Ўзбекистон: Етти пуштимизни куйдирма ёки бахт-саодатнинг миллати йўқми? Аралаш никоҳдаги оилалар кечинмалари

Келин қўлига узук тақаяётган куёв

Сурат манбаси, Getty Images

  • Author, Бахтиёр Турсунов
  • Role, Мустақил журналист

Байналмилал оила қуриш, турли миллат вакилларининг келин-куёв сифатида иттифоқ тузишлари бугунда совет замонидагига қараганда бошқача тушунча, урф сифатида қабул этилади. Аслида бошқа миллат нари турсин турли уруғларнинг оддий бегона қуда-андачилиги ҳам ўзбек қишлоқларида кўпинча йўл қўйиб бўлмас тушунча деб қаралган.

Албатта ёшларни оила этиб қовуштиришда ўз уруғини таниш, унга мансублик асосий унсур саналиб, буни бузишга шўро давридаги интернационализм ташвиқоти ҳам ўз таъсирини кўрсатишга заифлик қилган. Фоиз нуқтаи назаридан мазкур таркибга эга оилалар сони ўта кам сонни ташкил этган. Айни вақтда эса қариндош ҳатлаб нафақат миллатлар ўртасида, балкимда четдаги хорижий миллатлардан қиз-йигитлар билан ўзаро тақдирни боғлаш ҳоллари янгилик сифатида қулоққа кунора чалинадиган ҳодиса бўлиб қолди.

Таҳлилчилар назарида бунга дунё миқёсида мулоқотнинг кенгайиб бораётгани, жиллақурса камида миграцион ҳаракатлар кучайиши натижасида кишилар ўртасида муносабатларнинг енгиллашгани ҳам омил вазифасини ўтамоқда. Яна ҳам турмуш шароитларини, шартларини ўз тушунчаларига қараб қулайлаштириш ҳам турли миллатлардан иборат оилалар пайдо бўлишига олиб келган. Зотан севги-муҳаббат, ҳис-эҳтирослардан ҳам кўра ички қизиқувчанлик, барчаси осон кўчишига умидворлик бунга сабаблар асоси деб уқтирилади. Яна сабаблар сираси сифатида диний эътиқод, ахлоқий тамойиллар билан бирга иқтисодий жиҳатлар, масалан моддий таъминотга умидворлик ҳам турли миллатлардан иборат оила қуриш тенденциясини кучайтирган.

Бахт излаб

Сурхондарё вилояти Ўзбекистон жанубида уч давлат билан чегарадош ҳудудда жойлашган. Айни ҳудуд ичкарисида ҳам айнан шу давлатларда тегишли миллатлар ҳам ўтроқ яшашади. Йиллар давомида улар ўз анъаналарини, тилларини сақлаб, айнан уйлантириш, турмушга бериш масаласида ўзгаларга камроқ бағирларини очишган. Бироқ авваллари баъзида учраган маиший аъмоллар ҳозирда у қадар фавқулодда ҳол ёки ажабланарли ноанъанавийлик саналмай қўйган.

“Ҳозирги вақтда тожик, туркман, ўзбеклардан аралаш оилалар сони кўпайган. Яъни, қиз узатишда ота-онанинг раъйини унинг миллати қайтара олмайди. Ўзаро тушуниш, масалани силлиқ ҳал этишга уриниш буни оддий воқеага айлантиряпти деб ҳисоблайман. Ўзим ҳам бундан 13 йил олдин тожик йигитига турмушга чиқдим, у менинг синфдошим бўлиб, ўртадаги муҳаббат бунга олиб келди. Тожик оиласига келин бўлиб тушганимга афсусланмайман. Алоҳида диққат қаратиладиган талаб - хушмуомалалик. Яъни, тил ширин бўлса барча муаммоларни енгиш мумкин. Улардаги менга жуда маъқул жиҳати кек сақлашмайди. Бугунига мабодо аразлашиб қолсанг, эртасига буни унутиб, ярашиб кетишади. Яна ахлоққа эътибор муҳим, очиқ-сочиқ кийиниб, ўзини беибо ташлаб қўйиб бўлмайди,”- дейди 36 ёшли Салима.

Термиз туманидан туркман миллатига мансуб 45 ёшли Комила 18 йил муқаддам Шўрчи туманилик ўзбек йигитига турмушга чиққан. У ўзаро тақдир риштасининг боғланишини бир-бирларига кўнгил қўйганликка йўяди.

“Менда бошидан бегонасираш, қайнона-қайнота, эр уруғидан ётсираш бўлмаган. Чунки тил яқинлиги мавжуд. Тўғри баъзи жиҳатларда фарқлилик бор. Масалан туркманларда келин тушириб келинганда ўзбеклардаги каби “Кампир ўлди” маросими йўқ. Яна “олдига чиққан она” каби тушунчалар йўқ. Туркманларда мабодо қиз уйдагилар ризолиги олмай, йигити билан “қочиб кетса”, у орадан 15-20 йил ўтса ҳам зинҳор кечирилмайди. Ўзбеклар эса 3-4 ой ўтиб бу масалани унутиб, қизларини куёвлари билан қўшиб кутиб олаверади. Бу ўринда ор-номус масаласи муҳим аҳамиятга эга деб кўрилади.Умуман эса анъанаси яқин миллат вакилларининг биргаликда рўзғори унчалик тушунмовчилик келтириб чиқармайди. Турли миллатлар оила қураётганига кўпинча ҳозирги муаммоларга тўла залворли даврни бир қадар енгилроқ кечириш деб қаралиши мақсадга мувофиқ деб ўйлайман,” - дейди Комила.

Яна бир суҳбатдошимиз 28 ёшли Рўзихол эса туркман йигитига турмушга чиққан.

“Мен севги туфайли ушбу қадамни қўйдим ва бундан афсусланмайман. Чунки азалдан бирга яшаган қардошлар билан оила бўлиш ўнғайсизлик туғдирмайди, лекин қизларимиз афғон ёки бошқа ажнабий миллатдагиларга эрга тегишса бу қулоққа ёқимсиз эшитилади, шахсан ўзим бу фактни ҳазм қилолмайман,”- дейди Рўзихол.

Ўзбекистонлик куёв украиналик келин билан

Сурат манбаси, Оилавий архивдан

Сурат тагсўзи, Украиналик Марина ўзбекистонлик Жонибек билан оила қуришди

Мурод-мақсадга етилдими?

Келин қўлига узук тақаяётган куёв

Сурат манбаси, Getty Images

Термиз шаҳридан рус миллатига мансуб 34 ёшли Марина ўзбек йигитига турмушга чиққанда бошидан қайнонаси билан ихтилоф юзага келди.

“Бу миллат билан боғлиқ эмасди. Чунки ёмон қайнона ҳар бир миллатда бор, келинни қулдек, хизматкордек кўриб, унга бўйсундириш муносабатида бўлиш бу ёмон тарбия, тушунча билан боғлиқ. Бу миллат ўзлигини англатмайди. Мен ҳам шу зиддиятни ичида яшадим. Қайнонам эрим кенжа фарзанд бўлгани учун биздан ортиқча эътибор талаб қиларди. Масалан унга кунора гўшт ёки бошқа тансиқ нарса олиб келишимиз шарт эди. Ҳатто фарзандларим учун арзимаган ширинликни олиб бериш учун ҳам ундан рухсат сўрашимиз лозим эди. Ахийри бундай тартибга чидолмай, икки фарзандимни олиб онамнинг уйига қайтдим. Қайнонам болаларимни у қадар бошқа невараларидан кўра ёқтирмасди, тўнғич қизимни “ўрис-кукуруз” деб турткиларди. Эримни онаси овсинимга ўхшаш бойроқ қизга уйланишга қанчалар ундамасин, у буни ҳоҳламади. Бизникига келиб турди. Ўртада кенжа қизим туғилди. Ҳозир ёши иккидан ошган. Катта қизим 11 ёшда, улар дадасини севишади, лекин бирга яшай олмаяпмиз,”- дейди Марина.

Бу аёл турмуш ўртоғи оиласида унга номуносиб муносабатни миллати бошқа бўлгани билан боғлашда кўрмайди.

“Биз давлат қайдисиз, никоҳ ўқиттириб турмуш қурганмиз. Эрим Ислом динига киришимни талаб қилди ва мен буни бажардим. Аммо қайнона-келин муносабати бахтимга ғов бўлди. Қайнонам оғир касалликка учраб икки йил олдин вафот этди. Ҳатто тўшакда ётганида ҳам эрим орқали ўзим тайёрлаган егуликлар юбориб кек сақламай ундан хабар олдим. Вафот этган куни кийимларини ювишга ҳатто туғишган қизлари ҳам тортинишганда ҳовлининг ўртасида совуқ ҳавода битталаб ювдим. Шунда бошқа қариндошлари ёнимга яқинлашиб, ”Сиз қайнонангиз таъриф бергандагидек ёмон эмас экансиз,” дейишди. Муҳими Парвардигорнинг олдида юзим ёруғ. Муҳими шу.”- дейди Марина.

Марина ҳозирда эри билан фарзандларини бирга катта қилишда, у билан яна умргузаронлик кечиришда бир неча қатъий сабаблар тўсиқ бўлаётганини айтади.

“Бошимиздан ўтган можаролар эрим ва мени шу қадар чарчатганки, қайнонам вафотидан сўнг ҳам муносабатларимиз тузук- қуруқ шаклга келмаган. Чунки етарлича руҳий дарз етказиб бўлинган. Мен уни бошқа турмуш қуришига қарши эмасман. Бироқ у рус аёлларини ёқтиришини айтади. "Сен бетга шартта айтасан, юзга тик қарайсан, улар эса орқаворотдан иш қилади,” дейди у. Мени унинг ота, эр сифатида масъулияти йўқлиги ранжитади. Тўғри, у диндор, мачитга намозларга қатнайди, аммо динни ҳам ўзига мослаштирган, яъни унинг ўзига қулай томонларини бажонидил қўллайди. "Кредит олиб ҳамма қатори бирор иш қилайлик", десам, "қарз ҳаром", дейди. Болаларимни туғилган кунларини ўтказишни ҳам динга қарши бориш дея ҳисоблайди, совға бериш ҳам шу куни мумкинмас эмиш. Шу каби инжиқликлар ҳам у билан ҳозирча яқинлашувдан чекинтирмаган, бироқ бундай такасалтанглик мени чуқур қайғуга солади, истиқболни ҳозирча ижобий кўрмайман,”- дейди Марина.

Қудачилик минг йилчилик эдими?

Келин-куёв

Сурат манбаси, Getty Images

Шерободлик 65 ёшли Махфират опа ўғлига тожик миллатидан келин қилган. Лекин орадан беш йилдан ортиқ муддат ичидаги ҳаёт уни бундай қадамдан афсуслантирмоқда.

“Барибир бошқа миллат билан келишиб бир хонадонда яшаш мушкул экан. Оддий урф-одатларни бажаришда ҳам фарқлилик мавжуд. Келинимнинг уруғида бунга фалон пул сарфланаркан. Масалан болага бобосининг исмини қўйсангиз, буни дабдабали тўй қилиб, эл олдидан ўтишингиз керак. Яна жўн нарсани ҳал қилиш учун ҳам жанжал-суронга, шовқинга йўл қўйилиши мумкин, босиқлик билан масалани ҳал этиш қийин. Шунга бундан чуқур афсусдаман,” - дейди Махфират опа. Унинг назарида миллий муштарак кишилар ҳаётига қайсидир анъанаси, фикри-хаёли ёт кишиларни жалб этиш туб жиҳатдан аслида ноқулайлик уйғотади.

“Бундай олиб қараганда ўзбек миллати ўтган асрнинг 20 йилларидан турли уруғлардан алоҳида миллат сифатида ҳозирга қадар шакллантириб келинган. Шунинг учун ҳам турли вилоятлар ёки республикалар бўладими, ўзбек миллатига мансублар билан оилавий муносабат қуриш, қуда-анда бўлиш осон, аммо қолганлар билан ўзига хос мураккаблиги мавжуд экан. Шунинг учун ўзбек ўзбек билан ришта боғлагани маъқул”- дейди Махфират опа.

Ҳозирда етмиш ёшни қаршилаган, ўтмишда маиший хизмат соҳасида фаолият юритган Малика опада интернациаллик тушунчаси доим унда носамимийлик ҳиссини уйғотганини айтади.

“Буни ғайритабиийликка йўйишдан ташқари унинг реалликка қуйилиб, қонуний ва мувозанатли маром топиб кетишига ишончсиз бўлганман. Шундай оилаларни учратсам, масалан ўзга миллат, айниқса ғайридин билан турмуш қурганларни кўрсам ўзимда ички келишмовчиликка, руҳий бузилишга ўхшаш ҳиссиётни ўзимда кечирардим. Шундай оилалар матбуотда кўп ёритиларди. Масалан бир хонадонда турли миллатлардан иборат келинлар истиқомат қилишади, гўёки улар шод-иноқ, бахтиёр, аслида эса бу менга нобоб олиб борилаётган илмий экспериментдек туюлган. Улардан туғилаётган фарзандлар ҳам алланечук гибрид ҳосиладек таассуротни уйғотган. Бундай турмушларга боқиб, “ишқилиб, охири бахайр бўлсин” деган мулоҳаза уйғонади. Афсуски ўз борлиғида шундай байналмилалликни устун билган тузум парокандаликка учради. Эндиги замонда эса бошқа қонларга уйқаш муносабатларнинг янги кўлами майдонга чиқди,” - дея ўз фикрлари билан бўлишади Малика опа.

