Антон Чехов
Антон Чехов | |
---|---|
Таваллуди | 17 (29) январ 1860[1][2] |
Вафоти | 15-июл 1904[1][2] |
Ижод қилган тиллари | Рус тили[3] |
Фуқаролиги | Россия Империяси[4] |
Антон Павлович Чехов (русча: Анто́н Па́влович Че́хов; 1860.17 (29).1, Таганрог 1904.2 (15). 7, Баденвейлер, Германия; Москвада дафн этилган) — рус ёзувчиси. Москва университетининг тиббиёт факултетини тугатган (1884), шифокор бўлиб ишлаган. 1892—98 йилларда Москва яқинидаги Мелихово қишлоғи (ҳозирги Чехов шаҳри)да яшаб, маҳаллий деҳқонларга тиббий ёрдам кўрсатган, уларнинг болалари учун мактаблар очган. Сил касали билан оғриб, 1898-йил Ялтага кўчган. Саломатлиги ёмонлашгач, 1904-йил июнида Баденвейлер (Германия)га борган ва у ерда вафот этган.
Ч. 80-йилларнинг 2-ярмида театр учун „Иванов“ (1887—89), „Алвасти“ (1889, кейинчалик „Ваня амаки“ номи билан қайта ишланган) песалари, „Тўй“ (1889) бир пардали песаси, шунингдек, „Тамакининг зарари ҳақида“ (1886), „Айиқ“ (1888), „Юбилей“ (1891—92) сингари водевиллар ёзган. 90-йилларда Сахалинга саёҳатга бориб, каторга ва сургун қилинган кишиларнинг фожиали турмуши билан танишган. Ушбу саёҳат хотиралари „6палата“ (1892) қиссаси ва „Сахалин ороли“ (1893—94) китобида ўз аксини топган.
90-йиллар охирига бориб, Чеховнинг драматурглик маҳорати юксак чўққига эришди. „Чайка“, „Ваня амаки“ (1896), „Уч опа-сингил“ (1900—01), „Олчазор“ (1903—04) песаларининг 1898-йил Москва Бадиий театрида саҳналаштирилиши Чехов ижодида янги давр бошланганидан дарак берди.
Чехов ижоди 3 даврдан иборат: 1) 80-йилларнинг ўрталарига қадар бўлган давр; 2) 80-йилларнинг ўрталаридан 90-йилларнинг бошларига қадар бўлган давр; 3) 90-йилларнинг бошларидан ёзувчи вафотига қадар бўлган давр. Чехов ижодининг дастлабки даврида турли ноширларнинг диди ва буюртмаси билан асосан ҳазил мутойибадан иборат асарлар ёзган бўлса-да, шу даврдаёқ ёзувчи ижодининг асосий мавзулари (инсон ва амал, гўзаллик ва разолат, ҳаётнинг серҳашам ва ғарб томонлари ва бошқалар) юзага чиқа бошлади. Чехов шу даврда ёзган „Семиз ва ориқ“, „Чиновникнинг ўлими“ (1893), „Буқаламун“, „Ниқоб“ (1884), „Унтер Пришибеев“ (1885) сингари ҳикояларида мавзуни кулги ёрдамида ёритиш, ҳажвий образ яратиш, воқеа ва ҳодисаларни лўнда тасвирлаш санъатини мукаммал эгаллаганини намойиш қилади.
Чехов ижодининг ИИ-даврида ёзувчининг марказий мавзуси аниқ қирралар касб этади. Қаҳрамоннинг руҳий олами ва ҳатто воқеа-ҳодисаларнинг ривожи эмас, балки ижтимоий муносабатлар ва маиший тўқнашувларнинг қаҳрамон характерига таъсири масаласи Чеховнинг диққат марказида бўлади. Бу масала, биринчи навбатда, Ч.нинг „Ғилоф бандаси“ (1898) ҳикоясида ўзининг ёрқин тажассумини топади. Бу асарда ғилоф ёлғон ва зулмга, кимнингдир айш-ишрат қилиб, кимнингдир азоб-уқубат чекиб яшашига асосланган ҳаётнинг тимсолига айланади. Чехов ижодининг шу босқичида кўзга ташланган тамойиллар 3-даврда янги бадиий куч билан ифодаланади. Чеховнинг „Болохонали уй“, „Менинг ҳаётим“ (1896) қиссалари, „Ионич“ (1898), „Лайча етаклаган хоним“ (1899) ва бошқа ҳикояларида шу даврдаги рус жамиятининг анатомияси шафкацизлик билан очиб ташланди. Бу асарларда инсоннинг локайдлиги мавзуси фақат маънавий-психологик режада эмас, балки ижтимоий йўналишда ҳам бадиий тадқиқ этилди. Ч. турли табақа ва ижтимоий қатламларга назар ташлаб, ўз қаҳрамонининг руҳий уйғониш, муҳитга қаршилик кўрсатиш, ҳаётини қайта қуриш қобилиятини мугтасил равишда текшириб туради.
Ч.нинг драматургия соҳасидаги ижоди рус театри тараққиётига катта таъсир кўрсатди. Ёзувчининг насрий асарларида ўз ифодасини топган кишилар ўртасидаги руҳий алоқаларнинг йўкдиги мавзуси унинг саҳна асарларида ҳам турли шаклда талкин этилган.
Чехов насрий ва драматургик ижоди билан жаҳон адабиёти тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатди. Ўзбек адабиётида реалистик хикоя жанрининг майдонга келиши ва Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор ҳикоянавислик ижодининг шаклланишида Ч. анъаналари ҳам муайян омил бўлиб хизмат қилган.
Чеховнинг энг яхши насрий асарлари ва песалари ўзбек тилига таржима этилган. Унинг барча машҳур песалари республикадаги ўзбек ва рус театрларида саҳналаштирилган.
Манбалар
[edit | edit source]- Танланган асарлар, 3ж.ли, Т., 1957— 58;
- Полное собрание сочинений, т. 1—30, М, 1973-83.
Адабиёт
[edit | edit source]- Бердников Г. П., Чехов, М., 1978;
- Полоцкая Э. А., А. П. Чехов и движение художественной мисли, М., 1979;
- Бялий Г. А., Чехов и русский реализм, М., 1981.
Наим Каримов.
Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |