Об-ҳаво
Об-ҳаво — бирор жой ёки ҳудуд атмосферасидаги метеорологик элементларнинг узулуксиз ўзгаришлари мажмуи, атмосферанинг муайян табиий жараёнларга боғлиқҳолати. Бу жараёнлар атмосферада Қуёш энергияси оқими ва Ер юзасининг ўзаро таъсиридаги физик жараёнлар натижасида содир бўлади. Одатда, Об-ҳово. деганда Ер юзасидаги об-ҳаво тушунилади. Бироқ авиация, халқ хўжалиги фаолияти ривожланиши билан эркин атмосфера об-ҳавоси тушунчаси ҳам тобора кенгайиб бормокда. Инсон фаолиятининг барча жабҳалари об-ҳаво билан узвий боғлиқ. Об-ҳаво тўхтовсиз ўзгариб туради. Маълум жойнинг аниқ бир вақтдаги об-ҳавоси метеорологик элементлар (температура, ҳаво намлиги, булут, ёғин миқдори, шамол тезлиги ва йўналиши, қор бўрони, момақалдироқ, туман ва ҳоказо) билан тавсифланади. Об-ҳавода Ернинг ўз ўқи атрофидаги ҳаракатига боғлиқ бўлган даврий ўзгариш, шунингдек, асосан, ҳаво оқимларининг алмашинишига боғлиқ бўлган нодаврий кескин ўзгаришлар содир бўлиб туради. Атмосферадаги ҳавонинг горизонтал ҳаракати вертикал ҳаракатидан бир неча марта катта бўлишига қарамай, об-ҳавонинг ўзгаришида горизонтал ҳаракат билан бир вақтда вертикал ҳаракат ҳам катта рол ўйнайди: булутларнинг ҳосил бўлиши ва ёғин-сочин миқдори, дўл ҳосил бўлиши, асосан, ҳавонинг вертикал ҳаракатига боғлиқ. Халқ хўжалигининг қарийб ҳамма тармоқларини об-ҳавонинг келгусидаги ҳолати қизиқтиради.
ÕРТА ОСИЙО ҳудудида йилнинг совуқ даврида мўътадил кенгликлардаги ҳаво фронтларининг Ғарбий тармоғидаги сиклоник фаолияти ривожланади, бу эса об-ҳавонинг илиқтипини вужудга келтиради. Арктикадан чиқадиган (совуқ типидаги об-ҳаво) совуқ ҳаво массаларининг бостириб кириши тез-тез такрорланиб туради. Арктикадан келадиган совуқ ҳаво массалари кўпинча ҳароратнинг анча пасайиб кетишига сабаб бўлади, жан. раёнларда қор қоплами бўлмасада, совуқ —30, —35° га етади. Бу эса тупроқнинг музлашига ва экинларни совуқуриб нобуд бўлишига олиб келади, баҳор охирларида совуқ ҳаво оқимининг бостириб келиши натижасида ҳарорат кескин пасайиб, ернинг устки қатлами музлайди, бу эса униб чиққан экин ниҳоллари ва гуллаётган мевали дарахтлар учун жуда хавфлидир. Ёғинларнинг энг кўп қисми баҳор (март-апрел) да ёғади.
Йилнинг иссиқ даврида Ўрта Осиё ҳудуди ҳаво қаттиқ исиб ва қуриб кетадиган, континентал тропик ҳаво шаклланувчи марказ ҳисобланади. Чекка жанубий раёнларда кундузги максимал температура 45—50° гача етади, ҳавонинг нисбий намлиги 5% бўлди. Об-ҳавонинг очиқ, қуруқ ва иссиқ келиши қумли тупроқларнинг қуриб кетишига ва шамолда кўп миқдордаги қизиган чанглар ҳавога кўтирилиб, ҳароратнинг янада ортишига сабаб бўлади. Копетдоғ тоғ олди раёнларида ва Ғарбий Тяншанда тез-тез жануб томондан экинларни нобуд қилувчи қуруқ иссиқ шамол гармсел эсади; Амударёнинг юқори қисмида совуқ ҳаво массасининг Турон пасттекислиги чегарасига бостириб киришидан олдин, жануби-ғарбий томондан маҳаллий афғон шамоли эсади. Ҳавонинг нисбий намлиги паст бўлганда юқори ҳароратнинг бевосита таъсири натижасида экинлар сўлийди ва қовжирайди. Суғориладиган майдонларда температура юқори бўлган (38—40° дан ошмаган) даврда экинларнинг ривожланиши учун қулай шароит вужудга келади. Атмосфера ҳодисаларини замонавий асбоб-ускуналар (Ер сунъий йўлдошлари, ҳисоблаш машиналари, ракеталар, радиозондлар, самолётлар ва ҳоказо) ёрдамида ўрганиш, унинг келажак ривожини аниклайдиган усулларнинг такомиллашишига олиб келмокда.
Манбалар
[edit | edit source]Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |