёшлар газетаси ва журналларида (1933-41), Ўзбекистон радио қўмитасида (1942— 53), Бадиий адабиёт ва санъат нашриётида (1956—61) ишлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул котиб (1953—54), адабий маслаҳатчи (1954—78) лавозимларида фаолият юритган.

Илк ҳикоялар тўплами — „Қишлоқдаги жиянларим“ (1948)да қишлоқ болаларининг ҳаёти ва меҳнати тасвирланган. Ойбек, Абдулла Қаҳҳор ва бошқалар ижодидан маҳорат сирларини ўрганган. Унинг ижоди 30-йиллардан бошланган бўлиб, даставвал лавҳалар, репортаж ва хабарлар билан „Ленин учқуни“ рўзномасида пайдо бўлди. Шундан сўнг, кетма-кет адибнинг „Пионерлар боғи“ (1950), „Беш баҳо“ (1955), „Чўл ҳавоси“ (1958), „Мени танийсизми?“ (1963), „Болажонларим“ (1964) сингари ҳикоялар тўпламлари яратилди. Мазкур асарларда ёзувчи болалар ва ўсмирларга хос беғубор қалб ҳарорати ва туйғуларини ардоқлашга интилди, уларни меҳнацевар, эл-юрт, ватан фарзандлари бўлишга даъват қилди. Унинг 40 дан ортиқ китобларида ёшлик ташвишлари, орзу-интилишлари ўз ифодасини топди. „Кўкорол чироқлари“ қиссаси (1954; қайта ишлангани — „Сўнмас чироқлар“, 1958)да меҳнат жараёнида ёшлар характеридаги ижобий фазилатлар шаклланиши тасвирланган. „Сув гадоси…“ (1962), „Ёнар дарё“ (1965) қиссаларида чўлга оби-ҳаёт келтириш, газ конини очиш учун курашаётган ёшлар образи яратилган. „Лочин қанотлари“ романида (1973) Иккинчи жаҳон уруши даври воқеалари акс этган. „Кўктерак шабадаси“ қиссаси (1968) катта ёшдагиларга бағишланган. „Кенжатой“ қиссаси, „Чиранма ғоз— ҳунаринг оз“ песаси, очерклар, ҳикоя ва мақолалар муаллифи.

Ҳаким Назирнинг ўндан ортиқ китоблари ва асарлари рус ва бошда тилларда нашр этилган бўлиб, айрим энг яхши асарлари „Пионер кутубхонаси“ тўпламининг 6-жилдида нашр этилган. У айни чоғда моҳир таржимон ҳамдир. А.Гайдар, П.Павленко, Л.Кассил, В.Катаев ва бошқаларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1981).

Манбалар

[edit | edit source]