“Қони қонига қўшилмайди” деган тушунчалар қанчалар ғов ва кескин раддия тарзида янграмасин, қаршиликлар билдирилиб, тўсиқлар қўйилмасин барибир ўзга миллатларнинг биргаликда қисмат боғлаши учраган.

“Ҳозирги манзарада бу давлат тарафидан тиқиштирилаётган ғоя ёки кўрсатма эмас, биргина тиббиёт ходимларининг ирсий масалада кенг мазмундаги уқтиришлари ҳам зурёд соғломлиги учун шундай оилаларни ҳозирги шаклида пайдо бўлишига замин яратаётган бўлиши мумкин. Ҳиссий ҳоҳишларнинг йўлини тўсиш мушкул. Буни табиатнинг маълум даражадаги қонуни деб қабул қилиш балким ўринлидир. Бироқ бахт тушунчасини ёлғондакам кўрсатиб бўлмайди. Бу барибир охирида ростакам манзарасини намоён этади. Гап ана ўша ҳақиқатнинг қай тарзда бўй кўрсатишида,” - дейди Малика опа.

Мазкур суҳбатдош интернационализмга рўйхуш бўлмаслик миллатчилик деб малакаланмаслиги тарафдори.

”Чунки зўраки тажриба бутун бир тақдирлар билан аччиқ ўйнашиш бўлиб қолмаслиги зарур. Айниқса унинг ортида маълум халқларнинг илдизи, истиқболи, қисмати ҳам ётибди.” - дейди у.

Муҳими - хонадондаги иқлим

Ҳозирдаги замонавий турмушга кўпроқ ҳис-эҳтирослар жавоб учун изоҳ этиб, бунга шу мазмунда оғиз жуфтлангани билан бу борадаги масалалар прагматик ниятларга бориб тақалади. Айнан турли миллатлар ўртасидаги оилавий иттифоқ қурилишига моддий манфаатдорлик сабаб бўлиши мумкин. Журналист Майягўзал Чориеванинг наздида ўзига жуфт танлашда кишилар ақлан ёндашувга мойилдирлар.

“Ҳозирда бошқа диндаги аёллар мусулмон динидаги маҳаллий йигитлар билан бахтини синаётганини кузатамиз. Чунки улар ичмайдиган, чекмайдиган, оиласи, бола-чақаси учун қайғурадиган эркакларни ўзларининг миллатига мансуб гўё ахлоқий меъёрлардан ташқарига чиққан, бошбошдоқ эркаклардан кўра афзал деб биладилар. Биздаги қизлар эса моддий устунликни асосий мақсад кўриб, бадавлат ўзга миллатдагиларга турмушга чиқаётгани ҳолларга ҳам гувоҳ бўляпмиз,”- дейди М.Чориева.

Суҳбатдошларимиз миллий жиҳат уларнинг турмушида асосий ўрин тутмагани, балки-да илк ойлардан ҳатто бу уларнинг хаёлидан кўтарилганини таъкидлашди. Асосийси мувозанат ўқини топиб, мўътадил оилавий иқлимни яратишга дуо қилиниб, бунга бор маҳорат ишга солинади.

Айни вақтда эса мамлакат ичидан ташқари бошқа юртлардан хорижликлар билан маиший муносабат ташкил этаётганлар ҳақидаги хабарлар ҳам диққат марказига чиққан.

Шу кунларда оммавий ўзбек сериалида ҳабаш йигитга кўнгил қўйган ўзбек қизи можароси, бунга қариндошларининг кескин қаршилиги тасвирланмоқда.

“Етти пуштимизни куйдирма”. “Унинг ирқи бошқа. Ота-бобомиз бундан гўрида тикка туради”, деган дашномлар билдирилади ушбу фильмда. Маълум жиҳатдан қизғин тортишувга сабабчи ушбу унсурлар жамиятда мутлақо янгича кўринишлар пайдо бўлаётганига ҳам диққат қаратади.

“Бу аслида кино, унда ота-онаси ҳам кескин қаршилик билдиришяпти. Ҳаётда эса буни фикр сифатида қабул этиб, умуман бунга реал йўл қўйиш мумкин эмас,” - дея бу борада ўз мулоҳазасини билдирди маҳаллий ўзга миллатга турмушга чиққан келинлардан бири.

Телеграм каналимиз: