Jump to content

Горилла

From Vikipediya

Горилла (Горилла) – понгидлар оиласига мансуб одамсимон маймун, эркагининг бўйи 1,8–2,0 м, яғринининг кенглиги 1 м га яқин, оғирлиги 200– 250 кг ва ундан кўпроқ. Урғочиси эркагидан деярли 2 баравар кичикроқ. Гавдаси йўғон, бурни кенг, бўйни қисқа, яғриндор, мускуллари яхши ривожланган, кучли ҳайвон. Жуни ва териси қора, орқа оёқлари олдингиларига нисбатан калта. Боши катта, пешонаси паст, юзи олдинга туртиб чиққан, жағлари оғир, тишлари йирик. Кўзи ва қулоқлари унча катта эмас. Ғарбий ва марказий Африканинг қалин, ўтиб бўлмас экваториал ўрмонларида кичикроқ тўда бўлиб яшайди. Тўда бошида эркак йўлбошчиси туради. Фақат ўсимлик билан озиқданади. Тунаш учун дарахт остига ёки ердан унча баланд бўлмаган жойда уя қуради. Эркаклари 6–7 ёшда жинсий вояга етади. 3–5 йилда битта бола туғади. Эгизак ёки албинослар туғилиши ҳам маълум. Тутқинликда ҳам кўпаяди. Яшаш жойининг бузилиши (ўрмонларнинг кесилиб, ҳайдалиши) ва браконерлик туфайли сони тобора камайиб бормоқда. Гориллани муҳофаза қилиш мақсадида 7 та миллий боғ ташкил этилган. Горилла Халқаро Қизил китобга киритилган.

Адабиётлар

[edit | edit source]
  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил