Мухолифат

Muxolifat

Мухолифат (арабча — тескарилашиш, келишмовчилик) — расмий ҳукумат, унинг сиёсати билан келишмай бошқача сиёсий йўл тутиб, фаолият юритиш. Мухолифатнинг мавжудлиги фуқаролик жамиятининг сиёсий маданиятини белгилаб берувчи муҳим хусусият ҳисобланади. Мухолифат бўлишнинг асосий талаблари қуйидагилардир: ҳокимиятни бошқариш, ташкил этиш бўйича ўз дастурига, ўз “команда”сига, ўз фаолиятининг ғоявий, мафкуравий асосига эга бўлиш; амалдаги ҳуқуқий нормалар асосида фаолият олиб бориш; ўз дастурини мафкуравий йўллар билан кенг жамоатчиликка етказиш; ўз электорати (сайловчилар доираси)га эга бўлиш, улар манфаатини кўзлаб қонун доирасида курашиш; ҳал қилиниши керак бўлган вазифаларни ечиш учун алтернатив (муқобил) йўлларни таклиф этиб, унинг тўғрилигини амалда исботлашга ҳаракат қилиш.

Ҳозирги даврда Мухолифатнинг ривожланган шаклини Буюк Британия ва АҚШда кўриш мумкин. Мухолифат бу мамлакатларда ҳар томонлама қўллаб-қувватланади, унинг раҳбарлари расмий лавозимларга ҳам тайинланади.

Ўзбекистонда Мухолифатнинг вужудга келиши, фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар яратилди, бу асослар тобора ривожлантириб борилмоқда. Ўзбекистон Респулкаси Конституциясида “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек, ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолафатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас” (39-модда), деб ёзиб қўйилган. Чунки Мухолифатнинг бўлиши, унинг амалдаги қонун ва тартиботлар доирасида фаолият юритиши жамият ривожига катта ҳисса қўшади. Мухолифат ўзининг ғоялари, таклифлари, дастурлари билан расмий ҳукумат кўрмаган томонларга ишора қилиб туради. Бунинг натижасида расмий ҳукумат яхшироқ ишлашга, доимо изланиб, олдинга интилишга ҳаракат қилади.

Манбалар

edit